Шу йилнинг шаъбон ойида Пайғамбар алайҳиссалом Фадак томондаги бани Мурра арабларига қарши Башир ибн Саъд Ансорий бошчилигида қўшин юбордилар. Бу қўшин ҳам бирон кимсани учратмагач, душманнинг чорва молларини ҳайдаб йўлга тушди. Жарликда яшириниб ётган бани Мурра араблари бундан хабар топиб ярим кечаси мусулмонларга ҳужум қилди, икки ўртада шиддатли жанг бошланди. Мусулмонлар жуда кўп талафот кўришди, қўшиннинг бошлиғи Башир қаттиқ яраланиб ётгани учун ўлди, деган ўйда унга тегишмади. Тонг отгач, Башир қолган-қутган одамларини йиғиб, Расулуллоҳнинг ҳузурларига қайтиб келди.
Шу йилнинг Рамазон ойида Пайғамбар алайҳиссалом Майфаға халқига қарши Ғолиб ибн Абдуллоҳ Дайсий бошчилигида бир юз ўттиз кишилик қўшин жўнатдилар. Мусулмонлар Майфағалар билан тўқнашиб, бир қисмини ўлдиришди, бир қисмини асир олишди. Жанг пайтида Усома ибн Зайд бир мушрикнинг орқасидан қувлади. Гарчанд у калимаи шаҳодатни айтган бўлса-да, Усома, барибир, чопиб ташлади. Усома мушрик ўлимдан қўрққанидан калима келтирди, деб ўйлади. Мадинага қайтиб борганларидан кейин бу гапдан хабар топган Расулуллоҳ Усомадан: «Ла илаҳа иллаллоҳ деса ҳам,ўлдирдингми? Энди Ла илаҳа иллаллоҳ, деган калима учун қандай ҳисоб берасан?» деб сўрадилар. «У жонини сақлаб қолиш учунгина иймон келтирди», дея ўзини оқлашга уринди Усома. «Сен унинг юрагини ёриб, гапининг чин, ёлғонлигини билганмидинг?» дедилар Расулуллоҳ. Бу ҳақли саволга қандай савоб беришни билмай қолган Усома: «Эй Расулуллоҳ, мен учун истиғфор айтинг», дея ўтинди.
Пайғамбар алайҳиссалом эса ҳадеб: «У Ла илаҳа иллаллоҳ, деган бўлса, ўлдиришга қандай қўлинг борди-а?» деб такрорлар эдилар. Усома ўз қилмишидан пушаймон бўлиб, кўп афсус-надомат чекди. Ҳатто: «Қани эди. шу кунгача мусулмон бўлмаганимда», деди. Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 94-оятида бу хусусда шундай дейди: «Дунё молини кўзлаб сизларга мусулмон бўлганини билдирган одамни сен мўмин эмассан, деманглар. Аллоҳнинг даргоҳида жуда кўп ғаниматлар бор». Усома янглишиб бир мусулмонни ўлдириб қўйгани учун Пайғамбар алайҳиссалом унга бир қулни озод қилишни буюрдилар. Чунки у билмай ўлдирган эди.