У зот ҳожилар шайтонга тош отадиган «Ақаба» номли жойда Ясрибда истиқомат қилувчи Хазраж қабиласига мансуб бир гуруҳ кишиларга дуч келдилар. Улар олти кишидан: Асъад ибн Зарора, Авф ибн Ҳорис, Рофеъ ибн Молик, Қутба ибн Омир, Уқба ибн Омир ва Жобир ибн Абдуллоҳлардан иборат эдилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан:
«Сизлар ким бўласизлар?» деб сўрадилар.
«Хазражликлармиз», дейишди.
«Яҳудийларнинг дўстлариданми?» дедилар.
«Ҳа», дейишди.
«Ўтирсаларингиз, бир гапим бор эди», дедилар.
«Хўп», деб ўтиришди.
У зот уларни Аллоҳга даъват қилдилар. Қуръони каримдан тиловат қилиб бердилар ва Исломга чақирдилар.
Мазкур хазражликларнинг қалбларида Исломга кириш тайёргарлиги бор эди. Уларнинг юртида яҳудийлар ҳам яшар эдилар. Яҳудийлар аҳли китоб бўлганлари учун кўп нарсаларни билар эдилар. Агар араблар билан яҳудийлар ўртасида жанжал чиқиб қолса. яҳудийлар уларга:
«Бизнинг пайғамбаримиз чиқиш вақти яқинлашиб қолди. Биз унга эргашамиз ва сизларни Од ва Ирамга ўхшатиб қатл қиламиз», дер эдилар.
Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур хазражликларга гапириб бўлишлари билан улар бир-бирларига қарашиб:
«Билдингизми?! Бу яҳудийлар васф қиладиган пайғамбарнинг худди ўзи-ку! Улардан олдин иймон келтириб қолиш керак!» дедилар.
Уларнинг барчалари иймонга келдилар. Сўнгра Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга:
«Биз ўз қавмимизни қолдириб келганмиз. У қавмга ўхшаш адоватли ва ёмон қавм бўлмаса керак. Шояд, Аллоҳ уларни сизнинг сабабингиздан жам қилса. Биз бориб уларни ҳам сизнинг ишингизга даъват қиламиз. Уларга сиздан қабул қилган динни арз қиламиз. Агар Аллоҳ уларни сизнинг атрофингизда жамласа сиздан иззатли одам бўлмайди», дедилар.
Сўнгра келаси йили яна учрашишга ваъдалашиб қайтиб кетишди. Ўша йили мазкур гуруҳ ҳаракати билан Ясрибда Ислом дини тарқалди.