Муҳаммад алайҳиссалом аста-секин динга даъват этишни бошладилар. Одамларни бировга на фойда, на зиён келтириш қўлидан келмайдиган бутларга чўқинишни йиғиштириб, Аллоҳга ибодат қилишга чақирдилар. Одамларнинг: «Биз ота-боболаримиз тутган йўлдан юриб, улар танлаган динга сиғиняпмиз», дейишдан бошқа важ-корсони йўқ эди. Бу одамлар ўта такаббур, димоғидан эшак қурти ёғиладиган мағрур, гўзал одоб-ахлоқнинг яқинига ҳам йўлашмаган эди. Мана шу феъллари туфайли уларнинг ўртасида қон тўкиш, бот-бот талон-тарож, уруш-жанжал чиқиб турарди. Расулуллоҳ мана шу жоҳил кимсаларга меҳр-оқибат, қон-қондошликни улуғловчи Ислом динини олиб келдилар. Ақли расо инсонлар у кишининг гапларига ишониб, бутларга сиғинишни бас қилишди, бироқ юқори мартабали амалдорлар ўз обрў-эътиборидан ажраб қолишдан қўрқиб, Исломни рад этишди. Кибру ҳавоси бунга йўл қўймади. Ислом динини биринчи бўлиб Ҳувайлиднииг қизи ва Расулуллоҳнинг умр йўлдоши Хадижа билан амакиларининг ўғли Али қабул қилди. Алини Пайғамбар алайҳиссалом юртда қаҳатчилик юз бериб, серфарзанд Абу Толибнинг тирикчилиги ғоят оғирлашиб қолганда ўз тарбияларига олган эдилар.
Расулуллоҳ амакилари Аббос ибн Абдумутталибга: «Биродаринг Абу Толиб жўжа-бирдай жон, қаҳатчилик бечоранинг илигини чақиб қўйди. Юр, унинг оғирини енгиллатиб, биттадан боласини олайлик», дедилар. Бу таклифдан Абу Толибнинг боши кўкка етди. Аббос Жафар ибн Абу Толибни, Пайғамбар алайҳиссалом эса Али ибн Абу Толибни олдилар. У то балоғат ёшига етгунча худди ўз фарзандларидек суюб тарбияладилар. Али балоғат ёшига етгач, ҳамма нарсада Расулуллоҳдан ибрат олиб иш тутди, жаҳолат даврининг ҳою ҳавасларига кўнгил бермади, ёмон хулқ-атворлардан сақланди, бутга чўқинишдан ўзини тийди. Улардан ибрат олиб Зайд ибн Ҳориса ибн Шураҳбил ҳам мусулмон бўлди. У Расулуллоҳнииг озодгардаси (озод қилган қули) бўлиб, одамлар Муҳаммаднинг ўғли дейишарди. Пайғамбар алайҳиссалом уни сотиб олиб, озод қилганларидан кейин худди ўз фарзандларидек тарбиялаган эдилар. Арабларда асранди бола ҳам ўз фарзанди қатори ҳисобланиб, мерос олар, ўз навбатида у ҳам мерос берарди. Расулуллоҳ энагалари Умму Айманни Зайдга олиб бердилар. Бу оиладан ташқари дастлаб Исломга кирган одам Тайм жамоасидан Абу Бакр ибн Абу Қуҳофа (ибн Омир ибн Каъб ибн Саъд ибн Тайм ибн Мурра) эди. Расулуллоҳнинг болалик дўстлари бўлган бу одамнинг гувоҳлик беришича, Пайғамбар алайҳиссалом умрларида бирон марта ахлоқсизлик қилмаганлар, бирон марта ёлғон гапирмаганлар. Муҳаммад пайғамбар Абу Бакрга Аллоҳдан ваҳий кела бошлаганини айтганларида у: «Сен менга ота-онамдек қадрдонсан, доим рост гапиргансан, Ашҳаду ан-ла илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду аннака расулуллоҳ (гувоҳлик бераманки, бир Аллоҳдан бошқа ҳеч илоҳ йўқ, сен Аллоҳнинг барҳақ элчисисан)», деди.
Абу Бакр Қурайш қабиласининг нуфузли, ҳушахлоқ, саховатли, суҳбати ширин бойларидан бири эди. У Расулуллоҳнинг яқин ёрдамчисига айланди, ҳар бир ишни икковлон бамаслаҳат қиладиган бўлишди. «Мен Ислом динига даъват этганлар орасида фақат Абу Бакргина ҳеч иккиланмай иймонга келган», деган эдилар Пайғамбар алайҳиссалом. Араблар Ислом динини ўткинчи бир нарса, Пайғамбаримизнинг даъватларин7и шуҳратпарастлик васвасаси, деб қарашларини билганлари учун иймонга чақиришни ўта махфий олиб бордилар. Расулуллоҳ ҳам, Абу Бакр ҳам фақат ўзлари ишонадиган сирдош одамларини даъват қила бошладилар. Абу Бакр туфайли кўпчилик динга кирди. Шулардан бири Умавий жамоасидан Усмон ибн Аффон (ибн Абул-Ос ибн Умайя ибн Абдушамс ибн Абдуманоф) бўлди. Унинг Ислом динини қабул қилганидан хабар топган амакиси Ҳакам Усмонни боғлаб қўйиб: «Ота-бобонгнинг динидан қайтиб, янги динни топдингми? Худо ҳаққи, бу ниятингдан қайтмасанг, шу ҳолда ётаверасан», деди. Усмон Худонинг номини ўртага қўйиб, диндан қайтмаслигини айтди. Унинг қатъиятини кўрган амакиси оёқ-қўлини ечиб юборишга мажбур бўлди. Ислом динига кирган пайтда Усмон ўттизларга кирган навқирон йигит эди.
Эндигина балоғат ёшига етган Зубайр ибн Аввом (ибн Ҳувайлид ибн Асад ибн Абдулуззо ибн Қусай)ни амакиси чандиб ташлаб, оғзи-бурнига тутун ҳайдади. Онаси, Абдулмутталибнинг қизи Сафия ҳам ўртага тушолмади. Зубайр бу қийноққа катта матонат билан чидади. Зуҳра жамоасидан бўлмиш Абдураҳмон ибн Авфнинг исломга киришдан олдинги исми Абдуамр эди. Расулуллоҳ унга Абдураҳмон деб от қўйдилар. Шу жамоадан Саъд ибн Абу Ваққос Моликнинг онаси, Абу Суфён ибн Умайянинг қизи Ҳамна ўғлининг мусулмон бўлганини билгач: "Бу динингдан қайтиб, Муҳаммаднинг пайғамбарлигини рад қилмагунингча уйга кирмайман, туз тотмайман", дея шарт қўйди ва уч кунгача гапига амал қилди. Бу ҳолдан довдираб қолган Саъд маслаҳат сўрагани Расулуллоҳнинг ҳузурларига келди. Аллоҳ Анкабут сурасининг 8-оятида бу ҳақдаги ҳукмни нозил қилди: «Инсонни ота-онасига яхши муомала қилишга буюрдим. Агар ота-онанг номаълум бир нарсани менга шерик келтиришга (буюриб) зўрласа, итоат этма. Сизлар менинг даргоҳимга қайтиб борасизлар, сизларга ўз қилмишингларни аён қиламан». Кўриниб турибдики, Аллоҳ таоло ота-она мусулмон ёки кофир бўлишидан қатъи назар, иззат-икром қилишни, борди-ю, куфрона йўлга бошлаб, Аллоҳга бошқа нарсаларни шерик келтиришга ундаса, амрига итоат этмасликни буюради. Гарчи ота-онанинг ҳақи ҳар қанча улуғ бўлмасин, бундай вазиятда у нарса фарзанднинг зиммасидан соқит этилади. Ота-она розилигини истаб Аллоҳга осийлик қилган ҳолда бирон махлуқ ёки бутга сиғиниш мумкин эмас. Юқоридаги оятда жазо бериш Аллоҳнинг илкида эканлиги, бола ота-онасининг худога ширк келтирасан, деб ўтказган зулмидан асло ранжимаслиги кераклиги, охиратда жазога гирифтор бўлмаслиги учун эътиқодда собит туриш уқтирилади.
Тайм жамоасидан Талҳа ибн Убайдуллоҳ ҳам дастлаб мусулмон бўлганлардан. Бу одамлар Расулуллоҳнинг исми ва сифатларини роҳиблардан эшитган, у кишининг сўзлари бениҳоя фойдали эканлигини, нуқсону қусур тўлиб-тошган араб жамиятини фақат Ислом динигина ислоҳ қилиши мумкинлигини, фақат шу йўл билангина Аллоҳнинг розилигига эришиш имкони борлигини англаб дарров иймон келтирганлар. Озод этилган румлик қул Суҳайб билан Аммор ибн Ёсир, унинг онаси Сумайя биринчилар қатори Исломни қабул қилганлар.
Қурайшлик бир мушрикнинг қўйчивони Абдуллоҳ ибн Маъсуд Пайғамбар алайҳиссаломнинг гўзал хулқ-атворларини кўриб, яхши гапларини эшитгач, дарров бутга чўқинишни ташлаб, иймон келтирди. Абдуллоҳ ҳамиша Расулуллоҳ билан бирга бўлишга уринар, бирон жойга отлансалар, олдиларида йўл бошлаб юрар, ювинсалар, пана қилиб турар, ухласалар, посбонлик қилар, уйғонганларида оёқ кийимларини кийдириб қўярди.
Дастлаб мусулмон бўлганлардан Абу Зар саҳрода яшовчи, ширин сўзи билан тош юракларни эритиб юборадиган нотиқ аъробийлардан эди. У Пайғамбар алайҳиссаломнинг овозаларини эшитгач, бир биродарини отга миндириб, ўзини осмондан ваҳий келадиган Зот, деб ҳисоблайдиган одамни кўриб, гапларини эшитиб кел, деб Маккага жўнатди. Биродари топшириқни адо этиб, изига қайтгач: «Унинг гаплари ҳеч ҳам шеърга ўхшамайди», деди. Абу Зар бу гапдан қаноат ҳосил қилмай шартта отланиб, Маккага етиб келди. Масжидга кириб, Пайғамбар алайҳиссаломни излади, лекин бировдан сўраб-суриштиришга ботинмади, у киши билан гаплашганларни Қурайш мушриклари ёмон кўришини яхши биларди. Кун кеч бўлгач, Али унинг мусофирлигини билиб, уйига олиб кетди. Икковлон гап-сўзсиз овқатланишди (Араблар уч кунгача меҳмондан келиш сабабини сўрашмайди). Тонг отгач, Абу Зар сув тўла меши билан нарсаларини олиб масжидга борди, бироқ Расулуллоҳ уни кўрмадилар. Кеч киргач, Али яна уни уйига олиб кетди ва чурқ этмай овқатланиб ётишди. Учинчи кун ҳам шу тахлит ўтгач, Али унинг бу ерга нима мақсадда келгани билан қизиқсинди. Абу Зар: «Менга йўл кўрсатишга ваъда берсанг, айтаман», деди. Али розилик бергач, муддаосини баён этди. «Муҳаммад алайҳиссалом ростдан ҳам худонинг пайғамбари, — деди Али. — Эртага эрталаб мен билан бирга масжидга борасан. Мабодо бирон хавф-хатар сезсам тўхтайман, бўлмаса орқамдан эргашиб кетаверасан». Эртасига Абу Зар Алига эргашиб Расулуллоҳ ҳузурларига кирди, у кишининг гапларини эшитган заҳоти иймон келтириб мусулмон бўлди. Пайғамбар алайҳиссалом: «Жойингга қайтиб, то мендан бирон топшириқ боргунча кўрган-билганларингни одамларингга сўзлаб бер», дедилар. Абу Зар ташқарига чиқиб, баланд овозда: "Ашҳаду ан-ла илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва росулуҳ», деб юборди. Мушриклар кела солиб, уни дўппослай кетишди. Аббос уни ҳимоя қилиб: «Абу Зар шом йўлида жойлашган Ғифор қабиласидан. Савдо-сотиққа кетаётганингларда ҳолингиз нима кечишини ўйлаб кўрмайсизларми?» деган таҳдид билан қутқариб қолди. Лекин Абу Зар бу ишини эртасига ҳам такрорлади ва яна мушрикларнинг ғазабига учради: бу гал ҳам Аббос жонига аро кирди. Абу Зар ростгўй ва ҳар қандай тамадан йироқ одам эди.
Қурайш қабиласидан Саид ибн Зайд билан умр йўлдоши (Хаттобнинг қизи, Умарнинг синглиси) Фотима, Аббос ибн Абдулмутталибнинг аёли (Ҳорис Ҳилолиянинг қизи) Умму Фазл Либоба, Расулуллоҳнинг амакиларининг ўғли Убайда ибн Хорис ибн Абдулмутталиб ибн Ҳошим, аммаларининг ўғли махзум жамоасидан Абу Салама, Қурайш қабиласидан Умар ибн Мазъун Жумаҳи ва унинг икки қариндоши Қудома, Абдуллоҳ, шу қабиладан Арқам ибн Абу Арқам Махзуми ҳам дастлаб мусулмон бўлганлардан.
Биринчи мусулмонлардан уммавий авлодидан Холид ибн Саид (ибн Ос ибн Умайя ибн Абдушамс)нинг отаси Қурайш оқсоқоли эди. Агар Холид салла ўрасалар, у кишини ҳурмат қилганликлари учун қабиладошларидан ҳеч ким салла ўрамас эди. Холид тушида тубсиз бир чуқурга тушиб кетади. Расулуллоҳ ёрдамга келиб уни қутқариб оладилар. Холид эртасига Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига келиб: «Эй Муҳаммад, сен нимага даъват қиласан?» деб сўради. Сарвари олам: «Зорингни эшитмайдиган, ҳеч нарсани кўрмайдиган, фойда-зиён етказолмайдиган бутларни ташлаб, ҳеч қандай шериги йўқ ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга, ота-онанинг ҳурматини бажо келтиришга, камбағалликдан қўрқиб боласини ўлдирмасликка, хоҳ яширин, хоҳ ошкора ёмонликларга қўл урмасликка, ноҳақ одам ўлдирмасликка, етимларнинг молини емасликка, тош-тарозини тўғри тутишга, қариндош-уруғингга зарар етказса-да, одил ҳукм чиқаришга, ваъдага вафодор бўлишга даъват қиламан», дедилар. Холид бу гаплардан қаттиқ таъсирланиб, иймон келтирди. Ўғлининг мусулмон бўлганидан хабар топган отаси унга кўп озор берди, таъминотини тўхтатиб, бутунлай оч қўйди. Холид Расулуллоҳнинг ҳузурларидан бошпана топди. Холидга эргашиб қариндоши Амр ибн Саид ҳам ислом динига кирди.
Пайғамбар алайҳиссаломда бу одамларни зўрлаб Исломга олиб кирадиган куч-қудрат, уларни ота-она, мол-мулкларидан воз кечишга мажбур қиладиган фавқулодда бирон восита ҳам йўқ эди. Аксинча Абу Бакр, Умар, Усмон, Холид ибн Саидга ўҳшаганлар бой-бадавлат, қўлини қаёққа узатса, етадиган обрў-эътиборли зотлар эди. Исломга кирган қуллар эса Расулуллоҳга эргашиб, ўзларини баттар хор-зорликка, ададсиз зулмга гирифтор этишди, агар ўз ҳожаларининг измидан чиқишмаса, тинчгина тирикчилигини ўтказаверишарди. Улар Аллоҳнинг ҳидояти туфайли нотўғри йўлдан қайтдилар, адашиб-улоқиб юришганларини англаб Расулуллоҳ кўрсатган ёруғликка талпиндилар, гарчанд кўплари азоб-уқубатларга учраган бўлсалар-да, қалблари Ислом нури билан мунаввар бўлиб, Аллоҳнинг розилигига эришдилар.