Қурайшликлар ҳар қулай жойда бир тўхтаб, туя сўйиб, кўринганни меҳмон қилиб келишар эди. Уларнинг ҳузурига Абу Суфённинг чопари Қайс ибн Имруил Қайс келиб, карвонлари қутулиб кетганини билдирди ва: «Энди қайтаверар экансизлар. Ўзингизни Ясриб (Мадина) аҳлига қатл эттирмангиз. Энди сизларга эҳтиёж йўқ. Карвон ва мол-мулкингизни ҳимоя қилиш учун чиққан эдингиз, Аллоҳ уларни қутқарди», деди. У ҳар қанча уринмасин, қурайшликларни ортга қайтишга кўндира олмади. Абу Жаҳл: «Аллоҳга қасамки, Бадрга бориб, уч кун туриб, туяларни сўйиб, таомларни еб, ароқларни ичиб, чўрилардан қўшиқ эшитиб маишат қилмагунча қайтмаймиз. Токи араблар доимо биздан қўрқиб турсинлар!» деди. Қайс Абу Суфённинг олдига бориб, қурайшликлар йўлларидан қайтмаганини хабар қилди. Шунда Абу Суфён: «Ҳолингга вой қавмим! Абу Жаҳлнинг иши бу! У одамларга бошлиқ бўлиб, туғёнга кетди. Қайтишни хоҳламабди. Ҳаддан ошиш хато ва бадбахтликка олиб боради. Агар Муҳаммадга йўлиқсак, хор бўламиз», деди.