Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёга келганларидан сўнг Омина онамиз қайноталари Абдулмутталибга одам жўнатиб, набирали бўлганликлари хабарини етказади. Бу хушхабардан беҳад қувонган Абдулмутталиб чақалоқни олиб келиб, Каъбанинг ичига киради, Аллоҳга дуолар қилиб, шукроналар айтади ва шу ерда муборак набирасига «Муҳаммад» деб исм қўяди. Қизиқ, ота-боболарининг урфида бўлмаган бу исмни Абдулмутталиб нимага асосланиб қўйган экан?
Бу борада иккита асос бор:
1. Абдулмутталиб тушида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилишларидан олдин бир учи осмонда, бир учи ерда, яна бир учи шарқда ва бир учи ғарбда бўлган мисоли бир кумуш занжирнинг белидан чиққанини кўради. Кейин ҳалиги занжир мисоли бир дарахтга айланади, ҳар бир япроғида нур бўлиб, машриқу мағриб аҳолиси ўша дарахтга осилишаётган ва уни тинмай мақташаётган эди. Кўрган тушини таъбирчиларга айтиб берганида, улар унинг пушти камаридан бир фарзанд дунёга келишини, бутун машриқу мағриб аҳолиси унга эргашишини ва еру осмон аҳли уни мақташларини таъбир қилишади. Абдулмутталиб мана шу тушга асосланиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга «Муҳаммад» деб исм қўйган.[1]
2. Омина онамиз ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳомиладорлик пайтида бир туш кўради. Тушида муборак ўғил кўриши башорат қилинади ва туғилганида «Муҳаммад»[2] деб исм қўйиши буюрилади. Вақт-соати келиб, Омина онамиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни дунёга келтирганида, бу тушини Абдулмутталибга айтиб беради. Абдулмутталиб тушларнинг бежиз эмаслигини тушунади[3].
Дарвоқе, Замзам қудуғининг қаерга кўмилгани ҳам, уни очиш ҳам Абдулмутталибга тушида билдирилган эди!
Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилганларининг еттинчи куни Абдулмутталиб муборак набираси номидан, ўша пайтдаги арабларнинг одатига кўра, қўчқор сўйиб, Қурайш улуғларини чақириб, зиёфат беради. Меҳмонлар зиёфат сўнгида: «Бу набирангнинг шарофати ила бизни жуда сийладинг, унга қандай исм қўйдинг?» деб сўрашади, у: «Муҳаммад деб исм қўйдим», дейди. Улар: «Ота-боболарингда бунақа исм йўқ-ку?» деб ажабланишганида, у: «Мен бу набирамнинг ерда ҳам, осмонда ҳам доимо мақталишини хоҳладим», деган жавобни беради»[4].
Аслини олганда, Аллоҳ таолонинг ўзи сўнгги пайғамбарининг исми «Муҳаммад» бўлишини ирода этган ва бу илоҳий ироданинг рўёбини Абдулмутталиб билан Омина онамизга туш орқали илҳом қилиб, юзага чиқарган.
Ушбу ишнинг хабари асл Тавротда «Муҳаммад» деб, асл Инжилда «Аҳмад» деб келган эди[5].
Абдул Азим ЗИЁУДДИН.
[1] Имом Олусий, «Руҳул маъоний» (4/73); Абдур Раҳмон Суҳайлий, «Ар-равзул унф фи шарҳис сийратин набавия ли Ибн Ҳишом» (1/182); Шайх Муҳаммад Тоййиб Нажжор, «Ал-қовлул мубин фи сийрати саййидил мурсалин» (1/84).
[2] Барча ровийлар Омина онамизнинг тушида Пайғамбаримизга «Муҳаммад» деб исм қўйиши буюрилган, деганлар. Фақат Ибн Саъдгина «Муҳаммад»нинг ўрнига «Аҳмад» деб ривоят қилган.
[3] Муаллифлар Ибн Исҳоқ, Ибн Ҳишом ва Воқидий каби сийрат уламоларининг ривоятларига асосланишиб, китобларида ушбу маълумотни баён қиладилар.
[4] Бу маълумотни Ҳофиз Абу Бакр Аҳмад Байҳақий «Далоилун нубувваҳ» (1/40) ва Ибн Асокир «Тариху Димашқ» (3/81) китобларида ривоят қилишган бўлиб, барча муаллифлар китобларида мана шунга асосланишади, натижада бу маълумот жуда ҳам машҳур бўлиб кетади.
[5] Муҳаммад ибн Абу Бакр ибн Қаййим Жавзия, «Жалоул афҳом» (4/55); Қози Муҳаммад Сулаймон Мансурфурий «Раҳматул лил оламийн» (1/31); Муҳаммад ибн Юсуф Шомий, «Субулул ҳудо вар рашод фи сийрати хойрил ъибод» (1/418); «Иқоматул ҳужжати ъалал оламийн би нубуввати хотамин набиййин» (2/194).