22 жумадул аввал 1446
Расулуллоҳнинг мурувватлари

 

Пайғамбар алайҳиссалом Каъбанинг ичига кириб такбир айтдилар. Мақоми Иброҳимда икки ракаат намоз ўқиганларидан кейин обизамзам ичдилар ва масжидга кириб ўтирдилар. Одамлар Расулуллоҳнинг атрофига йиғилиб, у кишига жуда кўп азиятлар етказган, юртларидан ҳайдаб чиқарган, ҳар қадамда бир шумликни кўзлаб урушган Қурайш мушрикларига қандай муомала қилишларини кутиб туришарди. Мана шу қалтис вазиятда Сарвари оламнинг шундай бебаҳо фазилатлари намоён бўлдики, бундан ҳар бир мусулмон фақат бирон мақсадни кўзлаб эмас, балки ҳар қандай вазиятда Аллоҳ учун холис туриш лозимлигини ўрганиши керак. Пайғамбар алайҳиссалом йиғилганларга: «Эй Қурайш халқи, мени ҳозир нима қилади, деб ўйлаяпсизлар?» деб сўрадилар. Одамлар: «Сен мард қариндошимизнинг ўғлисан. Мард қариндошимиз бизга яхшилик қилади, деб ўйлаяпмиз», дейишди. Расулуллоҳ: «Бўпти, сизлар ўйлаганча бўла қолсин. Боринглар, ҳаммангиз озодсизлар!» дея мурувват кўрсатдилар.

Худо раҳмат қилгур имом Бусайрийнинг «Ҳамзия» қасидасида бундай мисралар бор:

Ҳақ учун бўлса муҳаббат, нафрати инсоннинг,

Унга барибир эрур ҳукм этганда ёту ўз.

Мақтовлардан маст бўлиб, ғурурланмас Пайғамбар,

Ранжимайди, айтса гар ёвуз кимса ёмон сўз.

Золимлардан олса қасд, хўрликларга чидолмай,

Тўкиларди бегумон дарё-дарё қизил қон.

Ҳар бир ишда Аллоҳнинг ризосини кўзлаб у,

Вафога ҳам жафога адолат бўлди қалқон.

Фазлу карам бобида бетимсол эди асли,

Хушчирою ҳуснихулқ, ҳеч ишида йўқ нуқсон.

Пайғамбар алайҳиссалом нутқ сўзлаб, Ислом динининг айрим муҳим масалалари устида тўхталиб ўтдилар: «Кофирларнинг бадалига мусулмон ўлдирилмайди. Дини бошқа одамлар бир-бирига меросхўр бўлмайди. Ҳеч ким отаси ёки онасининг ҳамшираси (эгачи-синглиси)га уйланиши мумкин эмас. Даъвогар далил кўрсатса, жавобгар қасам ичиши лозим. Аёл киши маҳрамсиз уч кунлик сафарга чиқиши мумкин эмас. Бомдоддан кейин кун чиққунча, асрдан кейин кун ботгунча намоз ўқиб бўлмайди. Қурбон ҳайити ва Рамазон ҳайити кунлари рўза тутилмайди. Эй Қурайш жамоаси, Аллоҳ таоло сизлардаги жоҳилият давридаги кибру ҳавони, оталарингиз билан фахрланиш ҳиссини йўқотди. Ҳаммангиз одам болаларисиз, одам эса тупроқдан яратилган». Шундан кейин Расулуллоҳ Ҳужрот сурасининг 13-оятини ўқидилар: «Эй инсонлар, биз сизларни бир эркак билан бир аёлдан яратдик. Ўзаро танишиб, билишишингиз учун кўпгина миллат ва уруғ-аймоғ қилдик. Энг тақводор бўлганингиз Аллоҳнинг даргоҳида энг ҳурматли ҳисобланасиз. Аллоҳ эса ҳамма нарсани билгувчи, ҳамма нарсадан хабардор Зотдир».

Бу гаплардан таъсирланган одамлар мусулмон бўлиб, Пайғамбар алайҳиссаломга байъат қила бошлашди. Муовия ибн Абу Суфён билан Абу Бакр Сиддиқнинг отаси Абу Қаҳофа ҳам шу куни иймон келтиришди. Пайғамбар алайҳиссалом уларнинг Ислом динига кирганидан бениҳоя хурсанд бўлдилар.

Байъат қилиш учун бир одамнинг дағ-дағ титраётганини кўрган Расулуллоҳ: «Қўрқма, Мен подшоҳ эмасман. Қуритилган гўшт ейдиган Қурайш хотиннинг боласиман», дедилар.

Пайғамбар алайҳиссалом ўлимга ҳукм этган кимсаларга бу олам тангу тор бўлди, лекин у Зоти муборакнинг ҳукмлари одил ва ҳақли эди. Бундайларнинг бир қисми Аллоҳнинг илтифоти туфайли иймон келтириб, жонини сақлаб қолди. Абдуллоҳ ибн Саъд ибн Абий Сарҳ эмикдош қариндоши Усмон ибн Аффонга ёлбориб Расулулоҳдан омонлик олиб беришини ўтинди. То Маккада осойишталик ўрнатилгунча Усмон ибн Аффон Абдуллоҳни ўз уйига яшириб қўйди. Кейин уни Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига олиб борди-да: «Эй Расулуллоҳ, мен қариндошимга омонлик бердим, Сиз унинг байъатини қабул қилинг», деди. Пайғамбар алайҳиссалом худди унинг гапини эшитмагандек тескари қараб олдилар. Усмон илтимосини бир неча марта такрорлади, Расулуллоҳ ҳар гал юзларини терс буравердилар. Лекин Усмон жуда ҳам ҳокитуроб бўлиб ёлборавергач, охири унинг юз-хотири учун Абдуллоҳнинг гуноҳидан кечдилар. Усмон билан Абдуллоҳ чиқиб кетгач, сарвари олам саҳобаларга: «Биронтангиз Абдуллоҳнинг калласини олармикинсиз, деб тескари қараб олсам, нега жим туравердингиз?» дедилар. «Нега бизга ишора қилиб қўймадингиз?» дейишди саҳобалар. «Пайғамбар кўзи хиёнат қилиши мумкин эмас», дея уларга танбеҳ бердилар Расулуллоҳ.

Икрима ибн Абу Жаҳл Макка фатҳ этилгандан кейин қочиб кетди. Унинг хотини Умму Ҳаким Макка фатҳ этилишидан аввал мусулмон бўлган эди. Умму Ҳаким Сарвари оламдан эри учун омонлик олгач, излаб йўлга тушди. Излай-излай ниҳоят уни денгиз соҳилида кемага чиқмоқчи бўлиб турганда топди. «Мен сенга дунёдаги энг яхши, янги одил одамдан омонлик олиб келдим. Ўзингни ўзинг жувонмарг қилмай мен билан бирга юр», деди Умму Ҳаким. Икрима хотинининг гапига ишониб Маккага қайтиб борди. Пайғамбар алайҳиссалом уни кўриб: «Мусулмон бўлиб, бизга ҳижрат қилиб келган одамни қучоқ очиб кутиб оламиз», дея ўринларидан туриб кетдилар. Икрима иймон келтириб, илгариги гуноҳлари учун Пайғамбар алайҳиссаломдан ўзига истиғфор айтишларини ўтинди. Расулуллоҳ унинг илтимосини бажо келтирдилар. Шу кундан эътиборан Икрима Ислом учун астойдил жон койитадиган мусулмонлардан бирига айланди.

Ҳубар ибн Асвад қочиб гадой топмас бир пастқамликка яширинди. У Пайғамбар алайҳиссалом Макка билан Тоиф оралиғидаги Жиъронада турган пайтларида келиб: «Эй Расулуллоҳ, мен Эронга қочиб кетмоқчи эдим, лекин сенинг силаи-раҳмингни, дилингни ранжитганларнинг ҳам гуноҳидан ўтишингни эшитиб қайтиб келдим. Бизлар бутпарст эдик. Аллоҳ сен орқали ҳидоятга эриштирди, ҳалокатдан қутқарди. Мени ҳам кенглик қилиб кечиргин», деди, «Майли, кечирдим», дедилар Пайғамбар алайҳиссалом.

Ҳорис ибн Ҳишом билан Зуҳайр ибн Ару Умайя Махзумийни Абу Толибнинг қизи Умму Ҳониъ ҳимоясига олган эди. Ҳорис Пайғамбар алайҳиссаломга учрашган пайтида Расулуллоҳ сени ҳидоят қилган Худога шукр, сендай одам Исломнинг нималигини тушунмай қолиши мумкин эмасди», дедилар. Сарвари оламнинг бу гаплари Ҳишомнинг кўнглини тоғдек кўтариб юборди. У то умрининг охиригача Ислом учун астойдил жон койитадиган саҳобалардан бирига айланди.

Яшириниб олган Сафвон ибн Умайя мусулмонларнинг қасосидан қўрқиб ўзини денгизга ғарқ этмоқчи бўлди. Амакисининг ўғли Умайр ибн Ваҳб Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Пайғамбари, Сафвон ўз қавмининг бошлиғи. Олдин қилган гуноҳларидан қўрқиб ўзини сувга ғарқ этмоқчи. Сиз саховат билан ҳамма одамнинг гуноҳидан кечяпсаиз, унга ҳам омонлик беринг», деб ўтинди. «Майли, амакиваччанга бориб айт, гуноҳидан кечдим», дедилар Расулуллоҳ. «Бу гапингни исботлайдиган бирон нишона бергин», деди Умайр. Пайғамбар алайҳиссалом саллаларини олиб, унинг қўлига тутқаздилар. Умайр саллани олиб, Савфонга учрашди. «Ота-онам садақанг кетсин, мен энг яхши, энг меҳрибон, энг мулойим, энг оқил одам — Пайғамбар алайҳиссаломнинг ёнидан келдим. У амакингнинг ўғли, унинг ҳурмати — сенинг ҳурматинг, унинг шарафи — сенинг шарафинг, унинг ҳокимияти — сенинг ҳокимиятинг. Юр, бориб тавба қил», деди. Сафвон: «Унга рўпара келишдан қўрқаман», деди. «Пайғамбар алайҳиссалом ҳаддан ташқари мулойим, бағри кенг одам», дея уни ишонтиришга уринди Умайр ва омонлик берилганининг нишонаси бўлмиш саллани кўрсатди. Сафвон шундан кейингина Пайғамбар алайҳиссаломга учрашиб: «Умайр Расулуллоҳ сенга омонлик берди, деяпти, шу гап ростми?» деб сўради. «Ҳа рост» дедилар Пайғамбар алайҳиссалом. «Ундай бўлса, менга ўйлаб кўришга икки ой муҳлат бергин» дея илтимос қилди Сафвон. Пайғамбар алайҳиссалом унга тўрт ой муҳлат бердилар. Сафвон тўрт ойдан кейин келиб иймон келтирди ва Ислом учун астойдил хизмат қиладиган фидойи мусулмонлардан бирига айланди.

Утбанинг қизи Ҳинд ҳам яшириниб олган эди, бу уринишидан бирон натижа чиқмаслигига кўзи етгач, келиб Ислом динини қабул қилди. Пайғамбар алайҳиссалом унинг ҳурматини ўрнига қўйиб, ўринларидан туриб кутиб олдилар. «Эй Расулуллоҳ, — деди Ҳинд, — мен илгари сенинг халқинг мағлуб бўлишини истаган эдим, энди сенинг халқингга зафар ёр бўлишига тилакдошман».
11:25 / 13.04.2012
Аввалги мақола
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...