20 жумадул аввал 1446
Бани Мусталақ ғазоти

 

Шу йилнинг шаъбон ойида Пайғамбар алайҳиссалом Уҳуд урушида Қурайшга ёрдам берган Мусталақ қабиласининг бошлиғи Ҳориз ибн Зирор мусулмонларга қарши юришга тайёргарлик кўраётганидан хабар топдилар. Расулуллоҳ ўринларига Зайд ибн Ҳорисани қолдириб, катта қўшин билан йўлга чиқдилар. Аёлларидан Оиша билан Умму Салама уларга ҳамроҳ бўлдилар. Илгари бирон жанговор юришда қатнашмаган мунофиқлар ўлжа олиш умидида сафга қўшилишди. Йўлда бани Мусталақнинг бир жосуси қўлга тушди, бироқ сўралган саволларга жавоб беришдан бош тортгани учун қатл этилди.

Мусулмонларнинг катта қўшин билан келаётганидан хабар топган бани Мусталақнинг лашкарбошиси Ҳорис ваҳимага тушди, қўрққанидан бир қисм аскарлари қочиб кетди. Мусулмонлар Мурайсиъга етиб келгач, бани Мусталақ одамларини Ислом динига даъват этишди, бироқ улар бош тортишгач, икки томон сафга тизилиб камондан бир соат ўқ узишишди. Кейин мусулмонлар ёппасига ҳужумга ўтиб, ғалаба қилдилар. Икки минг туя, беш минг қўй қўлга киритилди. Пайғамбар алайҳиссалом мол-ҳолларни бошқаришни Шақронга, асирларга қарашни Бурайдага топширдилар. Асирлар икки юз қиз бўлиб, улар орасида қабила бошлиғининг қизи Барра ҳам бор эди. Асирлар мусулмонларга тақсимлаб берилди.

Бани Мусталақ қабиласи араблар орасида энг кучли ва жанговор қабила ҳисобланарди. Аёлларининг асир олиниб, қулдек тақсимланиши уларга ғоят оғир ботарди. Бу нарсани яхши билган Пайғамбар алайҳиссалом жуда катта олийжаноблик ва мардлик намунасини намоён этдилар, аёлларни озод этишнинг мусулмонлар рози бўладиган йўлини ўйлаб топдилар. Сарвари олам Ҳориснинг қизи Баррани никоҳларига олиб, Жувайрия деб атадилар. Шу билан мусулмонлар асирларни Расулуллоҳнинг қудалари ҳисоблаб, озод қилиб юборишди. Оиша разияллоҳу анҳонинг таъбирича, Жувайрия ўз қавми учун ғоят шарофатли аёл бўлди. Пайғамбар алайҳиссаломнинг марҳаматларидан қаттиқ таъсирланган бани Мусталақ қабиласи ёппасига иймон келтирди, илгари мусулмонларнинг ашаддий душмани ҳисобланган одамлар энди уларнинг яқин дўстларига айланишди. Агар Расулуллоҳ тадбикорлик қилмаганларида икки ўртадаги адоват баттар кучайиб, анча-мунча қон тўкилиши мумкин эди. Бу ғазот жараёнида ибратли икки воқеа юз берди.

Биринчиси, Умар ибн Хаттобнинг хизматкори билан Хазраж қабиласининг иттифоқчиларидан бўлмиш бир одам урушиб қолишди. Умарнинг хизматкори уни уриб, ярадор қилди ва иккалови ўз қавмини ёрдамга чақирди. Агар Расулуллоҳ келиб қолмаганларида икки ўртада бошланган даҳанаки жанг қон тўкилишига сабаб бўлиши ҳеч гап эмасди. «Яна жоҳилият давридаги тарафкашлигингизни қилмоқчимисизлар? Йўқотинглар бундай ярамас одатни!», дедилар Расулуллоҳ ва жабрдийданинг ўчини олиб бердилар. Шу билан жанжал барҳам топди.

Бу воқеани эшитган Абдуллоҳ ибн Убай хафа бўлиб ўз қабиладошларига: «Мен ҳеч қачон бугунгидек хўрликни кўрмаган эдим. Уларни юртимизга киритиб, уйимизнинг тўридан жой берсак-у, бунинг эвазига бизни савалашадими? Итингни семиртирсанг, ўзингни қопади, деганлари шу экан-да. Худога қасамки, Мадинага қайтсак, албатта, азиз у ердан хорни чиқариб ташлайди. Аслида-ку бу хўрликни ўзингиз тилаб олдингиз. Уларни уйингизга чақириб мол-мулкингизни баҳам кўрдингиз. Агар қучоқ очиб кутиб олмаганингизда бошқа томонларга равона бўлишарди. Буниси ҳам етмагандек Муҳаммад учун урушиб жонингизни қурбон қиляпсиз, болаларингиз етим бўлиб чирқираб қолишяпти, улар эса кўпайгандан кўпайяпти. Бундан кейин уларга ёрдам берманглар, камбағаллашиб, Мадинадан кетишга мажбур бўлишсин», деди. Шу ерда ҳозир бўлган иймони бутун Зайд ибн Ирқам исмли йигит бу гаплардан Пайғамбар алайҳиссаломни воқиф этди.

Расулуллоҳнинг юзлари ўзгарди, узоқ сукутга чўмдилар ва хабарчига юзланиб: «Балки, унда бирон хусуматинг бордир, шунинг учун атай бундай гапларни тўқиётгандирсан?» дедилар. «Тўқиётганим йўқ, бундай гапларни ўз қулоғим билан эшитдим», деди Зайд ибн Арқам. «Янглиш эшитган бўлишиинг мумкин», дея бу гапга нуқта қўйишга уриндилар Пайғамбар алайҳиссалом. Умар Расулуллоҳдан ибн Убайни ўлдиришга рухсат сўради. «Эй Умар, одамлар Муҳаммад саҳобаларини ўлдира бошлади, дейишса, яхши бўладими?» дедилар Пайғамбар алайҳиссалом ва одамларнинг эътиборини чалғитиб, бу гапни ўртадан кўтариб юбориш учун кун забтига олган жазирамада лашкарни сафарга отланишга буюрдилар. Усайд ибн Ҳузайр бундай иссиқда йўлга чиқишнинг боисини сўради. «Қабиладошингнинг гапини эшитмадингми? У Мадинага қайтгач, «Азиз ундан хорни чиқаради, дебди», дедилар Расулуллоҳ. Усайл у кишига: «Эй Расулуллоҳ, истасангиз, сиз уни ҳайдаб чиқарасиз. Аллоҳга қасамки, у хор ва сиз азиздирсиз», деди.

Офтоб тиғида йўл босган одамлар манзилга етган заҳоти уйқуга кетишди. Ансорлардан бир гуруҳи Абдуллоҳ ибн Убайга Расулуллоҳдан кечирим сўрашни таклиф этишди, бироқ у такаббурлик билан бош тортди. Шу лаҳзада Мунофиқун сураси нозил бўлиб, Абдуллоҳ ибн Убай ва унинг ҳамфикрларининг шармандаси чиқди. Зайд ибн Арқамнинг айтганлари ростлиги исботланди. Абдуллоҳ ибн Убайнинг ўғли бу гапдан хабар топгач, отамни биров ўлдирса, у киши билан ўртамизда душманлик туғилиб қолиши мумкин, яхшиси, бу ишни ўзим адо этай, деб ижозат сўраганида Расулуллоҳ уни фикридан қайтариб, отасини иззат-икром қилишга буюрдилар.
10:48 / 13.04.2012
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...