Сийрат китобларини ўқишга киришган ҳар бир инсон аввало сийратнинг қадрини ва кўп фойдалари бор эканини билмоғи лозим. Ҳозир биз сизларнинг эътиборингизга улардан муҳимларини келтириб ўтамиз:
1. Қуръонни тушунишда ёрдам беради. Қуръон бўлак-бўлак ҳолатда, бирор ҳодиса орқасидан ёки бирор мушкул ишни баён қилиш учун нозил бўлган. Масалан, Қуръони Каримда Бадр, Уҳуд, Аҳзоб, Табук ғазотлари ҳақида оятлар нозил бўлган. Сийратни ўқиб ўрганиш ушбу оятларнинг тафсирини тушунишда ёрдам беради.
2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини тушунишда ёрдам беради. Сийрат воқеаларидан бир ҳодиса ҳадис китобларида жуда қисқа ҳолатда келтирилган бўлиши, муҳаддислар бутун бошли ғазотдан бир ёки икки ўринни келтириш билан кифояланишлари мумкин. Бундай ҳолат ўқувчини сийрат китобларини ўқишга, бу воқеани қандай бўлгани, уни қайси вақтда бўлгани ва қандай ҳолатда бўлганини билишга ундайди. 3. Ислом ақидасини тушунишга ёрдам беради. Сийрат фанини ўрганиш фойдаларидан яна бири бу− Ислом ақидасини тушунишга ёрдам бериши. Чунки сийратни ўрганган инсон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ислом ақидасини қандай услубда етказганларини кўради. Ислом динини етказишда бошларидан ўтказган имтиҳонларни фақатгина сийратни ўрганиш орқали билиш мумкин. Масалан, Макка даврида мушриклар келтирган турли шубҳали саволларга гўзал ва чиройли тарзда жавоб берганлар. Бу даврда нозил бўлган оятлар ўлимдан сўнг қайта тирилиш қандай бўлишини ва жаннат, дўзах, ваҳий, пайғамбарлик каби Ислом ақидасига тегишли бўлган нарсаларни тушунишга ёрдам беради. Сийрати Набавий Ислом динининг ақидавий дарсларини ўргатишда Қуръон карим ва ҳадис шарифдан кейинги манба десак, хато бўлмайди. 4. Сийрат Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга иқтидо қилишни ўргатади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз аҳли аёллари ва бошқа инсонлар билан бўлган ахлоқларини, у Зотнинг саҳобалари ва дин душманлари билан бўлган муомалаларини ўргатади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга иқтидо қилиш у Зотнинг сийратларини ўрганиш билан янада мукаммаллашади. 5. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан муҳаббат пайдо бўлади. Сийратни ўрганиш билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббат янада зиёда бўлади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирингизни иймони, токи мен унга ота-онаси, боласи ва барча инсонлардан севикли бўлмагунимча, комил бўлмайди», деганлар. Агар сиз у Зотга муҳаббат қўймоқчи бўлсангиз, унда у Зотнинг сийратларини ўрганишингиз лозим. Агар сиз у Зотнинг қадрини билмоқчи бўлсангиз, унда у Зотнинг сийратларини ўрганишингиз лозим. Агар сизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз нафсингиздан ҳам севикли бўлишини хоҳласангиз, унда тезлик билан сийрат китобларини варақлашга тушинг. У Зотга бўлган муҳаббат у Зотнинг тарихларини ўқиш ҳамда ундаги ҳикматларга амал қилиш билан бўлади. 6. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ва аҳли оилаларига бўлган муҳаббат пайдо бўлади. Сийратни ўқиш билан Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг қадрларини, Умар розияллоҳу анҳу ҳақдан ботилни ажратганларини, Усмон розияллоҳу анҳунинг дунёни жаннатга алмаштирганларини, Али розияллоҳу анҳунинг шижоатларини, Муовия розияллоҳу анҳунинг ҳалимликларини, Ҳаббоб розияллоҳу анҳунинг дин йўлидаги сабрларини, Билол розияллоҳу анҳунинг собит қадамлигини, Муоз розияллоҳу анҳунинг фақиҳ эканларини, Абу Зарр розияллоҳу анҳунинг тўғри сўз эканлигини, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг зеҳнлари ўта кучли бўлганини, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг Қуръонни қай даражада билганларини билиш мумкин. Оналаримиздан Хадижа розияллоҳу анҳони Исломга биринчи кирганларини, Оиша розияллоҳу анҳонинг илмларини, Савдо розияллоҳу анҳонинг фазлларини, Жувайрия розияллоҳу анҳонинг баракаларини билиш мумкин. 7. Сийрат шаръий ҳукмларга кирувчи воситадир. Сийратни ўрганишнинг фойдаларидан бири ― толиби илмлар учун бошқа илмларни ўрганишда нарвон вазифасини бажаради. Балки сийрат шариат илмларининг онаси ҳисобланади. Ислом тарихини қандай бошлангани, Исломда биринчи ҳукмлар қандай татбиқ қилинганини ўргатади. Исломий адабиёт қандай ривожланганини, Ҳассон ибн Собитнинг шеърларини ўргатади. Ҳаж амали биринчи бор қандай қилинганини ўргатади. Фиқҳ фанини ўрганаётган инсон ҳам сийратга мурожаат қилади. Бир ҳукм «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадаги даврларида бўлганми?» ёки «Мадина даврида бўлганми?» мана шуларни ўрганиб, сўнгра ҳукм қилади. Бу ишда бўлса, сийрат жуда зарурдир. 8. Сийрат мусулмон, унинг оиласи, уйи ва жамиятининг маданиятини ўргатади. Сийрат ҳаёти бир йўлдир. Сизга Ислом ҳақида кенг тарзда маълумот беради. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай қилиб мусулмонни, унинг оиласини ва жамиятини шакллантирганларини ўргатади. Мадинада янги жамият қурилиши, Исломдаги биринчи масжиднинг барпо қилиниши, элчилик маданияти қандай бўлишини ўргатади. Ўша пайтдаги дунё подшоҳлари билан қандай муомала қилинганини ўргатади. Mусулмонлар нима сабабдан Бадр жангида ғалаба қозондилар, нима учун Уҳуд жангида мағлубиятга учрадилар, Аҳзоб куни қамалдан қандай қутулганларини ўргатади. 9. Сийрат бу руҳий бир саёҳатдир.Бундан нафслар уйғонади. Қалблар шижоатланади. Кўзлар ёш тўкади, жисмлар, руҳлар, ақллар, аъзолар шижоатланади. Сийрат сизга исломий тарбиянинг расмини чизиб беради. Ер юзида ҳали бирор кишининг сийрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сийратлари каби тарбия устунларга заҳира бўлган эмас.
Сийрат ўрганишдаги амалий услуб:1. Чин ихлос билан ўрганиш. Ниятни аввалдан яхши қилиш лозим бўлади. 2. Қалбда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан виқорни пайдо қилиб, сийратни хурмат билан ўрганмоқ. 3. Ўз олдига сийрат китобларини ўқишда вазифа қилиб олиш. Масалан, бугун фалон мавзуни ўрганаман, деб ўз олдига вазифа қилиб олиш лозим.
Акмал Мирҳамидов