16 Рамазон 1446
Ҳуяй ибн Ахтабнинг Каъб ибн Асадни иғво қилиши

Аллоҳнинг душмани Хуяй ибн Ахтаб ан-Ннадрий йўлга чиқиб, Бани Қурайза номидан битим тузган Каъб ибн Асад ал-Қуразийнинг олдига келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бани Қурайза билан тинчлик аҳдлашуви ва битимини тузган эдилар. Каъб Ҳуяй ибн Ахтабнинг келганини эшитиб, қўрғонининг эшигини беркитиб қўйди. У ки­ришга изн сўради. Каъб эшикни очишдан бош тортди. Шунда ибн Ахтаб: «Ҳолингга вой бўлсин, эй Каъб! Оч эшикни», – деди. Каъб: «Шўринг қурғур, Ҳуяй! Сен бахтсизлик келтирадиган кишисан. Мен Муҳаммад билан битим тузганман. У билан орамиздаги нарса­ни бузмайман. Мен ундан фақат вафо ва садоқат кўрдим!» – деди. Ҳуяй: «Эй шўри қуриган! Эшикни оч, гаплашиб олайлик», – деди. У: «Ундай қилмайман», – деди. Шунда Ҳуяй: «Аллоҳга қасамки, сен билан бирга овқатингдан емаслигим учун эшикни беркитиб олдинг-а!» – деди. Бу гап Каъбни ғазаблантирди ва  эшикни очди. Ҳуяй: «Ҳолингга вой бўлгур, эй Каъб! Мен сенинг олдингга хуш­хабар олиб, улкан денгиз билан келдим. Олдинга Қурайшнинг сар­дорлари, ҳукмдорларини олиб келиб, уларни Румадаги сувлар бир­лашадиган жойга жойлаштирдим. Ғатафонни ҳукмдор ва сардор­лари билан бошлаб келиб, Уҳуд ёнбағридаги «Занбу нақмо»га жойлаштирдим. Улар Муҳаммад ва у билан бўлганларни бутунлай йўқ қилмагунча кетмасликка мен билан аҳдлашдилар», – деди. Каъб: «Аллоҳга қасамки, сен менинг олдимга нохуш хабар билан, чақмоғи бор, яшини бор, аммо сувини тўкиб бўлган булутлар билан келибсан. Ҳолингга вой сенинг, эй Ҳуяй! Мени тинч қўй. Мен Муҳаммаддан садоқат ва вафодан бошқа нарса кўрмадим», – деди. Ҳуяй Каъб­ни ўз измига солишга узоқ ҳаракат қилди ва уни бир шарт асосида кўндирди. Унга кўра Ҳуяй Каъбга сўз берди ва Аллоҳ номи билан қасам ичиб: «Агар Қурайш ва Ғатафон Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳеч нарса қилмай қайтиб кетса ҳам, сенинг қўрғонингга кираман, сенга нима бўлса, менга ҳам шу бўлади», – деди. Шундай қилиб, Каъб ибн Асад ўз мажбуриятини бузди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан орасида тузилган шартномадан бош тортди.

Бу хабар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мусулмонларга етиб келганида, У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Авснинг саййиди бўлган Саъд ибн Муоз ибн Нўъмонни, Бани Соъида ибн Каъб ибн ал-Хазраж қавмидан бўлган Хазражнинг саййиди Саъд ибн Убода ибн Дулаймни, Бани Ҳориса уруғидан бўлган Абдуллоҳ ибн Равоҳани ва Бани Амр ибн Авф  уруғидан бўлган Хав­вот ибн Жубайрни юбориб: «Боринглар, бизга бу қавм ҳақида етиб келган хабарнинг рост ёки ёлғонлигини билиб келинглар. Агар рост бўлса, менга уни бошқача маънода айтинглар, ўзим англаб оламан, одамларнинг руҳини туширманглар. Агар орамизда тузилган битим­га содиқ бўлсалар, буни одамларга баланд овозда етказинглар», – де­дилар. Улар йўлга чиқиб, яҳудийларнинг олдига келишди ва вазият уларга етиб келганидан кўра ёмонроқ эканини кўришди. Яҳудийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ҳақоратли гапларни айтиб: «Ким у Расулуллоҳ?! Биз билан Муҳаммаднинг ўртасида на аҳдлашув бор, на битим», – дейишди. Шунда Саъд ибн Муоз уларни сўкди ва улар ҳам уни сўкишди. Саъд қизиққон киши эди. Саъд ибн Убода: «Улар билан сўкишишни бас қил. Биз билан улар орасида бундан-да каттароқ нар­са бор», – деди. Сўнг Саъд ибн Муоз, Саъд ибн Убода ва улар билан бирга бўлганлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хузурларига келишди, Салом бериб: «Удал ва ал-Қора», – дейишди. Яъни ар-Ражиъ воқеасида Удал ва ал-Қора уруғларининг Ҳубайб ва унинг биродарларига қилган хиёнатига ўхшаш иш бўлди, демоқчи бўлишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ улуғдир! Эй мусулмонлар, хурсанд бўлинг», – деди­лар.

Вазият ёмонлашиб, қўрқув кучайди. Душман мўминларнинг ҳар тарафидан ёпирилиб келарди, улар ҳар хил фикрларга бора бошлаш­ди. Баъзи мунофиқларнинг нифоқи фош бўлди. Бани Амр ибн Авф  уруғидан бўлган Муаттаб ибн Қушайр: «Муҳаммад бизга Кисро ва Қайсарнинг хазиналарини қўлга киритишимизни ваъда берар эди. Бугун эса ҳеч биримиз хотиржам ҳожатга бориб кела олмаяпмиз», – деди.

Ибн Ҳишом: Менга илм аҳлидан бўлган ишончли бир киши Муат­тиб ибн Қушайрнинг мунофиқ бўлмагани айтиб, буни исботлаш учун унинг Бадрда қатнашганини ҳужжат қилиб келтирди.

Ибн Исҳоқ: Бани Ҳориса ибн Ҳориса уруғидан бўлган Авс ибн Қайзий: «Эй Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам, бизнинг уйларимиз душман тарафида қолди (у ўзининг қавмдошлари ҳақида гапираётганди). Бизга рухсат беринг, уйларимизга қайтайлик. Улар Мадинанинг ташқарисида», – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мушриклар йигирма кун­дан ортиқ, бир ойга яқин муддат бир-бирларига қарама-қарши ту­ришди. Улар ўртасида ҳеч қандай жанг бўлмади. Фақат камондан ўқ узилди ва душман қуршаб турди.

23:11 / 26.06.2020
Аввалги мақола
Кейинги мақола
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31.10.2024 Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22.10.2024 Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02.10.2024 Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...