Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аммор ибн Ясир ва Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳумони душман томонга вазиятни ўрганиб келиш учун юбордилар. Икковлари яширинча Қурайш лашкарини айланиб чиқиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мушриклар қаттиқ қўрқинчда эканини, осмон ҳам уларни тинч қўймаётгани хабарини етказишди. Қудуқ бўйига жойлашганларидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хурмо шохлари ва пўстлоғидан бир капа қурилди. Унинг эшиги олдида Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳу қиличини яланғочлаб, қоровулликда турди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уруш бўладиган манзилни айланиб чиқдилар. Саҳобаларига қурайшлик кофирларнинг бошлиқлари ўлдириладиган ўринларни кўрсатдилар. Мана бу фалончининг ўладиган жойи, мана бу пистончиники, деб бирма-бир айтиб чиқдилар. (Уларнинг ҳаммаси Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсатган жойларда ҳалок бўлдилар.) Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафларни тўғриладилар. Кейин қароргоҳга қайтдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳам у киши билан бирга капага кирдилар.