Робиъул-аввал ойининг 25-куни
- Ҳижрий 13-йил 25-робиъул-аввал куни (милодий 634-йил 30-май) мусулмонлар Шомнинг Бусро шаҳрини Холид ибн Валид қўмондонлигида фатҳ қилдилар ва бу Ислом тарихидаги Шомга бўлган биринчи фатҳ ҳисобланади.
- Ҳижрий 306-йил 25-робиъул-аввал куни (милодий 918-йил 5-сентябр) Шофеъий мазҳабининг катта фақиҳи Аҳмад ибн Умар ибн Сурайж вафот этди. У зот Шофеъий мазҳабини тарқалишида ўзининг катта ҳисссасини қўшган олимлардан бири ҳисобланади.
- Ҳижрий 1329-йил 25-робиъул-аввал куни (милодий 1911-йил 5-апрел) шайх Муҳаммад Мутавалли Шаъровий таваллуд топди. Бу зот 20-аср Ислом оламининг кўзга кўринган забардаст олимларидан бўлган.

Қурайш мушриклари Ислом динини йўқотиш чорасини тополмай, Расулуллоҳ мансуб Абдуманоф уруғига у кишини тириклай топшириб, эвазига истаганча бадал олиб туришни таклиф этишди. Бироқ уларнинг таклифи рад этилди. Гапи ерда қолган мушриклар Абу Толибга киши қўйиб, Пайғамбар алайҳиссаломни Қурайшнинг истаган йигитига алмаштиришни сўрашди. «Воажаб,— деди Абу Толиб ёқасини ушлаб. — Сизлар болангизни менга боққани берар экансизлар-у, мен ўз боламни ўлдиргани сизларга топширар эканманми?» Бу жавобдан қутурган мушриклар токи Муҳаммад алайҳиссаломни ўз қўллари билан қатл этишга топширмагунларича, Ҳошим ва Мутталиб жамоасини яккалаб, улар билан савдо-сотиқни тўхтатишга, тавбасига таянишмаса, Маккадан ҳайдаб чиқаришга қарор қилишди. Қарор ёзилган қоғоз Каъбанинг ўртасига осиб қўйилди. Шу кундан эътиборан икки жамоанинг Абу Лаҳабдан бошқа ҳамма одами мусулмон, кофирлигидан қатъий назар Абу Толиб дарасига қамал қилинди. Абдуманоф уруғидан Абдушшамс ва Навфал жамоаси қамал қилинганларга ёрдам қўлини чўзмади. Қамалда қолганларнинг ҳоли танг бўлиб, дарахтларнинг япроқларини еб жон сақлашди. Қурайш мушриклари ҳатто ўзга юртлардан келган савдогарларни ҳам бу ерга яқин йўлатишмади. Ақл бовар қилмас бу ёвузликда, айниқса, Абу Лаҳаб жонбозлик кўрсатди.