8 жумадис сони 1446
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу (2)
Ҳижратлари
Умму Фазл эри Аббосдан ўғли Абдуллоҳ билан бирга Мадинага ҳижрат қилиш учун изн сўради. Аббос Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ўз оилалари билан биргаликда Мадинага ҳижрат қилишга изн сўраб хат ёздилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй амаки, менинг Пайғамбарлигим энг сўнги пайғамбарлик бўлганидек, сизнинг ҳижратингиз ҳижратнинг энг охиргиси бўлади», дедилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу хабарни эшитгандан кейин Аббос розияллоҳу анҳу сафар тадоригини кўриб, сафар учун керакли барча нарсаларни тайёрлаб қўйди. Умму Фазл ва болалар ҳам сафарга тайёр бўлишди. Болаларнинг энг олдинги сафида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриш ва у киши билан бирга туришга муштоқ бўлган Абдуллоҳ ибн Аббос турарди. Аббос розияллоҳу анҳу айтилган вақт келгач, бола-чақаларини олиб йўлга чиқди. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Маккадан Мадинага ҳижрат қилганда ёш бола эдилар. Макка билан Мадина орасидаги Жуҳфа деган жойга етиб келганда, Аббос Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни учратади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам катта қўшин билан Маккани фатҳ қилиш учун кетаётган эдилар. Аббос розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга қўшилиб, Макка фатҳи учун ортга қайтди. Умму Фазл розияллоҳу анҳо болалари билан сафарини давом эттириб, Мадинага кетдилар. Кейинчалик Умму Фазл ҳаётларининг охиригача Мадинада яшадилар.

Абдуллоҳ ибн Аббос нубувват хонадонида

Абдуллоҳ ибн Аббос онаси Умму Фазл билан Мадинага ҳижрат қилганда ҳали балоғат ёшига етмаган эди. Мадинага ҳижрат қилганидан жуда хурсанд. Негаки, тез кунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлади. Нажот ва саодат ваҳийи нозил бўладиган жойда бўлишини ёш Абдуллоҳ жуда ўткир зеҳни ва фаросати билан англаган эди. Абдуллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг илм булоқларидан баҳраманд бўлиш учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қаерга борсалар, У Зотнинг орқасидан қолмас, худди Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни тарк қилмайдиган сояларидай у киши билан бирга юрар эди. Абдуллоҳ Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан масжид ёки саҳобалар мажлисида бирга бўлиш билан чекланиб қолмас, доимо у Зотнинг уйларида ҳозиру нозир эдилар. Одатда вақтининг кўп қисми холаси, яъни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари Маймуна розияллоҳу анҳонинг уйида ўтарди. Кўпинча Абдуллоҳ шу хонадонда еб- ичиб, ўша ерда тунаб қоларди. Бир куни кечқурун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маймуна онамизнинг уйларига кириб келдилар. Қарасалар, Абдуллоҳ ухлаб қолган экан. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Болакай намозни ўқидими?», деб сўрадилар. Маймуна онамиз: «Ҳа, Абдуллоҳ Хуфтондан кейин ўқиладиган намозни ўқиб ётди», дедилар. Бу ҳақда Абдуллоҳнинг ўзи қуйидагича айтади: «Ўша пайт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам холамга нима деяётганларини эшитаётган эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйқуга кирдилар. Тун яримлаб қолганда, у Зот туриб таҳорат олдилар. Сўнг намозга киришдилар. Мен ҳам дарҳол ўрнимдан туриб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қолган сув билан таҳорат олиб, иштонимни яхшилаб боғладим-да, у Зотнинг чап томонларига туриб, иқтидо қилдим. У киши оҳисталик билан, қулоғимдан ушлаб, мени ўнг томонларига ўтказдилар. Сўнг беш ёки етти раъкат Витр намозини ўқидилар. Намознинг фақатгина охирги раъкатида салом бердилар». Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида юриши шунчаки вақт ўтқазиш учун эмас, балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бажарган амаллари ва дин ҳукмларини ўрганиш учун эди. Чунки Абдуллоҳ ибн Аббос Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баъзи амалларини бизга ривоят қилиб қолдирганларки, у хабарни фақатгина ёш Абдуллоҳдек ярим кечаси ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни қиладиган амалларини кузата олиш каби имкониятга эга бўлган кишигина ривоят қила олади. Мана, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг ўзлари бир куни холалариникида тунаб, ярим кечаси Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қилган ишларини кўриб, уни қуйидагича ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ярим тунда ўрниларидан туриб енгил таҳорат олдилар. Мен ҳам туриб, худди у кишидай таҳорат олдим. У Зот Аллоҳ қодир қилганча намоз ўқидилар. Мен ҳам у кишига иқтидо қилиб намоз ўқидим. Сўнг ухладилар. Уйқу овозини эшитдим. Сўнг у Зотнинг олдиларига муаззин келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат олмасдан намоз ўқиш учун масжидга чиқдилар». Ибн Аббос розияллоҳу анҳу яна бизга нубувват хонадонида бўлган муҳим воқеани тасвирлаб беради: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида эдим. У Зот чанқоқликларини босмоқчи бўлиб турдилар, таҳорат олдилар, сўнг тик туриб сув ичдилар». Бир куни Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ўзига ўзи: «Аллоҳга қасамки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қилганларидек қиламан», деб туриб, таҳорат олди ва тик туриб сув ичди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ортидаги сафга туриб, у Зотга иқтидо қилди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг томонларидан баробарларига ўтиб сафни олишини ишора қилдилар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинроқ туришни истамасдан орқа сафда тураверди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам намозни тугатиб бўлгач: «Намозда менинг баробаримда туриб сафда туришингдан нима сени тўсиб қўйди?»−дедилар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг Расули, сиз мен учун буюк ва азиз инсонсиз. Ахир мен қандай қилиб сизнинг баробарингизда бўлиб қолишим мумкин?» деди. Ибн Аббоснинг бу жавобидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ҳаққига: «Эй Аллоҳим, унга ҳикматни ато қил», деб дуо қилдилар.

08:27 / 27.06.2020
Кейинги мақола
Сахобалар
Ҳазрати Умарнинг Исломга келишлари
Жоҳилий жамият руҳида ўсган ҳазрати Умар Ислом янги пайдо бўлганида унга қаттиқ қаршилик кўрсатганлардан бири бўлганлар. Лекин у кишидаги соф табиат бир кун келиб ўзини кўрсатиши турган гап эди. Бунин...
15:58 / 23.08.2023 Батафсил...
Сахобалар
Адолатли сиёсат даҳоси
(Саид ибн Омир розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рисолат уммонларидан файз олиб ўсган ва ўша тенги йўқ зотнинг ҳидоят нурларидан насибаланиб, инсониятга йўл кўрсатган юлду...
14:29 / 22.08.2023 Батафсил...
Сахобалар
Фаришталар ювинтирган саҳоба
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида, ҳижрий 3-санада жарчи ҳаммани Уҳуд ғазотига чорлай бошлади. Ҳанзала розияллоҳу анҳу бу нидони эшитиб, дарҳол қурол-аслаҳаларини олиб, урушга тайё...
17:02 / 31.07.2023 Батафсил...
Сахобалар
Абу Закариё Яҳё ибн Муоз Розий розияллоҳу анҳу
Абу Закариё Яҳё ибн Муоз Розий розияллоҳу анҳу — бу киши воизлик билан танилган. Ҳусайн воиз Кошифийга ўхшаб. Ҳаким-ўта ҳикматга бой бўлганлар. Ўткир жуда ҳам чуқур гапларни гапирганлар. Аллоҳ т...
16:00 / 27.07.2023 Батафсил...