Рабиъул аввал ойининг ўн иккинчи кечаси, душанба куни ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилиб, дунёга шараф келтирди. Бу буюк ҳодиса, фил санасида, 570 милодийда воқиъ бўлди. Бу кун, қуёш порлаб турган, энг маъсуд кун эди. Улуғ Пайғамбарнинг насаб санадлари қуйидагича: Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Абдулмутталиб ибн Ҳошим ибн Абду Маноф ибн Қусай ибн Килоб ибн Мурра ибн Каъб ибн Луай ибн Ғолиб ибн Фахр ибн Молик ибн Назр ибн Канона ибн Хазийма ибн Мудрака ибн Илъёс ибн Музра ибн Маод ибн Адноннинг насаби, ҳазрати Исмоил алайҳиссаломга қадар боради. Оналари ҳазрати Муҳаммадни туққанларида бобоси Абдулмутталибга «Сизнинг ўғил набирангиз туғилди», дея хабар юбордилар. Абдулмутталиб набирасининг олдига дарҳол етиб келиб, уни суйиб қучоғига олди. Каъбага олиб бориб, Аллоҳга ёлборди. Ҳамд ва сано айтди. Унга МУҲАММАД исмини берди. У вақтда бу исм машҳур исмлардан эмас эди. Араблар набирасига бу исмни қўйганлиги учун ҳайрон бўлишганди.