Уҳуд урушидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига Узал ва Қора уруғларидан баъзи кишилар келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, бизнинг ичимизга саҳобаларингиздан баъзи кишиларни юборинг, бизга динни ўргатишсин», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улар билан саҳобаларидан олти кишини юбордилар. Макка билан Асафон ўртасида жойлашган «Рожийъ» номли жойга етганларида Узал ва Қора уруғлари хиёнаткор экани зоҳир бўлди. Улардан бир қанча қуролли кишилар мусулмонларни ўраб олдилар. Олти кишилик мусулмонлар гуруҳи қуролларини қўлга олиб ўзларини ҳимоя қилишга шайланди. Шунда мушриклар: «Биз сизларга аҳду паймон берганмиз, сизларни ўлдирмаймиз», дедилар. Мусулмонлар иккига бўлиндилар. Марсад ибн Абу Марсад, Осим ибн Собит ва Холид ибн Букайр розияллоҳу анҳум: «Биз ҳеч қачон мушрикдан аҳд ҳам, паймон ҳам қабул қилмаймиз», дедилар ва жанг қилиб, ҳалок бўлдилар. Ушбу уч шаҳиднинг бири Осим ибн Собит розияллоҳу анҳу Уҳуд урушида қурайшлик бир аёлнинг икки ўғлини қатл қилган эди. Ўша аёл агар имконини топса, Осим ибн Собитнинг бош чағаноғида хамр ичишни назр қилган эди. Осим розияллоҳу анҳу қатл қилинганда ўша аёл унинг бошини беришларини сўраб келди. Одамлар Абу Суфёнга, ўз амакиваччанг бошини бундоқ қилинишига йўл қўйма, деб илтимос қилдилар. Аммо Абу Суфён ҳалиги хотинга Осимнинг бошини кесиб беришга амр қилди. Аллоҳ таоло эса Осим розияллоҳу анҳунинг бошини Ўзи ҳимоя қилди. Бошни кесиб олмоқчи бўлганларида арилар бу ишни қилишга йўл қўймадилар. Мушриклар қолган уч киши — Абдуллоҳ ибн Ториқ, Хубайб ибн Адий ва Зайд ибн Дасаналарни асир қилиб олдилар ва уларни сотиш учун Макка томон олиб кетдилар. Макка яқинидаги Заҳрон деган жойга етганларида Абдуллоҳ ибн Ториқ розияллоҳу анҳу қўлини бўшатиб қиличини олишга муваффақ бўлди. Аммо мушриклар билиб қолиб у кишини тошбўрон қилиб ўлдиришди. Хубайб ибн Адийни Ҳорис ибн Аммор ибн Навфалнинг ўғиллари отасининг ўчини олиш учун сотиб олдилар. Хубайб уларнинг отасини Бадр урушида қатл қилган эди. Улар Хубайб розияллоҳу анҳуни турли азобларга гирифтор қилдилар. У киши бўлса ҳамма азоб-уқубатларни сабр билан қарши олдилар. Кўнгиллари тўқ равишда сабр-бардош намуналарини кўрсатдилар. Охири уни осиб ўлдиришга тайёргарлик кўра бошладилар. Шунда Хубайб розияллоҳу анҳу уларга: «Агар маъқул кўрсангиз, менга икки ракъат намоз ўқиб олишга ижозат беринглар», деди. Улар: «Майли, ўқиб ол», дейишди. У киши яхшилаб икки ракаът намоз ўқидилар ва жаллодларга қараб кулимсираб туриб: «Аллоҳга қасамки, агар ўлимдан қўрқяпти, дейишларингни мулоҳаза қилмаганимда кўпроқ намоз ўқиган бўлар эдим», дедилар. Мушриклар Хубайб розияллоҳу анҳуни осиш учун бўйинларидан боғлашганда у киши: «Эй бор Худоё, биз Расулингнинг рисолатини етказдик, бу куни бизни нима қилишаётганини у Зотга Сен Ўзинг етказгин. Эй бор Худоё, уларнинг ададини санаб олгин. Ҳаммасини парчалаб ҳалок қилгин. Улардан биттасини ҳам қўймагин», деди ва қуйидаги байтни айтди: «Муслим ҳолда қатл этилсам, парво қилмасман Аллоҳ йўлида қай ёнбош ила йиқилганимга». Худди ўша куни Хубайб розияллоҳу анҳунинг шериклари Зайд ибн Дасана розияллоҳу анҳуни ҳам бошқа бир мушриклар гуруҳи Умайя ибн Халафнинг ўчини олиш учун осиб ўлдирдилар. Дор тагига мушриклар томонидан томоша учун бир қанча одам тўпланган эди. Зайд розияллоҳу анҳу сабрли, хотиржам ва хушвақт эди. Мушрикларнинг бошлиғи Абу Суфён у кишига қараб: «Эй Зайд, Худо ҳақи, остини айт! Ҳозир Муҳаммад бизнинг қўлимизда бўлиб, сен ўз аҳлинг билан бўлишни хоҳлармидинг?» деди. Зайд розияллоҳу анҳу бунга жавобан: «Аллоҳга қасамки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳозирги жойларида тикон киришини ҳам ўзимнинг аҳлим ичида ўтиришимга алмаштирмайман», дедилар. Шунда Абу Суфён: «Мен бировнинг асҳоблари Муҳаммаднинг асҳоблари Муҳаммадни севганларича севганини кўрмаганман», деди.