Одамлар асирларни ҳайдаб келаётганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам капада ўтирган эдилар. Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳу бир гуруҳ ансорийлар билан қиличларини яланғочлаганча капа эшиги олдида у Зотни қўриқлаб туришарди. Ўша куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга хитоб қилиб: «Мен билдимки, ҳошимийлар ва яна баъзи одамлар, урушга мажбуран олиб келинганлар. Бирортангиз ҳошимийни ўлдирмасин. Ким Абул Бухтирий ибн Ҳишом ибн Асадни кўрса, ўлдирмасин. Ким Аббос ибн Абдулмуттолибни кўрса, тегмасин. Уни мажбур қилиб олиб келишган», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абул Бухтирийни ўлдирмасликка амр этганларига сабаб, у Пайғамбаримизга Маккада ёмонлик қилмаган эди. Ундан озор ҳам, бирон ёмонлик ҳам етмаган эди. Бани Ҳошим ва Бани Муттолибга қарши қурайшликларнинг фитналарини амалдан қолдирганлардан бири у эди. Асирларга оид ишлардан фориғ бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўликлар ичидан Абу Жаҳлнинг жасадини топишни буюрдилар. Уни Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу жон берай деб турганда топди ва ўлдирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўликларни эски қудуққа ташлашга амр қилдилар. Умайя ибн Халаф совути ичида шишиб кетган эди, уни кўтариб бўлмади. Устидан тош ва тупроқлар билан кўмиб қўяқолишди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эски қудуқ олдига келдилар-да, мушрикларнинг жасадларига қарата: «Эй қудуқда ётганлар, Роббингиз ваъда қилган нарсанинг ҳақ эканини билдингизми?! Мен Роббим ваъда қилган нарсанинг ҳақ эканини билдим», дедилар. Саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг Расули, ўлик одамларга ҳам гапирасизми?» деб ҳайратларини баён қилдилар. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Батаҳқиқ, Роббиларининг ваъдаси ҳақ эканини билдилар», деб жавоб қайтардилар.