Абу Бакр Сиддиқ ибн Абу Куҳофа розияллоҳу анҳу Макканинг Қурайш қабиласи Тамим уруғидан, милодий 573 йили туғилганлар. Исмлари Абдуллоҳ, оталарининг исми Усмон (куняси Абу Куҳофа), оналариники Уммул Хойр. Ота-она томонидан сулолалари Муррада Расулуллоҳ алайҳиссалом сулолалари билан бирлашади. Абу Бакр куняси билан танилган бу зот илк саккиз мусулмоннинг ҳам, Ашараи Мубашшаранинг ҳам, Хулафои рошидиннинг ҳам биринчиси бўлдилар. Халифаликлари пайтида Қуръони карим оятларини биринчи бўлиб тўплатганлари учун «Жомиъул Қуръон» унвонига сазовор бўлганлар. Ҳамма ишда адолатни биринчи ўринга қўйдилар. Халифаликлари икки йилу уч ой давом этди. Расулуллоҳдан 142 та ҳадис ривоят қилганлар. Абу Бакр билимдон, бадавлат киши бўлганлар, тижорат билан шуғулланганлар. Бойликларининг катта қисмини Аллоҳ йўлида сарфлаганлар. Ҳеч қачон бутга сиғинмаганлар, ичкиликни оғизларига олмаганлар. Исломни ҳеч иккиланмай қабул қилганлари ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам меърожларини эшитган заҳоти тасдиқлаганлари учун «Сиддиқ» унвони берилган. Қизлари Оиша розияллоҳу анҳони Расули акрамга никоҳлаб бериб, ақраболик ришталарини боғланганлар. Барча ғазотларда Сарвари олам билан ёнма-ён турдилар, у Зотга халифа эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хасталаниб қолганларида у Зотнинг ўринларига ўн етти вақт намозга имомлик қилганлар. Расули акрам вафотлари муносабати билан мушриклар фитнаси кучайган, асҳоб саросимага тушган буҳронли кунда биргина Абу Бакр ақл билан иш юритдилар. Ўзларининг машҳур хутбалари билан саҳобаларни тинчитиб, тасалли бердилар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом вафотларидан кейин мусулмонларга халифа этиб сайландилар. Ниҳоятда камтарона, оддий ҳаёт кечирдилар, давлат бошлиғи бўлганларида икки дирҳам (кумуш) маош билан кун кечирганлар. Вафот этганларида ёнларидан пул чиқмаган. Ҳижрий 13 (милодий 634) йили олтмиш уч ёшда Мадинада вафот этдилар. Расули акрамнинг «Ҳужраи саодат»ларида у Зотнинг ёнларига дафн қилинганлар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Маккаи Мукаррамада ўсиб-улғайдилар. Фақат тижорат учунгина бу муборак шаҳардан ташқарига чиқар эдилар. У киши ўз тижоратлари орқасидан катта мол-дунё топган эдилар. Шу билан бирга, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу хайру эҳсон ва мурувватлари билан ҳам жоҳилият аҳли орасида ном чиқарган эдилар. У киши Қурайшнинг раҳбарларидан бўлиб, маслаҳат-машварат ишларида доимо иштирок этиб, кишиларнинг муҳаббатини қозонган эдилар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга Қурайшнинг дия (хун) ва қарз тўлаш ишлари топширилган эди. Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга хутба қилиб: «Албатта, Аллоҳ бир бандага ё дунёни ё Ўз ҳузуридаги нарсани танлаш ихтиёрини берди. Ҳалиги банда Аллоҳнинг ҳузуридаги нарсани ихтиёр қилди», дедилар. Шунда Абу Бакр йиғлади. Биз унинг йиғисидан ажабландик. Кейин билсак, ихтиёр берилган Зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эканлар. Абу Бакр ичимизда буни энг яхши биладиганимиз экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамлар ичида мен учун суҳбатида ва молида энг ишончлиси Абу Бакрдир. Агар ўзим учун Роббимдан бошқани халил тутадиган бўлсам, албатт,а Абу Бакрни тутар эдим. Лекин бу Ислом биродарлиги ва муҳаббатидир. Масжидга кирадиган эшикларнинг Абу Бакрникидан бошқа барчаси беркитилсин», дедилар». Бошқа бир ривоятда: «Агар умматимдан халил тутадиган бўлсам, албатта, Абу Бакрни тутар эдим. Лекин у биродарим ва соҳибимдир. Батаҳқиқ, Аллоҳ сизнинг соҳибингизни халил тутгандир», дейилган» (Имом Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилишган). Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳам жоҳилият даврида, ҳам Ислом даврида шарафли бўлган ўн кишининг биридирлар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу жоҳилият даврининг одамлари ичидаги энг иффатли кишилардан бири эдилар. У киши ўз ихтиёрлари билан, ўзларича хамр ичишни тарк қилган эдилар. Ибн Саъд ривоят қиладилар: «Бир киши Оишага: «Менга Абу Бакрни сифатлаб беринг», деди. Шунда у киши: «У оппоқ, озғин, ёноқлари кичик, бир оз эгилган, изори икки ёнбошида турмай, сирпаниб кетадиган, юзи ичига кирган, кўзлари чуқур, пешонаси дўнгроқ ва қушдек енгил одам эди. Унинг сифати ана шундай», деди». Бошқа бир ривоятда Оиша онамиз: «Абу Бакр (соч-соқолини) хино ва катм – махсус бўёқ билан бўяб юрарди», деганлар. Ибн Исҳоқ қуйидагиларни зикр қилади: «Бир куни Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни учратиб қолди ва: «Эй Муҳаммад, Қурайшнинг олиҳаларимизни тарк қилганингиз, ақлларимизни паст санаётганингиз, оталаримизни кофирга чиқараётганингиз ҳақида айтаётган гаплари тўғрими?» деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа, мен Аллоҳнинг Расули ва Набийиман. У Зот мени Ўз рисолатини етказиш учун юборди. Сени ҳақ ила Аллоҳга даъват қиламан. Аллоҳга қасамки, У Зот ҳақдир. Эй Абу Бакр, сени ёлғиз, шериги йўқ Аллоҳга, Ундан ўзгага ибодат қилмаслигингга ва доим Унинг тоатида бўлишингга даъват қиламан», дедилар. Сўнгра унга Қуръон қироат қилиб эшиттирдилар. У иқрор ҳам, инкор ҳам қилмади. Дарҳол Исломга келди. Санамларга куфр келтирди. Шерикларни отди. Ислом ҳаққини иқрор қилди. Абу Бакр мўмин ва мусоддиқ бўлган ҳолида қайтиб кетди». Ибн Исҳоқ Муҳаммад ибн Абдурраҳмон ибн Абдуллоҳ ибн Ҳусайн ат-Тамимийдан қилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни айтадилар: «Кимни Исломга даъват қилсам, албатта, тўхташи ва иккиланиши бўлди. Фақатгина Абу Бакр кутиб турмади ва иккиланмади». Бу Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг фазлларига фазл қўшадиган улкан гувоҳликдир. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ўзлари Исломни қабул қилишлари билан дарҳол бошқаларни ҳам унга даъват қилишга ўтдилар. У киши Қурайш қабиласида катта обрўга эга эдилар. Ўткир ақллари, мурувватли ва адолатли бўлганликлари ҳамда бошқа олий сифатлари учун кўпчилик ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳуни яхши кўрар ва ҳурмат қилар эди. Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг дастлабки даъвати самараси ўлароқ, ўша пайтда Қурайшнинг ашрофларидан бўлган, кейинчалик саҳобаларнинг улуғларига айланган ва жаннатга киришларига башорат берилган ўн кишидан бешталари: Усмон ибн Аффон, Зубайр ибн Аввом, Абдурраҳмон ибн Авф, Саъд ибн Аби Ваққос ва Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳум иймонга келишди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Ислом дини йўлида биринчи бўлиб бор-будини сарфлаган киши, десак муболаға қилмаган бўламиз. У киши бой бўлишлари билан бирга, ўта сахий ҳам эдилар. Айниқса, дину диёнат йўлида ҳеч нарсани аямас эдилар. Барча уламоларимиз Вал-лайл сурасидаги ушбу оятлар Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ва у кишининг Аллоҳ таоло йўлида мол сарфлашлари ҳақида тушганлигига иттифоқ қилишган: «Ва албатта, ундан тақводор банда четда қолади. У бойлигини сарфлайди ва ўзини поклайди. Бирор кишининг унда қайтарилиши лозим яхшилиги йўқ эди. Ўзининг олий мақом Роббисининг розилигини сўраб қилади. Ва албатта, тезда рози бўлади» (17-21-оятлар). Умайя ибн Халаф ўзининг Билол ибн Рабоҳ исмли қулини мусулмон бўлгани учун қаттиқ азоблай бошлайди. Кун қаттиқ қизиган пайтда иссиққа олиб чиқиб, кўкрагига харсангтош бостириб қўяр, «Муҳаммадга куфр келтирасан, бўлмаса, ўлгунингча шундай турасан», дер экан. Бир куни уларнинг олдидан Абу Бакр Сиддиқ ўтиб қолдилар ва Умайяга: «Худодан қўрқмайсанми? Бу бечорани қачонгача азоблайсан», дедилар. Умайя бўлса: «Буни сен буздинг, раҳминг келса, азобдан қутқариб ол!» деди. Шунда Абу Бакр Сиддиқ ҳазрати Билолни сотиб олиб, озод қилдилар. Шундан сўнг юқоридаги оятлар нозил бўлган экан». Абу Саъид ибн ал-Аъробий Ибн Умар розияллоҳу анҳудан қуйидагиларни ривоят қилади: «Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Исломга кирган куни уйида қирқ минг дирҳами бор эди. Мадинага ҳижратга чиқаётганида эса беш минг дирҳамдан бошқа ҳеч нарсаси қолмаган эди. У бор-будини қулларни озод қилиш ва Исломга ёрдам бериш учун сарфлаган эди». Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг мол сарфлашларини алоҳида васф қилганлар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бизга яхшилик қилган ҳар бир қўлнинг, албатта, мукофотини бермай қўймадик. Фақат Абу Бакр бундан мустасно. Унинг бизга қилган яхшиликлари бор. Унинг мукофотини қиёмат куни Аллоҳнинг Ўзи беради. Ҳеч кимнинг моли менга Абу Бакрнинг моли манфаат берганидек манфаат берган эмас», дедилар (Имом Термизий ривоят қилган). Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Исро ва Меърож қилганларида мушриклар бу гапларга, умуман, ишонишмади, масхара қилиб кулишди. Иймон келтирганлардан баъзилари муртад бўлиб, диндан қайтди. Бир гуруҳ одамлар ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг олдиларига югуриб боришди. У киши хабарни эшитгандан сўнг: «У Зот шу гапларни айтдиларми?» деб сўрадилар. «Ҳа», дейишди. «Агар у Зот айтган бўлсалар, тўғри айтибдилар. Мен бунга шоҳидлик бераман», деди ҳазрати Абу Бакр. «Шомга бир кечада бориб, яна Маккага тонг отмай туриб қайтиб келишига ишонасанми?» дейишди. «Мен у кишининг бундан ғариброқ нарсасини ҳам тасдиқлайман. Осмондан хабар айтишини ҳам тасдиқлайман», деди ҳазрати Абу Бакр. Шундан сўнг у киши Сиддиқ, яъни «ўта тасдиқловчи» деб атала бошладилар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг жамиятдаги ўринлари юқори бўлгани сабабли одамлар бу ихтилофли масалада у кишининг олдиларига югуриб боришган эди. У киши бор гапни айтдилар-қўйдилар ва шу билан баъзи бир иккиланиб турганларнинг ҳам иймонда собит қолишларига сабаб бўлган бўлдилар. Мушрикларнинг шиддатли тазйиқи остида қолган мусулмонлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳижратга изн сўрай бошлашди. Чунки Ясрибдаги диндошлари улардан ёрдамларини аямасликларини яхши билишар эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларга: «Менга ҳижрат диёрингиз кўрсатилди. У хурмозор экан. Икки ҳарра (қора тошли майдон) орасида экан», дедилар. Шунда ким хоҳласа, Мадина томон ҳижрат қилди. Ҳабашистонга ҳижрат қилганларнинг кўпчилиги Мадинага қайтиб келди. Ҳазрати Абу Бакр ҳам Мадина томон тайёргарлик кўрдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига: «Сен шошилма. Мен ўзимга ҳам изн берилиши умидидаман», дедилар. Ҳазрати Абу Бакр: «Ота-онам сизга фидо бўлсин, шундай умид қиляпсизми?» дедилар. «Ҳа», дедилар у Зот. Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳамроҳ бўлиш учун кутиб турдилар ва бирга Мадинага ҳижрат қилишди. Имом Баззор «Муснад» китобларида қуйидаги ривоятни келтирадилар: «Али розияллоҳу анҳу: «Менга одамларнинг энг шижоатлиси ким эканини айтиб беринглар», деди. «Сенсан», дейишди. «Мен ким билан мубораза қилсам, албатта, ундан интисоф қилганман. Лекин сизлар менга энг шижоатли одам ҳақида хабар беринглар», деди. «Билолмадик, ким ўзи?» дейишди. «Бу Абу Бакрдир! Бадр куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун капа қилдик ва «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ким бирга бўлади? Тағин мушриклардан бирортаси у Зотга ҳужум қилиб қолмасин» дедик. Аллоҳга қасамки, Абу Бакрдан бошқа ҳеч ким яқинлаша олмади. У қиличини яланғочлаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошларида турди. Бирортаси ҳужум қилгудек бўлса, унга ташланар эди», деди у. Абу Бакр Сиддиқнинг Бадр ва Уҳуд жангларидаги жасоратлари, Ҳудайбия сулҳидаги тадбирлари Ислом тарихига олтин ҳарфлар билан ёзилган. Уҳуд жангининг мусулмонлар учун ғоятда оғир кечгани ҳаммага маълум. Ўша машаққатларнинг энг оғири жанг давомида «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалок бўлди» деган хабарнинг тарқалиши эди. Мусулмонлар ана шундай оғир зарбага учраб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни кўз ўнгиларидан йўқотиб қўйган ва тарқалган ёлғон хабардан гангиб турган пайтларида Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу биринчилардан бўлиб ўзларига келдилар. Бу ҳақда ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ шундай ҳикоя қиладилар: «Уҳуд уруши куни Расулуллоҳ одамлардан ажралиб, ёлғиз қолганларида, мен биринчилардан бўлиб у киши томон юрдим. Қарасам, бир одам у кишининг олдиларида туриб олиб жанг қилмоқда: «Талҳа бўлса эди, отам ҳам, онам ҳам унга фидо бўлсин! Талҳа бўлса эди, отам ҳам, онам ҳам унга фидо бўлсин!» деб бораётсам, орқамдан Абу Убайда худди қушдек учиб келиб қолди. Биргалашиб етиб борсак, Расулуллоҳнинг олдиларида Талҳа йиқилиб ётган экан. Расули акрам алайҳиссалом: «Биродарингизга қаранг, у ҳақлидир», дедилар. Шу пайт Пайғамбар алайҳиссаломнинг ёноқларига бир нарса келиб тегиб, дубулғанинг ҳалқасини юзларига киритиб юборди. Уни Пайғамбар алайҳиссаломдан чиқариб олиш учун борган эдим, Абу Убайда: «Аллоҳ хайрингни берсин, Абу Бакр, менга қўйиб бер», деди ва у оғзи билан кирган нарсани чиқара бошлади. Пайғамбар алаҳиссаломга озор бермаслик учун тиши билан чиқаришга ҳаракат қилди ва чиқариб олди. Абу Убайданинг олд тиши синиб тушди. Сўнгра мен кейингисини олишга уринган эдим, Абу Убайда яна: «Абу Бакр, Аллоҳ хайрингни берсин, менга қўйиб бер», деди. Яна тиши билан чиқариб олди. Абу Убайданинг яна бир тиши тушди. Кейин Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Биродарингизга қаранглар, у ҳақлидир», дедилар. Биз Талҳанинг жароҳатларига қарай бошладик. Унга ўндан ортиқ ўқ, қилич ва найза теккан экан». Ибн Асокир ал-Воқидийдан қуйидагиларни нақл қилади: «Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтиб юрарди: «Исломда Ҳудайбия фатҳидан кўра улуғроқ фатҳ бўлмаган. Лекин ўша куни Муҳаммад билан унинг Роббиси орасида бўлган нарсадан одамларнинг фикри қисқалик қилди. Бандалар шошиладилар. Аллоҳ бўлса ишларни Ўзи ирода қилганидек бўлишига етказмагунича бандалар шошилганидек шошилмайди. Видолашув ҳажида Суҳайл ибн Амрга назар солдим. У сўйиш жойида тик туриб олиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга туяларни яқинлаштириб турарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса уларни ўз қўллари билан сўяр эдилар. У Зот сартарошни чақирдилар. У сочларини олди. Суҳайлга назар солдим. Суҳайл у Зотнинг соч толаларини териб олиб, икки кўзига суртар эди. Унинг бу ҳолини кўриб туриб, худди шу одам Ҳудайбия куни «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим»ни ёзишдан, «Муҳаммадур Расулуллоҳ»ни ёзишдан бош тортган эди, деб ўйладим ва уни Исломга ҳидоят қилган Аллоҳга ҳамд айтдим». Ҳа, мана шундай пайтларда Аллоҳ таолонинг ҳикматини англаш учун Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу сингари кучли иймон соҳиби бўлиш керак. У зот каби Аллоҳ таоло нимага буюрса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам нимага даъват қилсалар, ҳеч бир тараддудсиз таслим бўладиган банда бўлиш керак. Аллоҳ таоло нозил қилган Қуръони каримда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида келган ҳар бир гапни ва маънони дарҳол тасдиқлайдиган банда бўлиш керак. Ҳудайбия сулҳи саҳобаи киромларнинг назарида мағлубиятга ўхшаб кўринган эди. Баъзилар Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга ўхшаб, ўз норозиликларини ошкора изҳор ҳам қилган эдилар. Фақат Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳугина заррача шубҳасиз таслим бўлган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган гаплардан бошқа нарсани хаёлларига ҳам келтирмаган эдилар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Ҳунайн жангида ҳам ҳамма урушдан қочиб қолган бир пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида сабот ила турган оз сонли саҳобаи киромлардан бири бўлдилар. Бу урушда кўпчилик орқасига қарамай, қочиб қолган эди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан ким бугун рўзадор ҳолда тонг оттирди?» дедилар. «Мен», деди Абу Бакр. «Сизлардан бугун ким жанозага борди?» дедилар. «Мен», деди Абу Бакр. «Сизлардан бугун ким мискинга таом берди?» дедилар. «Мен», деди Абу Бакр. «Сизлардан бугун ким беморни кўргани борди?» дедилар. «Мен», деди Абу Бакр. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Булар кимда жам бўлса, у, албатта, жаннатга киради», дедилар» (Имом Муслим ривояти). Имом Аҳмад «Зуҳд»да Муҳаммад ибн Сирийндан ривоят қилади: «Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан бошқа одамнинг еган таомини, ўзини мажбурлаб қусиб юборганини билмайман. Унга бир таом келтирилган эди, ундан еди. Кейин Абу Бакрга: «Буни Нўъмон розияллоҳу анҳу олиб келган эди», дейилди. «Менга Ибн Нўъмоннинг коҳинликдан топганини едирдингизми?» деди-да ўзини мажбурлаб қусиб юборди». Аллоҳ таоло тўққизинчи ҳижрий санада: «Одамлардан йўлини топганларга Аллоҳ учун байтни ҳаж қилмоқ бурчдир» ояти ила мусулмонларга ҳам ҳаж ибодатини фарз қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша йили Абу Бакр розияллоҳу анҳуни ҳаж амири қилиб, Маккага жўнатдилар. У киши мусулмонларнинг ҳаж ибодатига боғлиқ ишларни бошқаришлари керак эди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳажга амирлик қилдилар. Қурбонлик куни бўлганда Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу туриб, одамлар ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амр қилган нарсаларни эълон қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Исломдаги биринчи ҳаж мавсумига Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуни амир қилиб тайинлашлари ҳам Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг Ислом уммати ичидаги олий мақомларини яққол кўрсатади. Худди шунга ўхшаш мақом намоз ўқишда ҳам намоён бўлган эди. Бу маънода одатда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бемор бўлиб қолганларида ўринларига Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг намозга ўтишларини амр қилганлари келтирилади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам соғлик пайтларида мабодо бошқа ерда бўлсалар ҳам саҳобаи киромлар имомликка Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуни лойиқ кўрар эдилар. Вақти-соати етиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этгач, бутун Ислом уммати бошига мислсиз қайғу тушди ва Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу бу улуғ қайғунинг бошида туриш билан бирга, бу умматнинг эс-ҳушини йиғиб олишига ҳам сабабчи бўлдилар. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот қилдилар. Абу Бакр Сунҳда эди. Умар туриб: «Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлганлари йўқ», деди. Ўзи: «Аллоҳга қасамки, ўшанда шундан бошқа нарса ақлимга келмаган эди. Албатта, Аллоҳ у Зотни қайта тирилтиради ва одамларнинг қўл ва оёқларини кесадилар, дер эдим», деган. Абу Бакр келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни очиб, у Зотни ўпди ва: «Ота-онам сизга фидо бўлсин. Тирикликда ҳам, ўлик ҳолда ҳам пок бўлдингиз. Жоним қўлида бўлган Зот ила қасамки, Аллоҳ сизга икки ўлимни ҳеч татитмас», деди. Кейин ташқарига чиқди ва: «Эй қасам ичаётган, бир оз жим тур», деди. Умар ўтирди. Сўнгра Абу Бакр гапирди. Аллоҳга ҳамду сано айтди ва: «Огоҳ бўлинглар! Ким Муҳаммадга ибодат қилаётган бўлса, батаҳқиқ, Муҳаммад ўлди. Ким Аллоҳга ибодат қилаётган бўлса, Аллоҳ тирикдир, ўлмас. Аллоҳ таоло: «Албатта сен ҳам маййитсан, улар ҳам маййитдир» деган. Ва яна «Муҳаммад ҳам бир Пайғамбар, холос. Ундан аввал ҳам пайғамбарлар ўтган. Агар у ўлса ёки қатл қилинса, орқангизга қайтасизми?! Ким орқасига қайтса, Аллоҳга ҳеч зарар келтира олмас. Ва Аллоҳ шукр қилувчиларни мукофотлар», деган», деди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ушбу гаплари Ислом умматини фитнадан сақлаб қолди. Ҳамманинг ҳушини ўзига келтирди. Бу гаплар Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ўз фикри билан айтаётган гаплари эмас эди. У киши бу гапларни Қуръони Карим оятларига суяниб гапираётган эдилар. Пайғамбар алайҳиссалом вафотларидан кейин Ислом давлати раҳбарлигига Абу Бакр Сиддиқ сайланди. Ибн Исҳоқ розияллоҳу анҳу «Сийрат» китобида Зуҳрийдан, у киши Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан қуйидагиларни ривоят қилади: «Абу Бакрга шийпонда байъат қилинди. Эртасига Абу Бакр минбарга ўтирди. Умар туриб, Абу Бакрдан олдин гапирди. У Аллоҳга ҳамду сано айтди. Сўнгра: «Албатта, Аллоҳ сизнинг ишингизни сизнинг энг яхшингизга, Расулуллоҳнинг соҳиби, ғорда бўлган икки кишининг бирига жамлади. Туринглар. Унга байъат қилинглар», деди. Одамлар шийпондаги байъатдан кейин Абу Бакрга оммавий байъат қилдилар. Кейин Абу Бакр гапирди. У Аллоҳга ҳамду сано айтди. Кейин: «Мен яхшингиз бўлмасам ҳам, сизга волий қилиндим. Агар яхшилик қилсам, менга ёрдам беринглар, агар ёмонлик қилсам, мени тўғриланглар! Содиқлик омонатдир. Козиблик хиёнатдир. Сизнинг ичингиздаги заиф унинг ҳаққини олиб бергунимча, иншааллоҳ, менинг наздимда кучлидир. Сизнинг ичингиздаги кучли ундан ҳақни олгунимча, иншааллоҳ, менинг наздимда заифдир. Қайси бир қавм Аллоҳнинг йўлидаги урушни тарк қилса, албатта, Аллоҳ уларни хорлик ила урур. Қайси бир қавм ичида фоҳишалик тарқалса, албатта, Аллоҳ уларни оммавий балога йўлиқтирур. Модомики, Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилар эканман, менга итоат қилинглар! Қачон Аллоҳга ва Унинг Расулига осий бўлсам, зиммангизда менга итоат қилиш йўқ. Намозингизга туринглар, Аллоҳ раҳм қилгурлар!», деди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ўзлари халифаликка сайланганларида баён этган барномага бир умр содиқ қолдилар. У киши Ислом жамиятининг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейинги бошлиғи қандай бўлиши кераклигини амалда кўрсатдилар. Ўзларига байъат қилинган кундан бошлаб елкаларига юкланган оғир масъулиятни чуқур ҳис қилган ҳолда иш олиб бордилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида баъзи бир ўта юмшоқ бўлиб кўринган хислатлари ҳам раҳбар учун лозим бўлган тарафга кескин ўзгарди. Абу Бакр Сиддиқнинг Ислом шавкатини юксалтириш борасидаги хизматлари, айниқса, Усома ибн Зайд бошлиқ Ислом лашкарини Рум томонга ҳозирлашда ва Расулуллоҳ алайҳиссалом вафотларидан кейин айрим диндан қайтиб, Ислом давлатига бўйсунишдан бош тортган муртад араб қабилаларига ҳамда янги чиққан сохта пайғамбарларга қарши курашда, айниқса, беқиёсдир. Ана шундай қилиб Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу халифалик вақтларида Ислом умматининг катта фитнадан сақланиб қолишига сабаб бўлдилар. Одамлар диндан қайтганда қаттиқ туриб, уларни Исломга қайтариш чораларини кўрдилар. Аллоҳ таоло у кишига ва биродарларига нусрат берди. Шу сабабли фитна таг-томири билан йўқотилди. Айнан Абу Бакр Сиддиқ даврларида Қуръони каримни жамлаш ишлари амалга оширилди. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик чоғларида яна ваҳий тушиб қолар, деган умидда Қуръон жамланиб, китоб шаклига келтирилмаган эди. Зайд ва Умар розияллоҳу анҳумо машаққатли уринишлардан сўнг Қуръонни кийик терисидан ишланган саҳифаларга ёзиб тугатдилар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ўша саҳифаларни «Мусҳаф» деб номладилар. Мусҳафни белидан боғлаб, Абу Бакрнинг уйига қўйиб қўйдилар. Бу иш Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида амалга оширилган энг улуғ ишлардан бири бўлди. Аллоҳ таоло «Албатта, зикрни Биз нозил қилганмиз ва албатта, уни Биз муҳофаза қиламиз» деган ваъдасининг яна бир карра амалга ошишига Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуни сабаб қилди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига оғишмай амал қилишнинг намунаси эдилар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу бировдан таъма билан бирор нарса сўрашни сира ёқтирмас эдилар. У киши буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким менга одамлардан бирор нарса сўрамасликнинг кафолатини берса, мен унга жаннатнинг кафолатини бераман», деган ҳадисларига биноан қилар эдилар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига шароитга қараб, ўзига фойда бўлса, амал қилиб, бўлмаса тарк қилиш одатлари мутлақо йўқ эди. Балки ўша вақтда қандай ҳолат ёки оқибат бўлса ҳам, тўла амал қилар эдилар. Ўн учинчи ҳижрий сана жумадул-охир ойининг саккизинчи куни Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу иситма касалига чалиндилар. Хасталик зўрая бошлади. Имом Тобарий, Ибн Касир ва бошқаларнинг таъкидлашича, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу хасталиклари оғирлашганда халқаро ва ички вазиятни ҳисобга олиб, ўзларидан кейин мусулмонларнинг ихтилофга тушишларидан қўрқиб, уларга ўз ўлимларидан олдин янги халифа танлашни таклиф қилдилар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу хаста ҳолларида Абдурраҳмон ибн Авф, Усмон ибн Аффон, Саъид ибн Заъд, Усайд ибн Ҳузайр ва бошқа муҳожиру ансорлардан бўлган саҳобаи киромларни якка-якка чақириб, бу иш хусусида маслаҳат қилди. Ҳамманинг фикри Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга тўхтади. Ҳамма маслаҳатчилар бир фикрга келганларидан кейин Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга айтиб туриб, қуйидаги аҳдномани ёздирди: «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Ушбу нарса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг халифаси Абу Бакрнинг бу дунёдаги охирги пайти, у дунёдаги аввалги пайти, кофир мўмин бўладиган, фожир таслим бўладиган пайтда берган аҳдномасидир. Албатта, мен сизларга Умар ибн Хаттобни ишбоши қилдим. Сизлардан яхшиликни аямадим. Агар у сабр ва адолат қилса, унинг ҳақида менинг билганим − шу. Агар у жабр ва ўзгариш қилса, менинг ғайбдан илмим йўқ. Фақат яхшиликни ирода қилдим. Ҳар бир киши қилганига яраша тортади. «Зулм қилганлар эса тезда қайси ағдарилиш жойига ағдарилишларини билурлар» (Тобарийдан). Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу жумадул-охир ойининг тугашига саккиз кун қолганда, сешанба куни, олтмиш уч ёшларида вафот этдилар. У кишининг халифаликлари икки йилу уч ою ўн кун давом этди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг охирги сўзлари «Мени мусулмон ҳолимда вафот эттиргин ва солиҳларга қўшгин» ояти бўлган экан. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуни хотини Асма бинти Умайс ва ўғли Абдурраҳмонлар ювишган. Ўзларининг кийимларига кафанланганлар. Жанозаларини Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўқиганлар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Оиша онамизнинг ҳужраларига, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига кечаси дафн қилинганлар. У кишининг бошлари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг елкаларига тўғрилаб қўйилган. Аллоҳ таоло у кишидан рози бўлсин, омин!
(«Ҳадис ва Ҳаёт» асосида тайёрланди)