20 жумадул аввал 1446
Пайғамбар алайҳиссалом илмларининг комиллиги (11)

Пайғамбар алайҳиссалом илмларининг комиллиги

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кенг илмли, ўткир фаҳмли киши эдилар. Аллоҳ таоло ул Зотга манфаатли кўп илмлар ва олий маърифатларни ато қилган. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳис салом илмларининг кенглигини эълон қилиб ва ул Зотга нисбатан фазлу марҳаматининг буюклигини билдириб шундай дейди:

وَأَنْزَلَ اللَّهُ عَلَيْكَ الْكِتَابَ وَالْحِكْمَةَ وَعَلَّمَكَ مَا لَمْ تَكُنْ تَعْلَمُ وَكَانَ فَضْلُ اللَّهِ عَلَيْكَ عَظِيمًا  النساء/113

«Aллoҳ сизгa китoб вa ҳикмaтни нoзил қилди вa билмaгaнингизни билдирди. Aллoҳнинг сизгa (нисбaтaн) фaзли буюкдир». (Нисо: 113).

Пайғамбар алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг махлуқотлари ичида энг илмлиси, Аллоҳ таолони энг билувчироғи эдилар. Бу ҳақда икки саҳиҳ китобларида шундай келади: Пайғамбар алайҳиссалом: «Албатта, сизларнинг Аллоҳ таолога энг тақводорроғингиз ва ул Зотни билувчироғингиз менман», деб айтганлар . Асилийнинг ривоятида эса: «Мен сизларнинг Аллоҳ таолони энг танувчироғингизман», деб айтганлар.

Ким Қуръони каримда Аллоҳ таоло Ўз расуллари ва набийларига (Аллоҳ таолонинг ул зотларга салавоти бўлсин!) ўргатган таълимотлари ҳақида тадаббур-тафаккур қилиб назар солса, ўша кишига Аллоҳ таоло саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга энг кўп, энг мўл-кўл ҳамда барча нарсани ўзида қамраб олган илмларни ўргатгани очиқ-ойдин намоён бўлади. Чунки Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло:

وَعَلَّمَكَ مَا لَمْ تَكُنْ تَعْلَمُ

«Вa билмaгaн нарсаларингизни билдирди», деб араб тилида умумийлик ва шомилликни англатувчи  «مَا» − «мо» калимасини зикр қилди, токи у Зотнинг илмлари Аллоҳ таоло Ўз расуллари ва набийларига ўргатган барча илмларни қамраб олиши, шунингдек, Аллоҳ таоло ул Зотга Ўз фазли ила ато қилган ундан бошқа илмларни ҳам ўз ичига олиши учундир. Икки саҳиҳ китобларда[1] Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Инсонлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан (турли нарсалар ҳақида) сўрашиб, саволларини кўпайтириб юбордилар. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хоналаридан чиқиб, минбарга кўтарилдилар-да: «Мендан сўрайверинглар. Мендан бирор бир нарса ҳақида сўрасангиз, албатта, уни сизларга баён қилиб бераман», дедилар». Бошқа бир ривоятда: «Мендан сўрайверинглар. Мендан бирор бир нарса ҳақида сўрасангизлар, модомики, мана шу ўрнимда эканман, албатта, унинг хабарини бераман», деб айтганлар. Ушбу ҳадиснинг давомида қуйидаги жумлалар ҳам келган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бугун яхшилик ва ёмонлик борасида илгари кўрмаган нарсаларни кўрдим. Менга Жаннат билан жаҳаннам кўрсатилди. Уларни мана шу девор олдида кўрдим», деб айтганлар.

Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллалллоҳу алайҳи васалламга Қуръон каримни илмлари ва ҳақиқатлари билан бирга қўшиб бергани ул Зот илмларининг кенг бўлганини билдиради. Ҳолбуки, Қуръон илмлар, маърифатлар уммонидир. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу: «Агар сизларга Фотиҳа сураси ҳақида гапирадиган бўлсам, (у ҳақидаги маълумотлар билан) етмишта туя оғирлигидаги китобларни тўлдириб юборган бўлардим», деб айтсалар, саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг илмлари ва Қуръонга оид тушунчалари қанчалик кенг бўлган деб ўйлайсиз?..

Яна Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўплаб ғайбиёт оламидан (номаълумликлар оламидан) бохабар қилгани, у Зотнинг илмлари кенг бўлганининг яққол гувоҳидир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

عَالِمُ الْغَيْبِ فَلَا يُظْهِرُ عَلَى غَيْبِهِ أَحَدًا (26) إِلَّا مَنِ ارْتَضَى مِنْ رَسُولٍ

«(У) ғaйбни билувчидир. Бaс, ўз ғaйбидaн бирoр кимсaни xaбaрдoр қилмaс. Фaқaт ўзи рoзи бўлгaн (тaнлaгaн) Пaйғaмбaрнигинa (ўзининг бaъзи ғaйбидaн oгoҳ eтaр)». (Жин: 26, 27).

Ҳақиқатдан ҳам Аллоҳ таоло ул Зот соллаллоҳу алайҳи васалламни кўплаб ғайбиёт оламидан хабардор қилган. Шулардан бири Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломни махлуқотларнинг энг аввалидан то жаннат аҳли жаннатга, жаҳаннам аҳли жаҳаннамга киргунларига қадар бўладиганлари ҳақида хабардор қилган. Бунга Имом Бухорий Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадис далолат қилади. Умар розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг орамизда бир маконга туриб олиб, махлуқотларнинг энг аввалидан то жаннат аҳли жаннатга, жаҳаннам аҳли жаҳаннамга кирганларига қадар бўладиганлари ҳақида хабар бердилар. Бу хабарларни ёдида сақлаб қолган сақлаб қолди, унутганлар унутди».

Икки саҳиҳ китобларида Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам орамизда бир ўринга туриб олдилар-да, қиёматга қадар бўладиган бирор бир нарсани ҳам қолдирмай зикр қилдилар. Уни билганлар билди, билмаганлар билмай қолаверди». Ҳузайфа розияллоҳу анҳу гапларини давом этиб шундай дедилар: «(Расулуллоҳ хабар берган нарсалардан) унутиб қўйганларим воқеъликда содир бўлиб қолса,  худди бир киши анчадан бери кўрмаган танишини кўриб, таниб қолгани каби, мен ҳам ўша хабарларни эслар эдим».

Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларидан кейин қиёматгача бўладиган нарсалар ҳақида ҳам хабар бериб кетганлар. Имом Муслимнинг саҳиҳларида Амр ибн Ахтоб Ансорийдан ривоят қилинади, у киши айтадилар: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга бомдод намозинин ўқиб бердилар, сўнг минбарга чиқиб то пешин намозигача хутба қилдилар. Кейин тушиб намоз ўқидилар. Сўнгра яна минбарга чиқиб то аср намози ҳозир бўлгунига қадар хутба қилдилар. Кейин тушиб намоз ўқидилар. Сўнгра яна минбарга чиқиб то шом намозигача хутба қилдилар. Ўшанда у Зот бизларга қиёматгача бўладиган нарсалар ҳақида хабар бердилар. Бу хабарларни энг яхши биладиганларимиз зеҳни энг яхши бўлганларимиздир».

Пайғамбар алайҳиссалом қиёматгача бўладиган нарсалардан бирортасини қолдирмай, хабарини берганлар.

Абу Довуд Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у Зот айтадилар: «Аллоҳга қасамки, саҳобалар ё унутдилар ёки ўзларини унутганга солдиларми, мен буни билмадим. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дунё ҳаёти тугагунига қадар бўладиган фитна бошлиқларининг ва улар билан бирга бўладиган уч юздан ортиқ кимсаларнинг бирортасини қолдирмай, ҳар бирларини исмлари, оталарининг исмлари ва қабилаларининг номларигача бирма-бир айтиб берган эдилар».

«Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ал-инсон ал-комил» (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам −комил инсон) китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ таржимаси.

[1] Матннинг лафзлари Имом Муслимга тегишли.

07:21 / 11.04.2015
Сийрат
«Жонли нарсани нишон қилманглар»
99. Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидагиларни айтганларини эшитдим: «Ким мулойимликдан маҳрум бўлса, яхшиликдан маҳру...
01:08 / 06-май Батафсил...
Сийрат
«Раҳмлиларга Роҳман раҳм қилади»
  91. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Эй Аллоҳнинг Расули! Мушрикларнинг зиддига дуо қилинг», дедим. «Албатта, мен лаънатловчи қилиб юборилмаганман. Албатта,...
01:17 / 03-май Батафсил...
Сийрат
«Ким мени тушда кўрса, ҳақиқатан мени кўрган бўлади»
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон масжидда ўтирсалар, тиззаларини қучоқлаб ўтирар эдилар». Абу Довуд ривоят қилган. * * *...
20:07 / 26-апрел Батафсил...
Сийрат
«Бир соат ундай, бир соат бундай»
Ҳанзала ибн Робийъ Асадий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг котибларидан бўлган эди: «Абу Бакр мени учратиб қолиб: «Қалайсан, эй Ҳанзала?&raq...
02:59 / 27-февраль Батафсил...