Аъто ибн Абу Рабоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир куни Ойша розияллоҳу анҳу онамиз ҳузурларига кириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг ажиб ҳолатлари ҳақида гапириб беришларини сўрадим.
Ҳазрати Ойша розияллоҳу анҳо онамиз йиғлаб юбордилар ва бундай сўз бошладилар: «Қайси бирини айтиб берай, барча ҳоллари ажойиб эди. Бир кеча ёнимга келдилар. Бирга ётоққа кирдик. Баданларимиз бир-бирига тегиб турарди. «Эй Абу Бакрнинг қизи! Мен энди Роббимга ибодат қилайин», дедилар. Мен: «Сизга яқин бўлишни мен жуда яхши кўраман», дедим ва у Зот ўринларидан турдилар, бориб мешдан таҳоратга сув олдилар.
Таҳорат олаётиб, кўп сув ишлатмадилар. Кейин намозга турдилар. Шу ҳолда йиғлай бошладилар. Ҳатто кўз ёшлари кўкракларига оқди. Рукуга бордилар, йиғладилар. Саждага бордилар, йиғлайвердилар. Саждадан муборак бошларини кўтарганларида ҳам йиғлаётган эдилар. Ўша кеча фақат шундай ўтди.
Билол розияллоҳу анҳу келиб намозга азон айтгунига қадар йиғидан тўхтамадилар. «Эй Аллоҳнинг Расули! Нега йиғлайсиз? Сизни йиғлатган нима? Сизнинг аввалги ва кейинги барча гуноҳларингиз кечирилган-ку?» деб сўрадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: «Шукр қилувчи бандалардан бўлмайинми, ахир Аллоҳ таоло: «Албатта, осмонлар ва ернинг яралишида ҳамда кеча билан кундузнинг алмашиб туришида ақл эгалари учун бир (Яратувчи ва Бошқариб турувчи Зот борлигига) оят-аломатлар бордирУлар турганда ҳам, ўтирганда ҳам, ётганда ҳам Аллоҳни эслайдилар ҳамда осмонлар ва ернинг яратилишидан тафаккур қилиб: «Парвардигоро, бу (борлиқ)ни беҳуда яратганинг йўқ! Сен (беҳуда бирон иш қилиш айбидан) Поксан! Ўзинг бизни жаҳаннам азобидан асрагил!», дейдилар», (Оли Имрон, 190-191) оятларини нозил қилган-ку!» дедилар.
Азизлар, қаранг, барча гуноҳлари кечирилган Зот шукр қилиш учун кечалари ухламасдан, оёқлари шишиб кетгунча намоз ўқиб, йиғлаб, Худога муножот қилмоқдалар. Биз-чи? Биз? Тоғдек-тоғдек гуноҳи бўла туриб хотиржам ухлашимизни қаранг!Ахир барча нарсада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни ўзимизга намуна қиламиз, деб, нега энди, дангасалик қиляпмиз, Аллоҳим барчаларимизни вақт қадрига етиб, сенга ибодат қилиш билан шукр қилувчи бандаларингдан бўлишимизни насиб айлагин. Омин!
Абу Абдуллоҳ Бухорий