Бу аснода мушриклар ташқарида турган хотинларининг ёнигача чекиниб борган эдилар. Мусулмон ўқчилари бу манзарани кўргач, ғолибликка аниқ ишонч ҳосил қилиб, жанггоҳ томон туша бошладилар. «Эй ўқчилар! Ғаниматга етишинг, ғаниматга!−дейишиб бир-бирларини тарғиб қилишарди. Ўқчиларнинг қўмондони Абдуллоҳ уларга Расулуллоҳнинг тавсияларини эслатса ҳам, тингламадилар. Мушриклар яна қайтиб келишмайдиган бўлиб қочишяпди деб, ҳисоблашарди. Шу билан душманнинг рўпарасидаги ўтадиган йўл бўшаб қолганди, мусулмонларнинг орқа тарафидан душманнинг ҳужум қилиши учун қулай шароит вужудга келтиришга сабабчи бўлишганди. Мушриклардан туғни қўлга олганларнинг барчаси ўлдирилар эди, шу даражадаки, қўрққанидан ҳеч ким туғни қўлига олмай қўйганди. Бу аснода мушрикларнинг отлиқлари орқа тарафдан бостириб ҳужумга ўтдилар! Бири баланд товуш билан «Муҳаммад ўлдирилди! Муҳаммад ўлдирилди!»− деб бақирди. Шу сабабдан мусулмонлар орқага чекиниб, мушриклар тамоман мағлуб бўлаётган бир пайтда фурсатни қўлдан бой бердилар. У кун мусулмонлар учун бир имтиҳон куни эди. Душманлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам турган марказга қадар яқинлашдилар. Отилган тошлардан баъзилари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак юзларига тегди ва у Зотнинг озиқ тишларини синдирди. Юзлари қонаб, лаблари ёрилди. Юзларидан муборак қонлари оқарди. Ҳазрати Пайғамбар юзларидаги қонларини артар ва « Ўзларини Аллоҳга даъват қилган Пайгамбарнинг юзини қонга бўяган қавм қандай қилиб нажот топади?»− дер эдилар. Мусулмонлар Расулуллоҳнинг қаерда эканликларини билмас эдилар. Ҳазрати Али билан Талҳа ибн Убайдуллоҳ Расулуллоҳнинг қўлларидан ушлаб турардилар.Расулуллоҳ ўринларидан турдилар. Молик ибн Синон юзларидаги қонни артди. Расулуллоҳнинг бу орқага қайтишлари қочиш эмасди. Афсуски жангдаги вазият шуни тақозо қиларди ва янгидан ҳужум қилишликлари учун лашкарларни тартибга келтириш бунга мажбур қилар эди. Мусулмонларнинг бошига келган бу фалокат, бу зарар, Исломнинг азиз ёрдамчилари баъзи саҳобаларнинг шаҳид бўлишларига сабаб бўлишлиги, Расулуллоҳнинг ва дин ёрдамчиларининг бошларига келганларнинг барчаси фақат ўқчиларнинг жойларини тарк қилиб, ғанимат тўплашга кетишларининг оқибати эди. Расуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларини тингламаганларнинг жазоси эди булар. Ул Зот белгилаган жабҳани бўшатиб, унинг амрига охирги дақиқаларга қадар амал қилмаганлари сабабидан майдонга келганди бу воқеалар. «Аллоҳ ўз ваъдасининг устидан чиқди—сизлар Унинг изни билан кофирларни қира бошладингиз. То сусткашлик қилиб, (пайғамбар алайҳиссаломнинг) амру фармонлари борасида талашиб-тортишган ва Аллоҳ сизлар яхши кўрган нарсани (яъни ғалабани) кўзингизга кўрсатиб қўйганидан кейин пайҳамбарнинг амридан бош тортган пайтингизгача (бу устунликларингиз давом этди). Орангизда дунё истаган кишилар ҳам, охират истаган кишилар ҳам бор эди...» (Ол-и-Имрон сураси 152).