Бани қурайзаликлар ўзларини Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳунинг ҳукмига топширишга қарор қилдилар. Саъд ибн Муоз ва у кишининг қабиласи Авс бани қурайзаликлар билан аҳдлашишган эди. Улар Абдуллоҳ ибн Убай бани Қайниқоъга яхшилик қилиб, уларни бўшаттириб юборганидек, Саъд ҳам бизга яхши муомалада бўлади, деб ўйладилар. Аммо улар Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳунинг Аҳзоб урушида билагидаги ўқ томирига камон ўқи тегиб, ярадор ҳолда ётганини билишмасди. Ярадор ҳолда ётган Саъд розияллоҳу анҳу: «Эй бор Худоё! Агар яна Қурайш билан бирор урушни қолдирган бўлсанг, мени ҳам ўша уруш учун қолдиргин. Агар биз билан уларнинг орасида урушни тўхтатган бўлсанг, ярамни ёриб юбор. Бани Қурайзадан кўзим қарор топмагунча мени ўлдирмагин», деб дуо қилган эдилар. Аллоҳ таоло унинг дуоларини қабул этди. Бани қурайзаликлар ўз ихтиёрлари билан унинг ҳукмига жонларини топширдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳуни Мадинадан олиб келишни буюрдилар. Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳуни эшакка миндириб, олиб келишди. У киши яқинлашишлари билан Авс қабиласининг одамлари ўраб олиб: «Эй Саъд! Улар дўстларинг. Уларга яхшилик қил», дея бошлашди. Улар Саъднинг бани қурайзаликларга раҳмини келтириш учун турли гапларни айтишарди. У бўлса, индамай келар эди. Охири келиб: «Батаҳқиқ, Саъдга Аллоҳнинг йўлида маломатчининг маломати кор қилмайдиган вақт етди», дедилар. Одамлар, ҳа, энди уларни соғ қўймас экан, деган фикрга келишди. Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чодирларига яқинлашганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга: «Улуғларингизни туриб кутиб олинглар», дедилар. Мусулмонлар ўринларидан туриб, Саъд розияллоҳу анҳуни уловдан туширдилар. У киши ўтирганларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бани Қурайзага ишора қилиб: «Анавилар ўзларини сенинг ҳукмингга топширишди. Улар ҳақида хоҳлаган ҳукмингни қил», дедилар. Саъд розияллоҳу анҳу: «Менинг ҳукмим уларга ўтадими?» деб сўради. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа», дедилар. Саъд розияллоҳу анҳу: «Ушбу чодирдагиларга ҳамми?» деди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа», дедилар. Сўнгра Саъд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан юзини бошқа томонга ўгириб туриб, у Зотни улуғлаб, эъзозлаб туриб, У киши томон ишора қилиб: «Анави томондаги Зотга ҳамми?» деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа», дедилар. Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳу: «Мен ҳукм қиламанки, уларнинг уруш қиладиганлари қатл этилсин! Зурриётлари асир олинсин! Молу мулклари ўлжа қилинсин!» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Батаҳқиқ, Аллоҳ таолонинг етти осмон устида туриб чиқарган ҳукмини қилдинг», дедилар. Бу шиддатли, аммо адолатли ҳукм эди. Бани Қурайза ўзини ишониб ҳукмига топширган одамнинг ҳукми эди.