Аммо мусулмонлар Уҳуд урушида мағлуб бўлганларидан сўнг бани Назир қабиласи Расулуллоҳ билан қилинган аҳдномани буздилар. Уларнинг йўлбошчиси Каъб ибн Ашраф қирқта отлиқ билан Маккага борди ва Қурайш қабиласини Муҳаммад алайҳиссаломга қарши курашга кўндирди. Фаришта Жибрил алайҳиссалом тезда бу хабарни Муҳаммад алайҳиссаломга етказди. Бунинг устига, Каъб ибн Ашраф Пайғамбар алайҳиссаломни қаттиқ ҳажв қилди. Шунда у Зотнинг изнлари билан Муҳаммад ибн Салама Каъбни ўлдирди. Бу воқеадан сўнг бани Назир қабиласи янада жунбушга келди. Улар очиқ-ойдин Расулуллоҳга хиёнат қилиш йўлига ўтиб олдилар. Воқеа қуйидагича содир бўлган: Пайғамбар алайҳиссаломнинг саҳобаларидан бирлари Амр ибн Умайя Сохрий янглишиб бани Омир қабиласидан икки кишини ўлдириб қўйди. Расулуллоҳ, келишилган аҳдномага биноан, ўлдирилган кишиларнинг хунини тўлашда ёрдам сўраб бани Назир қабиласига бордилар. Улар яшайдиган уйлардан бирининг девори тагида ўтирдилар. Яҳудийлар томдан келиб, Пайғамбар алайҳиссаломнинг устларига катта бир харсанг тошни ташлаб ўлдирмоқчи бўлдилар. Шунда Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳга бу фитнанинг хабарини етказди ва у киши бирдан ўринларидан туриб, Мадинага қараб жўнадилар. Саҳобалар эса у Зотдан бир оз кейин қайтдилар.