Робиъул-аввал ойининг 25-куни
- Ҳижрий 13-йил 25-робиъул-аввал куни (милодий 634-йил 30-май) мусулмонлар Шомнинг Бусро шаҳрини Холид ибн Валид қўмондонлигида фатҳ қилдилар ва бу Ислом тарихидаги Шомга бўлган биринчи фатҳ ҳисобланади.
- Ҳижрий 306-йил 25-робиъул-аввал куни (милодий 918-йил 5-сентябр) Шофеъий мазҳабининг катта фақиҳи Аҳмад ибн Умар ибн Сурайж вафот этди. У зот Шофеъий мазҳабини тарқалишида ўзининг катта ҳисссасини қўшган олимлардан бири ҳисобланади.
- Ҳижрий 1329-йил 25-робиъул-аввал куни (милодий 1911-йил 5-апрел) шайх Муҳаммад Мутавалли Шаъровий таваллуд топди. Бу зот 20-аср Ислом оламининг кўзга кўринган забардаст олимларидан бўлган.

Бир куни Исломга қарши ўз адовати ила машҳур бўлган Абу Жаҳл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Сафо тепалиги яқинида ўтирганларида олдиларидан ўтиб кетаётиб У зотга қаттиқ озор бериб сўкди. Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам унга бир нарса демадилар. Абдуллоҳ ибн Жудъон исмли кишининг озод қилган чўриси бу хабарни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Ҳамзага бориб айтди. Ҳамза ўша пайтнинг энг довюрак, баҳодир кишиси эди. Хабарни эшитиб Ҳамзанинг ғазаби жумбушга келди. Ўрнидан сапчиб туриб қуролини қўлга олди. У Абу Жаҳлни излаб топди. У Байтуллоҳ яқинида одамлар билан гаплашиб ўтирар эди. Ҳамза Абу Жаҳлнинг олдига етиб бориши билан бошига камон билан бир тушириб қонини оқизди ва: «Мен унинг динида бўлсам ҳам, унинг айтганини айтадиган бўлсам ҳам, сен уни сўкадиган бўлиб қолдингми!?» деди. Абу Жаҳл жим қолди. Ҳамза мусулмон бўлди. Қурайш кофирлари бундан жуда ҳам паришон бўлдилар. Чунки ўша пайтдаги жамиятда Ҳамзанинг тутган ўрини жуда ҳам муҳим эди.