
Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаж мавсумларида ҳажга келган араб қабилаларига Исломни арз этишга бошладилар. Уларни Исломга чақирар, Аллоҳнинг Пайғамбари бўлишлари муносабати ила ўзларини душманлардан ҳимоя қилишларини сўрардилар. —Эй фалон қабиланинг мансублари! Мен сизларга юборилган Пайғамбарман, Аллоҳнинг элчисиман. Аллоҳ сиздан ўзига ширк келтирмасдан қуллик қилишингизни истайди. Аллоҳга шерик қилган бутларни ташлаб, ёлғиз Унга иймон келтиришингизни хоҳлайди. Аллоҳни тасдиқ этишингизни ва Ундан менга келган ҳукмларни сизларга тушунтиришим учун менга зарар бермаслигингизни амр этади! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзларини тугатгач, ҳар сафар амакиси Абу Лаҳаб ўрнидан туриб шундай дерди: —Эй фалон қабиланинг мансублари! Бу одам Лот ва Узза номли бутларингизни ва сизларнинг жинлардан бўлган ёрдамчиларингизнинг йўқ бўлишини истайди. Сўзлаган бир ҳовуч сафсаталарига ишонишингизни хоҳлайди! Эҳтиёт бўлинг, унга итоат этманг, сўзини тингламанг!