22 жумадис сони 1446
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатимизни қандай зиёда қиламиз?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатнинг қуввати мусулмоннинг иймонига боғлиқ. Мусулмоннинг иймон нури қанчалик зиёда бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан муҳаббати ҳам шунчалик зиёда бўлади. Ана шунда унинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббати ибодат ва қурбатга айланади. Дарҳақиқат, шариат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни севишни вожиб амаллардан қилиб қўйган. عن أنس قال : قال النبي صلى الله عليه وسلم : " لا يؤمن أحدكم حتى أكون أحب إليه من والده وولده والناس أجمعين " (رواه البخاري ومسلم) Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирортангиз мен унга ота-онаси, болалари ва барча инсонлардан кўра суюклироқ бўлмагунимча комил мўмин бўлолмайди», дедилар» (Бухорий ва Муслим ривоятлари). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатни пайдо қиладиган омиллар: 1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таоло томонидан юборилган элчидирлар. Аллоҳ таоло Пайғамбаримизни Ўзининг динини инсонларга етказиш учун танлаб олди. Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўргани ва у Зотдан рози бўлгани учун Пайғамбар қилиб танлади. Агар Аллоҳ таоло у Зотдан рози бўлмаганида, асло Пайғамбар қилиб олмаган бўлар эди. Биз Аллоҳ таоло яхши кўрган Зотни яхши кўришимиз ва рози бўлган Зотдан рози бўлишимиз лозим. عن جندب قال : سمعت النبي صلى الله عليه وسلم قبل أن يموت بخمس وهو يقول : " إني أبرأ إلى الله أن يكون لي منكم خليل فإن الله تعالى قد اتخذني خليلاً كما اتخذ إبراهيم خليلا ولو كنت متخذاً من أمتي خليلاً لاتخذت أبا بكر خليلاً " (رواه مسلم) Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўлимларидан беш кун олдин: «Мен ораларингизда халилим борлигидан Аллоҳнинг ҳузурида ўзимни поклайман. Чунки Аллоҳ таоло Ўзига худди Иброҳимни халил қилганидек, мени ҳам халил қилиб олди. Агар умматимдан халил оладиган бўлсам, Абу Бакрни халил қилиб олган бўлар эдим», дедилар. 2. Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ таоло томонидан берилган мартабаларини билишимиз керак. Чунки у Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам инсон зотининг энг афзалидирлар. عن أبي هريرة قال : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : " أنا سيد ولد آدم يوم القيامة وأول من ينشق عنه القبر وأول شافع وأول مشفع " (رواه مسلم) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен қиёмат куни одамзотнинг саййиди бўламан. Қабрдан биринчи тириладиган ҳам ўзим бўламан. Биринчи шафоатчи ва биринчи шафоат қилинган ҳам мен бўламан»(Муслим ривояти). 3. Билишимиз керакки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга дин етиб келиши учун жуда кўп машаққатларни бошларидан кечирганлар. Дарҳақиқат, Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсинким, дин бизгача етиб келди. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга азиятлар етказишди, уришди, ҳақоратлар қилишди, у Зотдан яқинлари воз кечди, у Зотни мажнунликда, ёлғончиликда ва сеҳргарликда айблашди. У Зот дин бизгача етиб келиши учун динни ҳимоя қилиш йўлида душманлари билан урушдилар ҳам. Натижада, у Зотни аҳллари, мол дунёлари ва диёрларидан чиқариб юбордилар. Мана шуларни барчамиз яхши билишимиз керак. 4. Саҳобаларга эргашишимиз, юрган йўлларидан юришимиз керак. Чунки уларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатлари бемисл бўлган. Улар Расулуллоҳни мол-дунёлари, фарзандлари, ҳатто ўзларидан ҳам кўпроқ яхши кўрганлар. Қуйида келадиган ривоят сўзимизнинг далилидир: عن أنس قال : " لقد رأيت رسول الله صلى الله عليه وسلم والحلاق يحلقه وأطاف به أصحابه فما يريدون أن تقع شعرة إلا في يد رجل " (رواه مسلم) Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳамда у Зотнинг сочларини олаётган сартарошни кўрдим. У Зотнинг атрофларида саҳобалар айланиб юрардилар. Уларнинг бундай юришларининг сабаби, соч бирор кишининг қўлига тушиши эди» (Муслим ривояти). 5. Сўзда ва амалда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашиш. У Зотнинг суннатлари ҳаётимизнинг барчасида дастур бўлмоғи ҳамда у Зотнинг сўзлари барча сўздан, буйруқлари барча буйруқлардан устун бўлиши даркор. Кейин эса саҳобаи киромларнинг ақидаларига, ундан кейин тобеъинлар, улардан сўнг эса аҳли сунна вал жамоадан иборат бўлган бугунги кунимизгача уларнинг йўлларини тутганларнинг ақидаларига эргашиш лозимдир. Аллоҳ таоло барчамизни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан муҳаббатли бўлишимизни ва у Зотни ҳаммамизга фарзандларимиз, ота-оналаримиз, аҳли оилаларимиз ва ўзимиздан ҳам суюклироқ қилишини дуо қилиб қоламиз, омийн.

20:45 / 21.11.2013
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...