Хабарни эшитишлари билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам араблардан Авс қабиласининг бошлиғи Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳуни, Хазраж қабиласи бошлиғи Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳуни, шунингдек, Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳу ва Ҳавват ибн Зубайр розияллоҳу анҳуларни яҳудийлар томон юбордилар. Уларга: «Бориб қаранглар-чи, анави қавм ҳақида бизга етган нарса ростми ёки йўқми? Агар рост бўлса, менга бир ишора қилиб қўйинглар, одамларнинг ҳафсаласини пир қилманглар. Агар биз билан ўзлари орасидаги аҳдга вафо қилиб турган бўлсалар, одамларнинг ичида баралла айтинглар», дедилар. Улар чиқиб, бани Қурайза олдига бордилар ва ўзларига етган хабардан ҳам баттар ҳолга дуч келдилар. Яҳудийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шаънларига бўҳтон гаплар айтишарди: «Расулуллоҳ ким бўлибди? Биз билан Муҳаммад ўртасида аҳд ҳам йўқ, паймон ҳам йўқ», дер эдилар. Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳу тоқат қила олмай, улар билан сўкишиб кетди. Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу: «Улар билан сўкишишни қўй. Орага сўкишишдан каттароқ нарса тушди», деди. Қайтиб бориб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ишора билан иш қандай эканини етказдилар. Ана шунда вазият яна ҳам жиддийлашди. Хавф-хатар яна ҳам кучайди. Мусулмонлар икки ўт орасида қолдилар. Бундай нозик пайтда мунофиқлар ҳам бош кўтариб қолишди. Аммо Аллоҳ таоло Пайғамбарини ва мўмин бандаларини қўллаб-қувватлади. Уларга зафарни ёр этди. Кофир ҳизблари ноумид бўлиб, келган томонларига қараб кетдилар. Улар бор имкониятларини ишга солиб, ҳамма арабларни тўплаб келсалар ҳам, бирор нарса қила олмадилар. Улар Расулуллоҳга ва мусулмонларга зарар етказа олмасликларига ишондилар, умидлари узилиб, ортга қайтдилар.