21 жумадул аввал
1446
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу (11)
САҲОБА ВА ТОБЕИНЛАРНИНГ МАҚТОВИ
Аллоҳ таоло Ибн Аббос розияллоҳу анҳуга ноёб истеъдод, ўткир фикр, битмас илм ва ҳозиржавоблик каби ажойиб неъматларини ато қилган эди. Ибн Аббос ҳақларида «У ширин ва мазали асал йиғиш учун гулдан гулга қўниб юрадиган асаларига ўхшар эди», дейилган. Дарҳақиқат, Ибн Аббос розияллоҳу анҳу мақташга арзийдиган инсон эди. У киши барча нарсада пешқадам, илм борасида денгиз, Қуръон таржимони, илм талаб қилишдан тўхтамайдиган фазилат соҳиби эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у киши ҳақида «Келажакда етук олим бўлади », деб хушхабар берган эдилар. Келинг, у киши ҳақида саҳоба ва тобеинлар айтган сўзлар билан танишиб чиқайлик: Саъд ибн Аби Ваққос розияллоҳу анҳу Абдуллоҳ ибн Аббос ҳақларида: «Ўткир фаҳм, ақлу идрок, илм ва ҳалимлик борасида Ибн Аббосдан кўра кучлироқ инсонни кўрмадим», дедилар. Убайдуллоҳ ибн Утба розияллоҳу анҳу: «Ибн Аббос бир неча хислатларда бошқалардан ўзиб кетган эдилар. Ибн Аббосда ҳеч ким эришолмаган илм, ҳамма унинг фикрига муҳтож бўладиган фиқҳ, ҳалимлик, олийнасаб ва топағонлик каби хислатлар бор эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадислари, Абу Бакр, Умар ва Усмон розияллоҳу анҳумнинг фатволарини у кишидан кўра кучлироқ биладиган одам йўқ эди. Қийин масалани ечишда у кишидан кўра ўткир фикрли инсон йўқ эди. Биз у кишининг илмий суҳбатларида бўлардик. Бир кеча тўлиқ ғазавотлар ҳақида, яна бир кеча тўлиқ араб насаблари ҳақида ва яна бир кеча тўлиқ шеър ҳақида гапириб берар эдилар», деди. Абу Воил розияллоҳу анҳу айтади: «Ибн Аббос бизга маъруза қилиб бердилар. У киши ўша йили мавсумнинг амири эдилар. Маърузани «Нур» сурасидан бошладилар. Сурани ўқиб тафсир қилар эдилар. У кишининг маърузаларини эшитиб, «Бунақа маъруза қиладиган одамни кўрмаганман, ҳатто эшитмаганман. Агар форс ва турклар мана шу маърузани эшитганида эди, аниқ Исломга кирган бўларди», дедим». Масруқ розияллоҳу анҳу айтади: «Ибн Аббосга қараганимда, «Бу инсонларнинг энг кўрками», дердим. Агар у киши гапирса, «Инсонларнинг энг ўткир нотиқи», дердим. Агар у киши ҳадис айтса, «Инсонларнинг энг кучли олими», дердим. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан уч марта Қуръонни ўтказиб олдим. Ҳар бир сурада тўхтаб, бу ким ҳақида нозил бўлган ва ўша воқеа қандай бўлган», деб сўрар эдим». Қосим ибн Муҳаммад розияллоҳу анҳу айтади: «Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг мажлисларида бирор марта ботил (бўлмағур) нарсани кўрмадим». Товус ибн Кайсон розияллоҳу анҳу айтади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг беш юзга яқин саҳобаларини кўрганман. Улар бир масалада тортишиб қолишса, Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг сўзини қабул қилишарди». Абу Мулайка розияллоҳу анҳу айтади: «Мужоҳиднинг қўлида бир неча лавҳлар бор эди. Уни Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан Қуръон оятларининг тафсирини сўраётганини кўрдим. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу унга: «Бу оят ҳақида мана бундай ёз», дер эдилар. Мужоҳид у кишидан Қуръон оятларини ҳаммасининг тафсирини сўраб олди». Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳу: «Ибн Аббосдек (илмли) бирор кишини кўрмадим», деди. Саид ибн Мусаййиб розияллоҳу анҳу: «Ибн Аббос розияллоҳу анҳу инсонларнинг энг кучли олимидир», деди. Саид ибн Жубайр розияллоҳу анҳу: «Ибн Аббос розияллоҳу анҳу менга ҳадис айтар эдилар. Агар менга изн берганларида эди, пешоналаридан, албатта, ўпиб олган бўлардим», дедилар. Мужоҳид розияллоҳу анҳу айтади: «Ибн Аббос розияллоҳу анҳу илмлари кўплигидан«денгиз» деган номни олганлар».
10:23 / 30.10.2014
6504
Аввалги мақола
Aбдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу (10)
Сахобалар
4778
Кейинги мақола
Сахобалар
Жоҳилий жамият руҳида ўсган ҳазрати Умар Ислом янги пайдо бўлганида унга қаттиқ қаршилик кўрсатганлардан бири бўлганлар. Лекин у кишидаги соф табиат бир кун келиб ўзини кўрсатиши турган гап эди. Бунин...
15:58 / 23.08.2023
Сахобалар
(Саид ибн Омир розияллоҳу анҳу)
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рисолат уммонларидан файз олиб ўсган ва ўша тенги йўқ зотнинг ҳидоят нурларидан насибаланиб, инсониятга йўл кўрсатган юлду...
14:29 / 22.08.2023
Сахобалар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида, ҳижрий 3-санада жарчи ҳаммани Уҳуд ғазотига чорлай бошлади. Ҳанзала розияллоҳу анҳу бу нидони эшитиб, дарҳол қурол-аслаҳаларини олиб, урушга тайё...
17:02 / 31.07.2023
Сахобалар
Абу Закариё Яҳё ибн Муоз Розий розияллоҳу анҳу — бу киши воизлик билан танилган. Ҳусайн воиз Кошифийга ўхшаб. Ҳаким-ўта ҳикматга бой бўлганлар. Ўткир жуда ҳам чуқур гапларни гапирганлар. Аллоҳ т...
16:00 / 27.07.2023
ٍКўп кўрилганлар