Аббос ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан баъзи кишилар у Зотни кутиб ўтирар эдилар. У Зот чиқиб, уларга яқинлашганларида ўзаро эслашиб, баъзилари: «Қаранг-а, Аллоҳ азза ва жалла Ўз халқидан Иброҳимни халил қилиб олган-а!» деганини; бошқаси: «Мусонинг гапидан ажойиброқ нарса борми? Унга Роббиси ўзига хос гапирган-а!» деяётганини; яна бири: «Ийсо Аллоҳнинг калимаси ва руҳидир!» деганини; яна бошқа бири: «Одамни Аллоҳ саралаб олгандир!» деганини эшитдилар. Шунда у Зот уларнинг олдига келиб салом бердилар ва: «Батаҳқиқ, гапингизни ва қойил қолаётганингизни эшитдим. Албатта, Иброҳим Халилуллоҳдир. Ҳа, у Зот шундоқдир. Мусо Нажиюллоҳдир. Ҳа, у Зот шундоқдир. Ийсо Руҳуллоҳдир ва Унинг калимасидир. Ҳа, у Зот шундоқдир. Одамни Аллоҳ саралаб олгандир. Ҳа, у Зот шундоқдир. Огоҳ бўлинглар! Фахр эмас-ку, мен Ҳабибуллоҳман! Фахр эмас-ку, мен қиёмат куни ҳамд байроғини кўтарувчиман! Мен биринчи шафоат сўровчиман! Фахр эмас-ку, мен қиёмат куни биринчи шафоат қилинувчиман! Фахр эмас-ку, мен жаннатнинг ҳалқаларини биринчи ҳаракатга солувчиман. Бас, Аллоҳ менинг учун уни очур ҳамда мени ва мен билан умматимнинг фақирларини унга киритур. Фахр эмас-ку, мен аввалгилару охиргиларнинг энг мукаррамиман!» дедилар».
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда энг улуғ пайғамбарларнинг ва уларнинг афзали бўлмиш Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига хос афзалликлари ҳақида сўз кетмоқда. Аллоҳ таоло Ўзи юборган пайғамбарларнинг баъзиларига ўзига хос афзалликларни ҳам ато қилган. Бу ҳақиқатни аввалги динларга эргашувчилар ҳам яхши билишар эди. Шунингдек, бу маънода саҳобаи киромларда ҳам маълумот пайдо бўлган эди. Улардан бирлари— Аббос ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳу мазкур мавзудаги суҳбатлардан бирини ривоят қилиб бермоқдалар. «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан баъзи кишилар у Зотни кутиб ўтирар эдилар». Одатда, бундоқ кутиш Масжиди Набавияда бўлар эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳужраи саодатда бўлганларида суҳбатларига муштоқ саҳобийлар масжидга тўпланишиб, у Зотнинг чиқишларини кутиб ўтиришар эди. Бу сафар ҳам худди ана ўшандай кутишлардан бири бўлаётган эди. «У Зот чиқиб, уларга яқинлашганларида ўзаро эслашиб, баъзилари: «Қаранг-а, Аллоҳ азза ва жалла Ўз халқидан Иброҳимни халил қилиб олган-а!» деганини; бошқаси: «Мусонинг гапидан ажойиброқ нарса борми, Унга Роббиси ўзига хос гапирган-а», деяётганини; яна бири: «Ийсо Аллоҳнинг калимаси ва руҳидир», деганини; яна бошқа бири: «Одамни Аллоҳ саралаб олгандир», деганини эшитдилар». Яъни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳужраи саодатдан чиқиб саҳобаи киромлар ўтирган жойга келгунларича уларнинг суҳбатларига қулоқ осдилар. Уларнинг гаплари, асосан, ўтган пайғамбарлардан Иброҳим, Мусо, Ийсо ва Одам алайҳимуссаломга Аллоҳ таоло томонидан берилган ўзига хос фазилатлар ҳақида кетар эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам улар ўтирган жойга етиб келдилар. «Шунда у Зот уларнинг олдига келиб салом бердилар». Демак, суҳбатлашиб ўтирган кишилар олдига келган шахс уларга салом бериши керак экан. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша одобга амал қилдилар. Кейин эса саҳобаи киромларга қуйидагиларни айтдилар: «Батаҳқиқ, гапингизни ва қойил қолаётганингизни эшитдим». Яъни олдингизга келаётиб йўлда сизлар гапираётган гапларни эшитдим, баъзи пайғамбарларга Аллоҳ таоло томонидан берилган фазлларга ҳавас қилиб, қойил қолиб гапирганингизни тингладим, дедилар. «Албатта, Иброҳим Халилуллоҳдир. Ҳа, у Зот шундоқдир». «Халил» сўзини таржима қиладиган бўлсак, орасидан қил ҳам ўтмайдиган дўст маъноси чиқади. Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломни ўшандоқ дўст тутган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Яхшилик қилувчи бўлган ҳолида юзини Аллоҳга таслим қилган ва Иброҳимнинг тўғри динига эргашган кимсанинг динидан ҳам яхшироқ дин борми? Ва Аллоҳ Иброҳимни дўст тутган эди», деган. «Мусо Нажиюллоҳдир. Ҳа, у Зот шундоқдир». Нажий дегани, муножот қилувчи — сир гаплашувчи дегани. Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом билан ўзига хос муножот қилгани маълум. У Зотнинг Ўзи Қуръони каримда: «Ва Биз сенга бундан олдин қиссаларини айтиб берган ва қиссаларини айтиб бермаган Пайғамбарларни юбордик. Ва Аллоҳ Мусо ила ўзига хос гаплашди», деган. «Ийсо Руҳуллоҳдир ва Унинг калимасидир. Ҳа, у Зот шундоқдир». Ийсо алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг амри ила Жаброил алайҳиссалом Биби Марямнинг ёқаларидан руҳ пуфлаганларида халқ қилинганлари учун «Руҳуллоҳ» деган номни олганлар. Аллоҳ таолонинг «Бўл!» деган калимаси ила пайдо бўлганлари учун «Калиматуллоҳ» номини олганлар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бу ҳақда: «Фаржини пок сақлаган аёлни эсла. Биз унга Ўз руҳимиздан пуфладик. Уни ва унинг ўғлини оламларга оят-белги қилдик», деган. Ушбу ояти каримадаги «фаржини пок сақлаган аёл» Биби Марям, «унинг ўғли» Марямнинг ўғли -- Ийсо алайҳиссаломдир. «Биз унга Ўз руҳимиздан пуфладик»дан мурод, Аллоҳ таолонинг амри ила Жаброил алайҳиссаломнинг Биби Марямнинг ёқаларидан пуфлаганлари ва у киши Ийсо алайҳиссаломга ҳомиладор бўлганларидир. «Одамни Аллоҳ саралаб олгандир. Ҳа, у Зот шундоқдир». Одам алайҳиссалом «Сафиюллоҳ» деб аталади. Бу сўзнинг маъноси, Аллоҳнинг саралаб олгани деганидир. Бу ҳақда ҳам Қуръони каримда оят бор. Аллоҳ таоло: «Албатта, Аллоҳ Одамни, Нуҳни, Оли Иброҳимни, Оли Имронни оламлар устидан танлаб олди», деган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур улуғ пайғамбарларнинг фазилатларини тасдиқлаб бўлганларидан кейин саҳобаларига мурожаат қилиб, яна қуйидагиларни айтдилар: «Огоҳ бўлинглар! Фахр эмас-ку, мен Ҳабибуллоҳман!» Яъни Аллоҳнинг маҳбубиман. Албатта, бу сифат улуғ фазилатдир. Бундоқ мақомга пайғамбарлардан ҳеч кимлари сазовор бўлмаганлар. «Фахр эмас-ку, мен қиёмат куни ҳамд байроғини кўтарувчиман!» Бу мақом ҳам ҳеч бир кимсага насиб қилмаган мақом. «Мен биринчи шафоат сўровчиман!» Бу мақомдан ортиқ қандоқ фазилат бўлиши мумкин?! «Фахр эмас-ку, Мен қиёмат куни биринчи шафоат қилинувчиман!» Бу ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаммадан афзал эканликларининг кўпгина далилларидан бир далилдир. «Фахр эмас-ку, мен жаннатнинг ҳалқаларини биринчи ҳаракатга солувчиман. Бас, Аллоҳ менинг учун уни очур ҳамда мени ва мен билан умматимнинг фақирларини унга киритур». Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёмат куни жаннат дарвозасига келиб, жаннат эшикларини очишни талаб қилиб, унинг ҳалқасидан ушлаб тақиллатар эканлар. Ана шунда Аллоҳ таоло у Зотга жаннат эшигини очар ва у Зот биринчи бўлиб жаннатга кирар эканлар. Бу ҳол ҳам Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг инсониятнинг энг афзали эканликларини кўрсатади. У Зот билан умматларининг фақир-фуқаролари ҳам бирга жаннатга кириши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фазллари ва бу дунёда уммати муҳаммадиядан турли сабабларга кўра камбағал ҳолда ўтган мусулмонларга улкан хушхабардир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг сўзлари охирида: «Фахр эмас-ку, мен аввалгилару охиргиларнинг энг мукаррамиман!» дедилар». Бу гапда ҳеч қандай муболаға ёки фахрланиш ҳисси йўқ. Бори − шу. Воқеълик − шу. Аллоҳ таолонинг иродаси − шу. Фахр эмас-ку, мазкур фазилатга соҳиб бўлган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматлари ҳам аввалгию охирги умматларнинг энг афзалидир.
(“Ҳадис ва Ҳаёт”, 19-жилд, 31-36-бетлар).