Ғазот Пайғамбар алайҳиссаломнинг ғалабалари билан тугаб, барча ортга қайтаётганда, йўлда Синан ва Жаҳжаҳ исмли кишилар қудуқ устида сув талашиб, уришиб қолдилар. Жаҳжаҳ Синанни уриб юзини қонатди. Синан: «Эй хазражликлар, бормисан!» деди, улар югуриб келдилар. «Эй қурайшликлар, бормисан!» деди ўз навбатида Жаҳжаҳ, улар ҳам югуриб келдилар. Орада фитна чиқадиган ҳолат пайдо бўлди. Муҳожирлардан бир гуруҳи фитнанинг олдини олдилар. Бу хабар мунофиқларнинг бошлиғи Убай ибн Салулга етиб борганида: «Аллоҳга қасамки, сизлар билан анави қурайшликлар худди эскиларнинг, итингни семиртирсанг, ўзингни қопади, деган гапига ўхшайсизлар. Ўзингизга ўзингиз қилдингиз. Уларга уйларингизни бўшатиб бердингиз. Молу мулкингизни сарфладингиз. Улар кучли бўлдилар. Сиз заифлашдингиз. Аллоҳга қасамки, агар сиз ёрдам бермасангиз, анавининг (Пайғамбарнинг) атрофидагилар тарқаб кетишади. Мадинага етиб борганимизда азиз ундан хорни чиқаради», деди. Хор деб Пайғамбарни кўзда тутди. Ўша ерда Зайд ибн Арқам исмли балоғатга етмаган йигитча ҳам турган эди. Бўлиб ўтган гап-сўзни Пайғамбар алайҳиссаломга бориб айтди. У Зот Убай ибн Салулни олдириб келдилар ва: «Шу гапларни сен айтдингми?» дедилар. «Сенга Қуръонни нозил қилган Зот билан қасамки, бу гаплардан биттасини ҳам айтганим йўқ, Зайд ёлғончи экан», деди Ўша ерда ҳозир бўлган мусулмонлар, кичкина боланинг гапига ишонавериш керак эмас, балки адашгандир, дейишди. Расулуллоҳ уни кечирдилар. Ансорийлар Зайдни маломат қилишди, ёлғончига чиқаришди. Сўнгра Аллоҳ таоло Мунофиқлар сурасини тушириб, Зайднинг сўзини тасдиқлади ва Убай ибн Салулнинг ёлғонини фош қилди.