Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу олимларнинг султонигина бўлиб қолмасдан, ёшликлариданоқ обид ва зоҳидларнинг энг пешқадами эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйлари у кишига ибодат ва зуҳд фиқҳини ўргатган биринчи мадраса ҳисобланади. Қандай қилиб у кишини зоҳид ва обидларнинг пешқадами демаслик мумкин, ахир у киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида дунёга келиб, уларнинг тарбияларида ўсди-ку! Ибн Мулайкаҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Ибн Аббос билан Маккадан Мадинагача бирга борганман. Йўлда тунайдиган бўлсак, ярим кечаси туриб, Қуръон тиловат қилар ва кўп зикр қилар эди». Ибн Аббос розиzллоҳу анҳу тоат-ибодат йўлида ўзи учун жуда ҳам қадрли бўлган нарсаларидан воз кечишга тайёр эди. Ҳатто ўша қадрли нарса инсон учун энг керакли аъзо ҳисобланган кўз бўлса ҳам. Кўзларига сув кириб қолганда, табиблар келиб, «Бизга қўйиб беринг. Кўзингизни ичидаги сувларни чиқарамиз ва тузалиб қоласиз. Лекин беш кунча намоз ўқий олмайсиз», дейишди. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Йўқ. Ундай бўлса керак эмас. Аллоҳга қасамки, мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Кимки бир вақт намозни қасддан тарк қилса, эрта қиёмат кунида Аллоҳ таоло ундан ғазаб қилган ҳолда у Аллоҳга йўлиқади», деган сўзларини эшитганман», деб жавоб берди. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Аллоҳдан қўрқиб жуда кўп йиғлар эди. Ҳатто кўп йиғлаганидан кўзлари остида чизиқлар пайдо бўлиб қолган экан. Товус ибн Кайсон раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади: «Ибн Аббос розияллоҳу анҳучалик Аллоҳнинг буйруқ ва қайтариқларига қаттиқ амал қиладиган кишини кўрмадим. Аллоҳга қасамки, ҳозир у кишини эсласам, кўз ёшимни тўхтатолмайман». Абу Ражо раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади: «Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг мана бу жойи кўз ёши оқадиган йўлакча эди. Ундаги йўлакча худди шиппакнинг эски ипига ўхшарди».