8 жумадис сони 1446
Қурайшнинг Ҳабашистонга элчи юбориши

Албатта, кўзда тутилаётган элчилик осон эмас эди. Шунинг учун ҳам қурайшликлар бу ишга яхши тайёргарлик кўрдилар ва элчилик вазифасига ораларидан энг етук кишиларни танладилар. Элчилар икки кишидан иборат бўлиб, уларнинг бири Абдуллоҳ ибн Абу Робиъа, иккинчиси Амр ибн Осс эди. Қурайшликлар ўз элчиларига Маккадаги энг яхши, нодир нарсалардан Ҳабашистон подшоҳи ва унинг аъёнларига бериш учун ҳадялар тақдим қилишда сахийлик кўрсатишди. Икки элчи Ҳабашистонга етиб борганларидан сўнг, аввало, подшоҳнинг атрофидаги аъёнларни қўлга олдилар. Уларни ўзлари билан олиб келган ҳадялар ила рози қилдилар. Кейин эса Ҳабашистон подшоҳи Нажошийнинг қабулига кирдилар. Салом-аликдан сўнг элчилар Нажошийга таъзим бажо келтириб: «Подшоҳнинг юртига биздан баъзи бир эси паст ёшлар қочиб келдилар. Улар ўз қавмининг динини тарк қилганлар. Сизларнинг динингизга ҳам кирмаганлар. Улар ўзлари янги дин ихтиро қилганлар. Уни бизлар ҳам билмаймиз, сизлар ҳам билмайсизлар. Бизларни ҳузурингизга уларнинг улуғлари: оталари, амакилари ва қабиладошлари сиздан бизга қайтариб берилишларини тилаб юбордилар», дейишди. Подшоҳнинг аъёнлари ҳам дарҳол: «Подшоҳимиз, булар тўғри сўзлайдурлар. Уларни қайтариб беринг», дедилар. Нажошийнинг ғазаби чиқди. Уларнинг гапини қабул қилмади. Аввал мусулмонлар билан ҳам гаплашиб кўришга қарор қилди. Уларни олиб келиш учун одам юборди. Шунингдек, ўзининг диний олимларини ҳам чақиришга амр берди. Ҳаммалари ҳозир бўлганларидан кейин Нажоший мусулмонларга қараб: «Қавмингиздан ажраб, менинг динимга ҳам, бошқа миллатларнинг динига ҳам кирмай ўзингиз кирган дин қандоқ дин?» деди. Мусулмонларнинг бошлиғи Жаъфар ибн Абу Толиб Нажошийнинг бу саволига жавоб берди: «Эй подшоҳ! Биз жаҳолат аҳли бўлган қавм эдик. Бутларга ибодат қилар эдик. Ўлимтикларни ер эдик. Фаҳш ишларни қилар эдик. Қариндошлик алоқаларини узар эдик. Қўшничиликни ёмон қилар эдик. Кучлиларимиз кучсизларимизни ер эди. Ана шундоқ бир ҳолатда эдик. Аллоҳ бизга ўз ичимиздан пайғамбар юборди. Биз унинг насабини, ростгўйлигини, омонатли ва иффатли эканини билар эдик. У бизни Аллоҳга, У Зотнинг ёлғизлигига иймон келтиришимизга, У Зотга ибодат қилишимизга, У Зотдан бошқа ўзимиз ва ота-боболаримиз ибодат қилган тошларни ва бутларни тарк қилишга даъват қилди. У бизни ростгўй бўлишга, омонатни адо қилишга, қариндошлик алоқаларини мустаҳкамлашга, яхши қўшничилик қилишга, ҳаром ишлардан ва қон тўкишдан ҳазар қилишга буюрди. У бизларни фаҳш ишлардан, ёлғон сўзлашдан, етимнинг молини ейишдан, покиза аёлларга туҳмат қилишдан қайтарди», деб яна бир қанча нарсаларни айтиб ўтди ва сўзида давом этиб: «Биз уни тасдиқладик ва унга иймон келтирдик. Биз у Аллоҳдан келтирган нарсаларга эргашдик. Аллоҳнинг ёлғиз Ўзига ибодат қилдик. У Зотга ҳеч бир нарсани шерик қилмадик. У Зот бизга нимани ҳаром қилса, ўшани ҳаром билдик. У Зот бизга нимани ҳалол қилса, ўшани ҳалол билдик. Шунда қавмимиз бизга адоват қилди. Улар бизни азобладилар. Улар бизни динимизда синовга учратдилар. Улар бизни Аллоҳ таолонинг ибодатидан бутларга ибодат қилишга қайтармоқчи бўлдилар. Авваллари ҳалол ҳисоблаб юрган ифлос нарсаларни яна ҳалол санашга қайтишимизни хоҳладилар. Улар бизга қаҳр, зулм ва тазйиқ ўтказиб динимиздан тўсмоқчи бўлганларида сизнинг юртингизга чиқдик. Эй подшоҳ! Бошқаларни қўйиб сизни ихтиёр қилдик, сизга қўшни бўлишга рағбат қилдик. Сизнинг ҳузурингизда зулмга учрамасак керак, деб умид қилдик». Заррача ақли бор, заррача тафаккури бор, заррача инсофи ва заррача одамгарчилиги бор ҳар қандай одам боласини ларзага соладиган бу гапларни Нажоший диққат билан тинглади ва Жаъфар ибн Абу Толибга: «Сенда соҳибингиз Аллоҳдан келтирган нарсадан бирор намуна борми?» деди. Жаъфар ибн Абу Толиб Марям сурасининг аввалидан тиловат қилиб берди. Тиловатни эшитиб, Нажошийнинг кўзларидан ёш дув-дув тўкилиб соқолини ҳўл қилди. Унинг диний олимлари ҳам роса йиғладилар. Уларга Жаъфар ибн Абу Толибнинг пурмаъно сўзларидан кейин тиловат қилган оятлар қаттиқ таъсир қилган эди. Зотан, бу нарсалар таъсир қилмаган одамнинг одамийлиги шубҳали бўлиб қолиши турган гап. Орага тушган сукунатни биринчи бўлиб Нажошийнинг ўзи бузди: «Албатта, ушбу нарса ва Ийсо келтирган нарса бир чироқдондан чиққандир», деди-да, Қурайш элчиларига: «Сизлар бораверинглар! Аллоҳга қасамки, буларни сизга топширмайман!» деди. Элчилар ҳам бўш келишмади. Уларнинг бири − Амр ибн Осс фитна қўзишга уриниб: «Эй подшоҳ! Улар Ийсо ибн Марям ҳақида катта бўҳтон айтурлар!» деди. Нажоший мусулмонларга қараб: «Ийсо ибн Марям ҳақида нима дейсизлар?» деди. Бу саволга мусулмонларнинг раҳбари Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу жавоб қайтариб: «Биз унинг ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам нима десалар, шуни айтамиз: у Аллоҳнинг бандаси, расули, руҳи ва калимасидир. У Зот уни пок ва тақводор Марямга илқо қилгандир», деди. Бу гапни эшитиб Нажоший ерга энгашиб бир чўпни олди-да, уни кўрсатиб туриб: «Аллоҳга қасамки, Ийсо ибн Марям сен айтган нарсага мана шу миқдорича ҳам зиёда қилган эмас», деди. Сўнгра мусулмонларга ширин сўзлар айтди ва улар омонликда эканликларини эълон қилди. Қурайш элчилари ноумид бўлиб ортларига қайтдилар. Муҳожир мусулмонлар Ҳабашистон ерида тинч-омон истиқомат қилдилар. Ерлик аҳоли билан алоқалари яхши бўлди. Душман ҳужум қилганда мусулмонлар Нажоший аскарлари билан елкама-елка туриб Ҳабашистон ерини босқинчилардан ҳимоя қилдилар. Тарихчиларимизнинг таъкидлашларича, Ҳабашистонга биринчи мусулмонларнинг ҳижрат қилиб етиб бориши пайғамбарлик келганидан кейинги бешинчи санада бўлган. Жаъфар ибн Абу Толиб ва баъзи шериклари еттинчи ҳижрий санагача Ҳабашистонда бўлганлар. Ўша санада Хайбар урушидан кейин Мадинаи Мунавварага қайтиб келганлар. Бундан улар Ҳабашистонда ўн беш йил истиқомат қилганлари билинади. Албатта, улар мазкур муддатда ерли аҳолини Исломга чақирган бўлишлари керак. Эҳтимол, ана ўша даъват таъсиридадир, ўша пайтда ҳабашистонлик насоролар гуруҳи Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келганлар.

19:39 / 11.04.2012
Аввалги мақола
Ҳабашистон ҳижрати
Кейинги мақола
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...