Робиъул-аввал ойининг 26-кун
Ҳижрий 1369-йил 26-робиъул аввал куни (милодий 1950-йил 15-январ) мусулмон араб оламида Физика фани олимларидан бири Али Мустафо Мушрифа 52 ёшида вафот этди.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам болалар билан ўйнаб юрганларида олдиларига Жаброил келган эди. Жаброил у Зотни олиб, ерга ётқизиб кўксиларини ёрди. Сўнг қалбларини олиб, ичидан зулукка ўхшаш бир нарсани чиқариб олди-да, бу шайтоннинг сендаги насибаси, деди. Кейин уни тиллодан бўлган жомда Замзам билан ювиб, ўрнига қайтариб солди. Болалар Ҳалима онанинг олдига югуриб келиб: «Муҳаммад қатл қилинди!» дедилар. Унинг олдига борсалар, ранги оппоқ бўлган ҳолда турган экан. Анас, ўшанинг тикилган изини у Зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўкракларида кўрар эдим, деди». Муслим ривоят қилган. Шарҳ: Бу ҳодиса тарихда «шаққуссодр»—кўксини ёриш номи билан машҳур. Бу ҳам Аллоҳ таоло томонидан Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни пайғамбарликка тайёрлаш чораларидан бири эди-ю, лекин бундан қўрқиб кетган Ҳалимаи Саъдия Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни оналари Оминага қайтариб олиб борди.