13 шаъбон 1446
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочлари

Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Анасга: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочлари қандоқ эди?» дедим. «Сочлари тўлқин сифат: жуда жингалак ҳам, жуда юмшоқ ҳам эмас эди. Икки қулоқлари билан елкалари ўртасида турарди», деди». Икки шайх ва Термизий ривоят қилган.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочлари елкаларига уриб турарди». Бошқа бир ривоятда: «Қулоқларининг ярмига» Яна бошқа бир ривоятда: «Икки қулоқларининг юмшоқ ерига», дейилган. Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган. Шарҳ: Бундан баъзи вақтларда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сочлари янги олдирган ва ўсган пайти эътиборидан қулоқларининг уст қисмида, баъзи вақтда қулоқларининг юмшоқ жойига баробар ва баъзида елкаларига тегиб турадиган ҳолатлар бўлгани келиб чиқади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Аҳли китоблар сочларини тушириб юришар эдилар. Мушриклар эса бошларидан фарқ очар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига амр қилинмаган нарсада аҳли китобларга мувофиқ иш қилишни яхши кўрар эдилар. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пешона сочларини тушириб юрдилар.  Сўнгра, кейинроқ фарқ очдилар». Учовлари ривоят қилган. Шарҳ: Ўша пайтда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ мусулмонлар бутпараст мушриклар ва аввал самовий китобга эга бўлган яҳудий ҳамда насронийлар билан алоқада бўлар эдилар. Баъзи ишларда мазкур икки томондан бирини танлаш зарурати туғилиб қолар эди. Шунда мусулмонлар доимо аҳли китоблар томонини олар эдилар. Мисол учун, Рум ва Форс давлатлари уруш қилсалар аҳли китоб бўлгани учун мусулмонлар румликларнинг тарафини олар эдилар. Чунки Ислом ҳам ўша аҳли китоблар ишининг охирги ва мукаммал нуқтаси эди. Ўша вақтдаги аҳли китоблар динлари ва илоҳий китобларини бузган бўлсалар ҳам ,мусулмонларга мушриклардан кўра яқинроқ эдилар. Шунинг учун ҳам: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига амр қилинмаган нарсада аҳли китобларга мувофиқ иш қилишни яхши кўрар эдилар». Албатта, Аллоҳдан амр келган ишларда бошқаларнинг қилмишига ҳеч қандай эътибор йўқ. Аммо баъзи ишларда Аллоҳнинг амри йўқ бўлса, худди ўша ишни мушриклар бир хил, аҳли китоблар бошқа хил қиладиган бўлсалар, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳли китобларнинг услубини танлар эдилар. Жумладан, сочни тарашда: «Аҳли китоблар сочларини тушириб юришар эдилар». Яъни аҳли китоблар пешоналаридан фарқ очмай сочларини олдинга тушириб юрар эдилар. «Мушриклар эса бошларидан фарқ очар эдилар». Яъни пешонадан фарқ очиб, сочни икки ён томонга тараш мушрикларнинг иши эди. Бу масалада Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга амр ҳам келмаган эди. «Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пешона сочларини тушириб юрдилар». Бу билан аҳли китобларга мувофиқ иш тутиб, мушрикларга хилоф қилдилар. Вақти-соати етиб у зотга Аллоҳ таолонинг амри келганда эса: «Сўнгра, кейинроқ фарқ очдилар». Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочларини ювиб, сўнг фарқ очиб тараб қўйишлари ҳақида бир неча ривоятлар келган. Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошларининг олд қисми ва соқоллари мошгуруч эди. Мойлаган пайтларида билинмай қолар эди. Бошлари тўзиб турганда билинар эди. У Зотнинг соқоллари қалин эди». Бир киши: «Юзлари қилич мисоли эдими?» деди. «Йўқ. Қуёш ва ой мисоли эди. Думалоқ эди», деди у». Муслим ривоят қилган.
00:57 / 27.06.2020
Кейинги мақола
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31.10.2024 Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22.10.2024 Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02.10.2024 Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...