Мусулмонлар Бадр урушида ғалаба қозонгач, оёқ-қўли боғланган асирларни кўрди-ю, Каъб ибн Ашраф Маккага югурди, ўлганларга аза очиб, йиғлаб-сиқтаркан, бирга ўнни қўшганча мушрикларни ўч олишга ундай бошлади. Пайғамбар алайҳиссалом: «Каъб ибн Ашраф Аллоҳ таолога ҳам, менга ҳам озор беряпти, ким унинг таъзирини бериб қўя олади» дедилар. Ансорларнинг Авс қабиласидан бўлмиш Муҳаммад ибн Маслама «Уни ўлдиришимни истайсизми? — деб сўради ва Расулуллоҳдан тасдиқ жавобини олгач, — ундай бўлса, Каъбни ишонтиришим учун баъзи бир ёлғон гапларни айтишимга ижозат беринг» деди.
Пайғамбар алайҳиссалом рози бўлганларидан кейин Маслама тўрт йигитни ёнига олиб Каъбнинг уйига борди-да: «Эй биродар, Муҳаммад ҳадеб фидя сўрайвериб, бизларни хонавайрон қилди, сендан қарз сўраб келдик», деди. «Ҳали ундан ҳафсалангиз пир бўлади, демаганмидим», деди Каъб оғзи қулоғига етиб. Ибн Маслама: «Унга эргашишга эргашдик, бирдан юз ўгириб кетсак бўлмас, вазиятга қараб иш қилармиз. Унгача бизга бир-икки туя хурмо бериб тур», деди. «Майли, — деди Каъб, — фақат менга бирон нарсани гаровга беришингиз керак», «Нима берайлик? дея қизиқсинди ибн Маслама. «Хотинларингизни гаровга қўйинг», — деди Каъб. «Сен арабларнинг ичида энг келишган одамсан. Қандай қилиб хотинларни ишониб бўлади?» деди ибн Маслама ҳазил аралаш. «Ундай бўлса, ўғилларингизни гаровга қўйинг», деди Каъб. «Қизиқмисан, — дея раддия билдирди ибн Маслама. — Арзимаган хурмо учун болаларини гаровга қўйишибди, деган гап-сўзга қоламиз-ку. Эл-юрт орасида қандай бош кўтариб юрамиз? Қулларимизни гаровга беришимиз мумкин».
Каъб бу гапга рози бўлгач, кечқурун учрашишга ваъдалашиб хайрлашишди. Ибн Маслама ҳамроҳлари билан тайинланган вақтда етиб келди. Каъбнинг хотини эрини йўлдан қайтариб: «Дўстидан кўра душмани кўп одамсан, бемаҳалда чиқмаганинг яхши бўлармиди», деди. «Мард одам ярим кечаси жангга чақирилса ҳам, юраги пўкилламай чиқиши керак. Ибн Маслама қариндошимнинг ўғли, ёнидаги Абу Ноила эмукдош биродарим», деди Каъб ва қиличини тақиб ташқарига йўл олди. «Каъб чиққанда сочини ҳидлаган бўлиб, бошини маҳкам ушлаб тураман, сизлар бўйнига қилич урасизлар», деди ибн Маслама. Ташқарига чиққан Каъбдан чиндан ҳам муаттар ифор ҳиди келиб турарди. «Сендан мушку анбар ҳиди келяпти, сочингни бир ҳидлай», деди ибн Маслама. Каъб энгашган эди, сочига чанг солиб, қаттиқ ушлаб олди, шериклари шу заҳоти ғанимнинг калласини танасидан жудо қилишди. Мусулмонлар шум ниятли ёвуз кимсадан қутилишди. Рабиул аввал ойида юз берган бу қувончли воқеа шу заҳоти Пайғамбар алайҳиссаломга етказилди. Расулуллоҳ бирон қабила бошлиғининг ёвуз нияти ёхуд қон тўкадиган ҳатти-ҳаракатини сезиб қолсалар, катта талафот ёки қирғиннинг олдини олиш учун уларни ўртадан кўтариб ташлардилар. Яҳудий Абу Афк ҳам ўта ёвуз, золим кимса бўлгани учун Пайғамбар алайҳиссаломнинг амрига биноан қатл этилди.