Пайғамбаримиз алайҳиссолату васалламнинг муборак юзларига жароҳат етди, пастки жағларидаги бир тишлари синди. Бошлари ёрилди. Мушриклар у кишини тошбўрон қилишди. У Зот Абу Омир Фосиқ мусулмонларни алдаш учун қазиб, устини ёпиб қўйган чуқурлардан бирига тушиб кетдилар. Бошларига кийган дубулғанинг иккита ҳалқаси ёноқларига кирди. Мусулмонлар саросимага тушиб турган шундай нозик пайтда кимдир: «Муҳаммад қатл этилди!» деб қичқирди. Бу катта ва қаттиқ зарба бўлиб, мусулмонларнинг қолган куч-қувватларига ҳам футур етказди. Улар урушни йиғиштириб, енгилиб, ортларига қоча бошладилар. Ҳамма енгилса ҳам, Анас ибн Назр розияллоҳу анҳу енгилмади. Қўлидаги қуролини ташлаб, бир гуруҳ муҳожир ва ансорийлар билан бирга турган Умар ибн Хаттоб ва Толҳа ибн Убайдуллоҳларнинг олдиларига борди: «Нима қилиб ўтирибсизлар?!» деди. «Расулуллоҳ алайҳиссолату вассалом қатл этилибдилар», дейишди улар:. Анас ибн Назр розияллоҳу анҳу: «У кишидан кейин дунёда яшаб нима қиласизлар! Туринглар! Расулуллоҳ алайҳиссалом ўлган нарса йўлида сизлар ҳам ўлинглар!» деди. Сўнгра мушриклар томон юриб кетди. Йўлда Саъд ибн Муъозни кўриб: «Эй Саъд! Мен Уҳуд томонидан жаннатнинг ҳидини сезяпман», деди-да, урушга кириб, мисли кўрилмаган мардлик ила жанг қилиб, шаҳид бўлди. Унинг танасидан кейинчалик етмишдан ортиқ жароҳат топдилар. Жасаднинг кимлигини ҳеч ким танимади. Фақат синглиси бош бармоғидан таниб қолди.