Абу Толибнинг вафотидан кейин қурайшликларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қилмаган азиятлари қолмади. Ҳатто қурайшлик ахмоқлардан бири у Зотнинг бошларидан тупроқ сочди. Қурайшликларнинг бу азоблари ва Исломга душманликлари шиддатли тус олгач, ҳазрати Пайғамбар Сақиф қабиласидан ёрдам сўраш ва уларни Исломга даъват этишлик мақсадида Тоиф шаҳрига жўнадилар. Тоифга боргач, Сақиф қабиласининг бошлиқлари олдига бориб, уларни Исломга чақирдилар. Улар бу даъватни жуда ҳам ёмон қаршиладилар. Расулуллоҳни масхаралай бошладилар. Болалари ва қулларини у Зотга қарши гижгижладилар. Расулуллоҳни сўкар ва орқаларидан бақириб-чақиришарди. Ул Зотни тош бўрон қилдилар, Ҳазрати Пайғамбар хафа бўлган ҳолларида бир хурмо дарахтининг соясига келиб ўлтирдилар. Ул Зот мушриклардан энг шиддатли азиятни Тоифда кўрган эдилар. Тоифликлар йўлнинг икки тарафида ўтириб олишиб, у Зот ўтар эканлар тош отишарди. Икки оёқлари қонади. Қалблари тўлиб-тошган эди. Қувватининг заифлиги, қутилиш эҳтимоли озлиги, халқнинг Пайғамбарга етарли эътибор бермаганини, қисқаси, ҳолини Аллоҳга арз этдилар. Унинг қувват ва ёрдамига умид қилиб шундай дедилар: Эй Аллоҳим! қувватимнинг заифлиги, қутулиш имконимнинг озлиги ва халқ тарафидан лозим бўлган баҳо берилмаганидан яна Сенга шикоят қиляпман. Эй марҳамат этувчиларнинг энг марҳаматлиси! Сен заифларнинг Роббисан. Сен менинг Роббимсан! Мени кимларнинг қўлига ташлаб қўйдинг? Менга юз ўгирган узоқ диёрларгами ёки ишларимни ўзига боғлаб қўйган душманларгами? Менга ғазаб қилмаган тақдирингда ҳеч бир нарсага парво қилмайман. Шафқат этишлигинг менга янада кенглик ато қилур. Бутун қоронғуликларни нурофшон қилган нурингга сиғиндим! Менга ғазаб қилмаслигинг, мендан хафа бўлмаслигинг учун у нурга сиғиндим. Рози бўлгунингга қадар сенга ёлвораман. Гуноҳлардан қайтиб ва ибодатга йўналиш ёлгиз Сенинг қудрат ва хоҳишингга боғлиқдир! Бунга жавобан Аллоҳ таоло Пайғамбарига Тоиф атрофидаги икки тоғни Тоифнинг устига ташлашлик учун тоғларнинг амри қўлида бўлган фаришталарини юборди. Лекин Расулуллоҳ тоғлар фариштасига «Балки Аллоҳ уларнинг авлодидан ёлғиз Аллоҳга ибодат қилиб, ширк келтирмайдиган насллар берар!»− деб изн бермадилар. Рабиъанинг ўғиллари Утба ва Шайба, тоифликларнинг Расулуллоҳга раво кўрган азиятларига қарши ўлароқ, марҳамат кўрсатишиб, насроний қуллари Аддосга: «Муздек узумдан узиб, шу лаганга сол, у кишига олиб бориб бер, есин»− дедилар. Аддос хўжайинларининг айтганини қилиб, ҳазрати Пайғамбарга узум олиб борди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган гаплари ва кўрган гўзал ахлоқи саниялари соясида мусулмон бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Тоифдан ёрдам ололмасдан қайтдилар. Маккага келдилар. Қавми душманликларини янада кучайтирди. Ҳатто ул Зотни масхара қила бошладилар.