Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга душманлар ўртасидаги келишмовчилик ва Аллоҳнинг уларни бўлиб юборгани ҳақидаги хабар етиб келганида, Ҳузайфа ибн ал-Ямонни чақириб, уни тунда қавм нима қилаётганини билиб келиш учун юбордилар.
Ибн Исҳоқ: Менга Язид ибн Зиёд Муҳаммад ибн Каъб ал-Қуразийдан ривоят қилишича, Куфа аҳлидан бўлган бир киши Ҳузайфа ибн ал-Ямондан: «Эй Абу Абдуллоҳ! Сизлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб, у Зотга ҳамроҳ бўлганмисизлар?» – деб сўраганида у: «Ҳа, эй биродаримнинг ўғли», – деди. Шунда у киши: «Сизлар нима қилар эдингиз?» – деди. Ҳузайфа: «Аллоҳга қасамки, биз жанг қилар эдик», – деди. Ҳалиги киши: «Аллоҳга қасамки, биз у Зот яшаган даврда яшаганимизда, у Зотни ерда юргизмай, елкаларимизда кўтариб юрар эдик!» – деди. Шунда Ҳузайфа: «Эй биродаримнинг ўғли, Аллоҳга қасамки, биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан биргаликда хандақда эдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туннинг бир қисмида намоз ўқидилар ва бизга қараб: «Ким ҳозир бориб, қавм нима қилаётганини кўриб қайтади? (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтишни шарт қилаётган эдилар.) Мен Аллоҳ таолодан ўша киши менинг жаннатдаги ҳамроҳим бўлишини сўрайман» – дедилар. Қўрқув, очлик ва совуқнинг қаттиқлигидан қавм ичидан ҳеч ким турмади. Хеч ким турмагач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени чақирдилар. Чақирганларида, туришдан бошқа чора қолмаганди. Менга: «Эй Ҳузайфа, бор, қавмнинг орасига кир. Улар нима қилаётганларини кўр ва бизнинг олдимизга етиб келгунингча асло бирор нарса қилма!» – дедилар. Мен бориб қавмнинг ичига кирдим. Шамол ва Аллоҳнинг аскарлари уларни истаган кўйига солаётган эди. Уларнинг на олови, на қозони ва на чодири бир жойда тура оларди. Абу Суфён ўрнидан туриб: «Эй қурайшликлар, ёнингизда ким ўтирганига қаранг», – деди. Мен бир кишининг қўлидан тутиб: «Сен кимсан?» – дедим. У: «Фалончининг ўғли фалончиман», – деди.