Ибн Исҳоқ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Амр ибн Умайя ад-Дамрий ўлдирган Бани Омир уруғига мансуб ўша икки кишининг хунини тўлашда ёрдам сўраб, Бани Надр қабиласи томон йўлга чиқдилар. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бани Омир ва Бани Надр қабилалари билан бир-бирини ҳимоя қилиш тўғрисида битим тузгандилар. Менга Язид ибн Румон сўзлаб беришича, Бани Надр ва Бани Омир ўртасида ҳам ўзаро келишув бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёрдам сўраб борганларида, улар: «Биз розимиз, эй Абул Қосим! Биз сизга ёрдам берамиз», – дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёлғиз қолганларида, улар бир-бирларига: «Бу кишини бундай ҳолда бошқа топа олмаймиз. Ким мана бу уйнинг томига чиқиб, унинг устига харсанг тош ташлаб, бизни ундан халос этади?» – дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг уйларидан бирининг девори остида ўтиргандилар. Ўша ишни қилиш учун улардан Амр ибн Жаҳҳош исмли киши ўрнидан турди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг устларига тош улоқтириш учун томга чиқди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир гуруҳ саҳобалари билан бирга эдилар. Улар орасида Абу Бакр, Умар ва Али розияллоҳу анҳум бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши булар қилмоқчи бўлган суиқасд ҳақида осмондан хабар келди. Шунда у Зот туриб, Мадинага қайтдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам узоқ қолиб кетганларидан кейин саҳобалар у Зотни қидиришга тушдилар. Улар Мадинадан келаётган бир кишини учратиб қолиб, ундан Пайғамбар алайҳиссалом ҳақларида сўрашди. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Мадинага кираётганларида кўрганини айтди. Шунда саҳобалар Мадинага қайтиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келишди. У Зот саҳобаларга яҳудийларнинг қандай хиёнат қилмоқчи бўлганлари ҳақида хабар бериб, уларга қарши уруш қилишга ва устларига юриш бошлашга буйруқ бердилар.
Ибн Ҳишом: Мадинага ибн Умму мактумни волий этиб қолдирдилар.
Ибн Исҳоқ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар билан йўлга чиқиб, Бани Надр қабиласи яқинига келиб тушдилар.
Ибн Ҳишом: Бу воқеа Рабиъул-аввал ойида бўлганди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни олти кун қамал қилдилар. Шу вақт мобайнида маст қилувчи ичимликни ҳаром қилувчи оят нозил бўлди.
Ибн Исҳоқ: Яҳудийлар ўзларининг қўрғонларига яшириниб ҳимояланишганди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг хурмозорларини кесиб, ёқиб юборишга буюрдилар. Шунда улар: «Эй Муҳаммад! Ахир ўзингиз вайрон қилишдан қайтарар эдингиз-ку. Бундай қилган кишини қоралар эдингиз-ку! Нега хурмоларни кестириб, уларни ёқтиряпсиз» – деб узоқдан бақиришди.
Бани Авф ибн ал-Хазраж уруғидан бўлган Аллоҳнинг душмани Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул, Вадиъа, Молик ибн Абу Қавқал, Сувайд ва Доъислардан иборат бир гуруҳ одамни Бани Надрга юбориб: «Бардам бўлинглар! Ҳимояланинглар! Биз сизни ҳаргиз ёрдамсиз қолдирмаймиз. Агар урушсангиз, биз ҳам сиз билан бирга урушамиз. Агар сизларни сургун қилишса, биз ҳам сиз билан бирга чиқиб кетамиз» – дейишди. Бироқ мунофиқлардан ёрдам келмади. Улар яҳудийларнинг ғалаба қозонишини кутишган эди. Шунда Аллоҳ яҳудийларнинг қалбларига қўрқув солди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўчириб юборишларини, уларнинг қонини тўкмасликни ва ўзлари билан қуроллардан ташқари туя кўтара оладиган миқдордаги мол-мулкларини олиб кетишга рухсат беришларини сўрашди. У Зот бунга рози бўлдилар. Улар мол-мулклари ичидан туяга юк бўладиган миқдордагисини олиб кетишди. Ҳатто улардан бир киши эшиги кесакисини олиш учун уйини бузиб, туяга юклаб олиб кетди. Улар Ҳайбарга келиб тушдилар. баъзилари Шомга кетишди.
Уларнинг Ҳайбарга кетган аслзодалари ичида: Салом ибн Абул Ҳуқайқ, Кинона ибн ар-Рабиъ ибн Абул Ҳуқайқ ва Ҳуяй ибн Ахтаб бор эди. Улар Ҳайбарга келиб тушганларида, у ернинг аҳли иззат-икром кўрсатдилар.
Ибн Исҳоқ: Менга Абдуллоҳ ибн Абу Бакр сўзлаб бердики, унга айтиб беришларича, бани надрликлар аёллар ва болалар билан бойликларини юклаб кетишди. Аёллар қўлларида доира ва сурнайлар билан, ашулачилар эса орқада куйлаб кетишарди. Улар орасида Урва ибн ал-Вард ал-Абсийнинг дугонаси Умму Амр ҳам бор эди. Уни яҳудийлар Урвадан сотиб олишганди. У Бани Ғифор уруғидан бўлиб, ўзининг ғурури ва гўзаллиги билан машҳур эди.
Яҳудийлар молларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ташлаб кетишганди. Бу моллар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига хос эди. Уни ўзлари истаган кишиларга берардилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам молларни аввалги муҳожирлар ўртасидагина тақсимладилар. Ансорлардан фақат Саҳл ибн Ҳунайф ва Абу Дужона Симок ибн Харашага бердилар. Улар ўзларининг камбағалликларини маълум қилишганди.
Бани Надрдан фақат икки кишигина Исломни қабул қилган. Улар: Каъб ибн Амр ибн Жаҳҳошнинг отаси Ёмин ибн Умайр ва Абу Саъд ибн Ваҳб эди. Улар молларини сақлаб қолиш учун Исломга киргандилар.
Ибн Исҳоқ: менга Ёмин оиласидан бир кишининг айтиб берганига кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ёминга: «Амакингнинг ўғлидан нима кўрганимни ва у менга нима қилмоқчи бўлганини биласан-а?» – деганлар. Шунда Ёмин ибн Умайр, айтишларича, бир кишини ёллаб Амр ибн Жаҳҳошни ўлдиртирган экан.