8 жумадис сони 1446
Маҳзунлик йили

Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга пайғамбарлик келганига ўн йил тўлган эди. Ислом учун ўта нозик бир пайт. Ҳар қандай кишининг бир оз мойиллиги ҳам мусулмонларнинг катта хурсандчилигига сабаб бўладиган бир пайт эди. Ўшандоқ бир пайтда мусулмонларга, хусусан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга Исломнинг биринчи кунидан буён асосий ёрдамчи бўлиб келаётган киши вафот этди. Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари, мўминларнинг оналари Хадижа бинти Хувайлид розияллоҳу анҳо бу дунёни тарк этдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўнгилларини доимий равишда кўтариб турувчи, у кишига бош маслаҳатчи бўлган, биринчи бўлиб иймон келтирган ва фазилатларини санаб адоғига етиб бўлмайдиган бир улкан маконатли зот у дунёга риҳлат қилдилар. Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз уйларида етим болалари билан қолдилар. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ Ислом жамияти учун оғир жудолик эди. Хадижа онамизнинг вафотларидан бир ойу беш кун ўтиши билан иккинчи мусибат содир бўлди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Абу Толиб вафот этди. Ўзи мусулмон бўлмаса ҳам, Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни кофирларнинг доимий ҳужумларидан ҳимоя қилиб келаётган одам бу дунёдан кўз юмди. Бу ҳам ғоятда катта йўқотиш эди. Ушбу икки улкан мусибатни ва кейин зикри келадиган бошқа мусибатларни ҳисобга олиб ўша йилни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам «маҳзунлик йили» деб атадилар. Абу Толиб вафот этганидан кейин қурайшликлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга унинг тириклигида етказа олмаган озорларини етказа бошладилар. Бир куни Қурайшнинг эсипастларидан бири Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошларидан тупроқ тўкиб юборди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйларига бошлари тупроққа қорилган ҳолда кириб бордилар. У Зотнинг қизларидан бирлари йиғлаб бошларидаги тупроқни ювдилар. У Зот бўлса: «Қизгинам, йиғлама. Албатта, Аллоҳнинг Ўзи отангни сақлайдир», дер эдилар. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиб саждага борганларида Уқба ибн Абу Муъайт туянинг қорнини олиб келиб у Зотнинг бошлари аралаш елкаларига ташлади. Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак бошларини кўтара олмай қолдилар. Кофирлар эса бир-бирларига қараб кулар эдилар. Ҳеч ким бирор ёрдам қилишга ботина олмас эди. Охири бир одам бориб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Фотимани чақириб келди. Фотима келиб ўша нарсани у Зотнинг устиларидан олиб ташлади ва мушрикларни қарғади. Ана шундоқ оғир бир пайтда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Ислом даъватини Маккадан бошқа ерда ҳам қилиб кўриш ҳақида тафаккур қила бошладилар. Бу жой ўша пайтларда ҳамма жиҳатдан Маккадан кейинги иккинчи ўринда турадиган Тоиф шаҳри бўлиб кўринди. У Зот Тоифга боришга қарор қилдилар.

19:46 / 11.04.2012
Аввалги мақола
Кейинги мақола
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...