Ибн Исҳоқ: Менга Исмоил ибн Умайя Абуз Зубайрдан, у эса ибн Аббосдан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Сизларнинг биродарларингиз Уҳудда шаҳид бўлишганида, Аллоҳ уларнинг руҳларини яшил қушларнинг ичига қўйди. Улар жаннат дарёларига келиб, жаннат меваларидан ейдилар ва аршнинг соясидаги тилло қандилларга келиб қўнадилар. Шаҳидлар еб-ичадиган нарсаларининг ажойиблигини ва яшайдиган жойларининг гўзаллигини кўрганларида: «Кошки эди биродарларимиз Аллоҳ бизга қандай муомала қилганини билганларида! Жангда қатнашишдан бош тортмаган ва ўзларини урушдан олиб қочмаган бўлардилар», дейдилар. Шунда Аллоҳ таоло: «Мен уларга сизлар ҳақингизда хабар бераман», – деб ўзининг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга ушбу оятларни нозил қилди: «Aллoҳ йўлидa ўлдирилгaнлaрни aслo ўлик дeб ҳисoблaмaнг!...».
Ибн Исҳоқ: Менга Ҳорис ибн ал-Фудайл Маҳмуд ибн Лабид ал- Ансорийдан, у ибн Аббосдан ривоят қилиб айтиб беришича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шаҳидлар жаннат эшиги олдидаги ёрқин дарё олдида, яшил қубба ичидадирлар. Уларга эрталаб ва кечқурун жаннатдан ризқлари чиқариб турилади», дедилар.
Ибн Исҳоқ: Менга ишончли бир киши Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қилиб айтдики, ундан ушбу «Aллoҳ йўлидa ўлдирилгaнлaрни aслo ўлик дeб ҳисoблaмaнг! Aслидa (улaр) тирикдирлaр, Пaрвaрдигoрлaри ҳузуридa ризқлaниб турурлaр..» ояти ҳақида сўрашганида, у: «Биз ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу ҳақда сўраганимиз. У Зот бизга: «Сизларнинг биродарларингиз Уҳудда шаҳид бўлишганида, Аллоҳ уларнинг руҳларини жаннатнинг дарёларига келадиган, жаннат меваларидан ейдиган ва аршнинг соясидаги тилло қандилларга келиб қўнадиган яшил қушларнинг ичларига қўйган. Аллоҳ азза ва жалла улардан хабар олиб: «Эй бандаларим, нимани истайсизлар, мен сизга уни зиёда қилиб бераман?!» – деб сўраганида, шаҳидлар: «Эй Роббимиз! Бизга ато этганингдан ортиғи бўлмайди! Жаннат меваларидан истаганимизни еяпмиз!» – деб жавоб беришади. Кейин Аллоҳ азза ва жалла улардан хабар олиб сўрайди: «Эй бандаларим, нимани истайсизлар, мен сизга уни зиёда қилиб бераман!». Шаҳидлар: «Эй Роббимиз! Бизга ато этганингдан ортиғи бўлмайди! Жаннатдаги мевалардан қай бирини хоҳласак, еяпмиз!» – деб жавоб беришади. Сўнг Аллоҳ азза ва жалла яна улардан хабар олиб: «Эй бандаларим, нимани истайсизлар, мен сизга уни зиёда қилиб бераман!» – деб сўраганида, Шаҳидлар: «Эй Роббимиз! Бизга ато этганингдан ортиғи йўқ! Жаннатдаги мевалардан истаганимизни еяпмиз! Бироқ биз руҳларимизни жасадларимизга қайтаришингни, сўнг дунёга қайтарилишимизни ва сенинг йўлингда, то яна ўлдирилгунга қадар жанг қилишни истаймиз», деб жавоб беришади», – деганлар.
Ибн Исҳоқ: Менга баъзи биродарларимиз Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Уқайлдан ривоят қилиб айтиб берди. У деди: «Мен Жобир ибн Абдуллоҳнинг шундай деяётганини эшитганман: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Жобир! Мен сенга хушхабар берайми?!» – дедилар. Мен: «Ҳа! Эй Аллоҳнинг Пайғамбари!» – дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Отанг Уҳудда шаҳид бўлганида, Аллоҳ уни тирилтириб, унга: «Эй Абдуллоҳ ибн Амр, мен сенга нима қилишимни истайсан?!» – деб сўради. У: «Эй Роббим! Мени дунёга қайтаришингни ва сенинг йўлингда жанг қилиб, яна бир бор ўлдирилишни истайман», – деди».
Ибн Исҳоқ: Менга Амр ибн Убайд ал-Ҳасандан ривоят қилиб айтиб беришича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, бу дунёдан кетган бирор мўмин унга яна қайтишни истамайди. Гарчи унга дунё ва ундаги барча нарсалар ато этилса-да. Фақат шаҳид бундан мустасно. У дунёга қайтишни, Алоҳ йўлида жанг қилиб, яна бир бор ўлдирилишни хоҳлайди» – дедилар.