22 жумадул аввал
1446
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқий сифатлари.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал ахлоқларини, инсонлар билан бўладиган муомалаларини, у Зотнинг яқинларидан ва у Зотга эргашган асҳоби-киромларидан ворид бўлган манбалардан ўрганиб келмоқдамиз. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни энг яхши биладиганлар, булар: оналаримиз, хизматларини қилганлар ва энг яқин дўстлари ҳисобланади.
Мисол учун:
У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Пайғамбар бўлмасларидан олдин ўн беш йил, бўлганликларидан кейин щн йил − ҳаммаси бўлиб йигирма беш йил давомида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга умр кечирган вафодор ва фидокор Хадижа онамиздан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларидан баъзиларини ўрганамиз. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга илк ваҳий нозил бўлганида хеч тараддудсиз ишонган ва ўша онда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдаги қўрқинчни, титроқни кўргач у Зотга таскин берган ҳам Хадижа онамиз ҳисобланадилар. Хадижа онамиз Пайғамбаримизга шундай таскин берар эдилар:
«Аллоҳ сизни ҳеч қачон уялтирмайди. Чунки сиз қариндош-уруғчиликка риоя қиладиган, бечоралар ёрдамига ошиқадиган, камбағални ҳимоя қиладиган, мазлумлар қўлидан тутадиган, мусофирларга эҳсон-икром улашадиган, ҳақ йўлида қийинчиликларга йўлиққанларга ёрдам берадиган инсонсиз», – дер эдилар.
Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга тўққиз йил бирга яшаган ва Хадижа онамиздан кейинги аёлларининг энг суюклиси Оиша онамиздан Пайғамбаримизнинг оилавий ҳаётлари, шахсиятлари ҳақидаги маълумотларни ўрганамиз.
Оиша онамиз Пайғамбаримизнинг ахлоқларини қуйидагича таъриф этадилар:
« Кичикликларидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тарбияларини олган, пайғамбарликларидан кейин ҳар доим ва ҳар ерда ҳамда у Зотнинг насабларини давом этишига васила бўлган Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқий гўзалликларини шундай таърифлайдилар:«Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар доим очиқ юзли, юмшоқ сўзли ва кенг қалбли эдилар. Асло баджаҳл, қаттиқ қўл, уришқоқ, алдоқчи, айб қидирувчи, лаганбардор ёки бахил эмас эдилар. Ёқтирмаган нарсаларига эътибор бермас, ўзларини кутганлар, ошиққанларни ҳафа қилмас ва уларнинг сўровларига ҳар доим «лаббай» деб жавоб берар эдилар. У Зот, уч нарсадан жуда ҳам сақланар эдилар: ёмон муомола, сергаплик ва бефойда нарсалар ва яна уч нарса хусусида жуда қатъий эдилар: бировни ёмонламас, айбламас ва ҳеч кимнинг айби ва яширин томонларига қизиқиб юрмас эдилар. Фақатгина фойдали бўлишини умид қилган мавзуларида гаплашар эдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам гапирганларида мажлисдаги тингловчилар, гўё бошларига қуш қўнгандек қимирламасдан ўтириб қулоқ солишар эди. Гаплари тугагандагина, гаплашмоқчи бўлганлар гап олар эдилар. Саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида суҳбатлашишганида асло хунук гаплар, номақбул гаплар гаплашмас эдилар. Агар ичларидан бири Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида гапирса, у гапини тугатгунига қадар барчалари унинг гапини диққат билан тинглашар эди. Пайғамбармиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида уларнинг барчасининг гап-сўзлари, илк маротаба айтилаётган гапдек эътиборли эди. Саҳобаларининг севинчларига шерик, уларнинг ҳайратларига ўзларининг ҳайратларини ҳам ифода қилиб қўяр эдилар. Ҳузурларига келган ғарибларнинг гапларига, ноўрин саволларига сабр қилар эдилар. Саҳобалар эса ўшаларнинг келиб савол беришларига жуда ошиқишар эдилар (чунки баъзи саволларни беришдан ҳаё қилишар эди). Пайғамбаримиз соллаллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига «Учратган эҳтиёжманд кимсангизга ёрдам беринг», деб тайинлар эдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам фақатгина яхшиликка мос, чегарадан чиқмайдиган мадҳлардан қайтармас эдилар. Агар бирор кимсанинг гапи ҳаддан ошиб кетмагунича гапини бўлмас эдилар. Қачонки ҳузурларида ҳаддидан ошадиган шаклда гап бўладиган бўлса, шу пайтни ўзидаёқ мутакаллимни тўхтатар ёки мажлисдан чиқиб кетиб бунга тўсиқ бўлар эдилар».
Хадижа онамизнинг биринчи турмушларидан кўрган ўғиллари Ҳинд ибн Абу Ҳало ўз ўрнида Пайғамбаримизнинг ўгай ўғиллари ҳисобланади, у киши Ҳазрати Ҳасаннинг истакларига биноан Пайғамбаримизнинг ахлоқий васфларини қуйидагича таърифлайди:
«Расулуллоҳ доимо тушунчали, тафаккурли инсон эдилар. У Зотнинг жимликлари гапиришларидан узоқ сурар эди. Ножўя, кераксиз, бекорчи нарсани гаплашмас эдилар. Гапиришни бошлаганларида ҳам, тугатганларида ҳам Аллоҳни зикр қилар эдилар. Гаплари доимо ҳақ ва тўғри бўлиб, бир қанча маъноларни ифода қиладиган гапни кичик бир жумлалик гапда ифода қилиб гапирар эдилар. Гапирганларида на кўп ва на кам сўз ишлатар эдилар. Ҳеч кимни ранжитмас ва ҳеч кимни хўр кўрмас эдилар. Энг кичик неъматни ҳам авайлаб асрар, ҳеч бир неъматни эътиборсиз, аҳамиятсиз санамас эдилар. Бирор бир неъматни на ёқтирганлари учун мақтар ва на ёқтирмаганларини учун хўрлар эдилар. Дунёвий ишлар учун хеч жаҳл қилмас эдилар. Лекин бир ҳақ ёки ҳақиқат оёқ ости бўлганида шундай жаҳллари чиқиб кетар эдики, у ҳақ ўз жойига тушмагунича, ўз ўрнини эгалламагунича жаҳл ва ғазабларини хеч нарса, ҳатто хеч ким тўхтатолмасди. Бунга нисбатан Расулуллоҳ ўз шахсиятларига оид масалада хеч кимга жаҳл қилмас ва қасос олишни ўйламасдилар, балки ҳалим ва карам соҳиби ўлароқ, ёмонлик қилганга яхшилик билан жавоб қайтарар эдилар.
Жаҳллари чиққан пайт дарров жаҳл отидан тушиб хеч кимга буни кўрсатмас эдилар. Бирор бир нарсадан ҳурсанд бўлганларида, баҳри-диллари очилганида кўзларини юмиб олар эдилар. Энг қаттиқ кулганлари табассум эди. Кулимсираганларида муборак тишлари порлоқ марварид доналари сингари кўриниб турар эди.
Анас ибн Молик тўққиз йил давомида хизматларини қилганлар, у киши Пайғамбаримизнинг бир хулқларини шундай таърифлайдилар:
«Расулуллоҳ инсонларнинг энг лутфлиси, карамлиси эдилар. Совуқ бир куннинг тонгида ҳам бир қулнинг ёки бир жориянинг ёки бир боланинг олиб келган суви билан таҳорат олар, уларни ортларига қайтариб юбормас эдилар. Улардан бир нарса сўралганида жим туриб диққат билан эшитар, сўровчи то кетмагунича Расулуллоҳ уни тарк этмас эдилар».
Пайғамбаримизнинг ваҳий котиблари Зайд ибн Собитнинг ёнларига бир нечта киши келишиб:
«Эй Зайд, Пайғамбаримизнинг ҳоли-ҳаётлик чоғларидаги, ҳол, ҳаракат ва сўзларидан бизга хабар беринг», – деб сўрашди.
Зайд ибн Собит шундай тушунтира бошладилар:
«У буюк Расулнинг сизга қайси хабарини берай?! Сиз агар уларнинг бутун ҳол, ҳаракат ва сўзларидан сўрасангиз, у Зот соҳили йўқ бир денгиз эдилар. Лекин шундай бўлса ҳам баъзи ҳолларидан гапириб берай, мен Расули акрамнинг қўшнилари эдим. Ўзларига бир ваҳий нозил бўлганида, бизникига бирор кимсани юборар эдилар. Мен ҳам ҳузурларига келар, нозил бўлган ваҳийни ёзиб борар эдим. Биз ҳузурларида дунё ишларидан гап очсак, улар ҳам биз билан дунёвий ишлардан гаплашар эдилар. Биз охират ҳақида гаплашсак, бизлар билан охиратга алоқадор мавзуларда гаплашар эдилар. Биз егуликлар ҳақида гаплашишни бошласак, биз билан бирга егуликлар хусусида гапларимизга шерик бўлар эдилар».
Турк тилидан Абдуллоҳ Раҳимбоев таржимаси
21:37 / 26.06.2020
3872
Аввалги мақола
Кейинги мақола
Мақолалар
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь
Мақолалар
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг
шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни
билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман».
Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь
Мақолалар
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан
тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди,
мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди!
Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023
ٍКўп кўрилганлар