Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қурайшликларнинг Маккадан қуролланиб чиқишгани хабарини олгач, асҳоблари билан истишора қилдилар. Бу истишоранинг сабабчилари ансорлар эди; зеро улар Расулуллоҳга фақат юртларида эканликларида ёрдам этиб, ул Зотни Мадинада бўлган вақтларида ҳимоя қилишликка сўз бергандилар. Расулуллоҳ Мадинадан ташқарига чиқишни истаганлари учун ансорларнинг фикрини билишни истардилар. Истишора асносида муҳожирлар гаплашиб ижобий жавоб берилар. Иккинчи бор истишора этганларида, яна муҳожирлар гаплашиб мусбат жавоб бердилар. Сўнгра учинчи бор истишора этганларида, ансорлар Расулуллоҳнинг мақсадлари уларнинг фикрларини олиш эканликларини англаб етдилар. Шу сабабидан Саъд ибн Маоз розияллоҳу анҳу сўз олиб, шундай дедилар: «Эй Аллоҳнинг Расули! Гўё сиз фақат сиз юртимизда экансиз, ёрдам билан кифояланишади, деб хавотир олаётган кабисиз! Мен ансорлар номидан гапириб, сўз бераман. Истаган ерингизга сафар қилинг, хоҳлаган кимсанинг ипини боғланг, хоҳлаганникини ечиб юборинг! Молларимиздан истаганингизча олинг, истаганингизни бизга қолдиринг. Биздан олган молингиз, бизда қолганидан севимлироқдир... Бизнинг зиммамиздаги нарса ёлғиз амрларингизга итоат қилишдир. Қаерга кетсангиз, сиз билан кетамиз. Аллоҳга қасам бўлсинки, агар бизни шу денгизга шўнғишни амр қилсангиз, сиз билан баробар шўнғишга тайёрмиз!» Мийқод эса : «Бани Исроилнинг Мусо алайҳиссаломга «Бас, боргин, сен ўзинг ва Парвардигоринг улар билан уришаверинглар», (Моида сураси 24)− деганлари каби демаймиз, балким ўнгингизда ва сўлингизда, олдингизда ва ортингизда туриб урушамиз»,− деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ансорларнинг бу жавобини эшитганларида муборак юзлари порлаб, улардан эшитган бу сўзларга ҳаддан ташқари ҳурсанд бўлиб, севиндилар. —У ҳолда қулоқ солинг, сизларга жаннатнинг хушхабарини бераман!»,− дедилар.