Макка фатҳ этилиб бутпарастлик тугатилгач, араблар гуруҳ-гуруҳ бўлиб Ислом динига кира бошладилар. Лекин бунинг аксича жаҳолати авж олиб, мусулмонларга қасдлашган одамлар ҳам талайгина эди. Ҳавозин билан Сақиф қабиласининг каттазанг оқсоқолларининг жоҳилият давридаги кўҳна такаббурлиги тутиб, мусулмонларга қай йўсин ўзларини танитиб қўйиш хусусида маслаҳат кенгашига йиғилишди. Қолаверса, уларда Муҳаммад ўз қавми билан урушишдан фориғ бўлди, энди бизга ҳужум қилади, деган хавотир ҳам йўқ эмасди. У уруш очишини кутмасдан биз қўққисдан бостириб борайлик, деган тўхтамга келишиб, Молик ибн Авф Насрийни ўзларига бош этиб сайлашди. Моликнинг атрофига турли қабилалардан жуда кўп одам тўпланди. Уларнинг орасида Расулуллоҳнинг сут онаси мансуб қавм бани Саъд аймоғи ҳам бор эди. Жасурлиги ва фаҳм-фаросати ўткирлиги билан шуҳрат қозонган Дурайд ибн Симма уларга қўшилиб келган эди. Бироқ у ёши ўтиб қолганлиги сабабли фақат маслаҳатгўйликдан бошқа ишга ярамасди.
Молик ибн Авф тўпланганларга бола-чақаси билан мол-мулкини бирга олиб юришни буюрди. Дурайд ажабланиб, бунинг сабабини сўради. «Агар бола-чақаси билан мол-мулки ёнида бўлса, одамлар уларни ҳимоя қилиш учун астойдил урушади», дея изоҳ берди Молик. Кекса жангчи афсус билан бош чайқаб: «Мағлуб бўлганларни орқага қочишдан ҳеч нарса тўсолмайди. Агар жангда ғалаба сенга юзланса, фақат қурол тутишга қодир эркакларгина кунингга ярайди. Мағлуб бўлсанг, бола-чақаларнинг уволига қоласан», деди. Молик унинг маслаҳатига қулоқ солмай, жангчиларнинг орқасига аёлларини саф-саф қилиб тизди, улардан кейин туяларни, сигирларни ва энг орқага қўйлар подасини қўйди.
Лашкарбошининг мўлжалича, бу усул жангчиларнинг орқага чекиниб жанг майдонидан қочиб кетишига имкон бермасди. Ҳавозин билан Сақиф қабилалари урушга тайёргарлик кўраётганидан хабар топган Пайғамбар алайҳиссалом уларга қарши отланишга қарор қилдилар ва ўн икки минг ғозий билан йўлга чиқдилар: уларнинг икки минги маккалик, қолганлари мадиналик саҳобалар эди. Маккаликлар ўлжа — ғанимат илинжида ғайратга миниб, топган от уловда, топмаган пою пиёда сафарга отланди. Уларнинг орасида аёллар, ҳатто Сафвон ибн Умайя, Суҳайл ибн Амр каби саксонта мушриклар ҳам бор эди.
Душман қароргоҳига яқинлашгач, Пайғамбар алайҳиссалом ғозийларни сафга турғиздилар. Муҳожирларнинг аъламини Али ибн Абу Толибга, Ҳазраж қабиласининг аъламини Ҳубоб ибн Мунзирга, Авс қабиласининг аъламини Усайд ибн Ҳузайрга тутқаздилар, бошқа қабилаларга ҳам ўз байроқларини бердилар. Шундан кейин устиларига икки қават совут, бошларига дубулға кийиб, хачирларига миндилар. Мусулмонлар ўзларининг кўшинидан ғурурланиб йўлга тушган эдилар. Бироқ уларнинг сони жонларига асқотмади, дараю жилғаларда, тепалигу адирларда пистирмада турган душман ёмғирдек ўқ ёғдирди. Саросимага тушиб қолган мусулмонларнинг олдинги сафидагилар отларининг бошини буриб қоча бошладилар. Нима гаплигини англаб етмаган орқа сафдагилар ҳам уларга эргашди. Пайғамбар алайҳиссалом хачирдан тушмай жанг майдонида туравердилар.
Муҳожирлар билан ансорларнинг бир қисми Расулуллоҳнинг ёнларидан жилишмади. Булар Абу Бакр, Умар, Али, Аббос ва унинг ўғли Фазл, Абу Суфён ибн Ҳорис билан унинг қариндоши Робиъа ибн Ҳорис, Мутъаб ибн Абу Лаҳаб эди. Аббос хачирнинг тизгинидан, Абу Суфён эгаридан ушлаб Пайғамбар алайҳиссаломни муҳофаза этишарди. Расулуллоҳ мусулмонларни қочмасликка ундасалар-да, ҳеч ким у кишининг гапларига қулоқ солмас, қочоқлар учун кенг олам тангу тор ўрага айланган эди. Ҳалигача бутпарастликдан воз кечмай эндигина мусулмончилик кўчасига қадам қўйган баъзи бир маккаликлар қувонса, айримлари қаттиқ изтироб чекишарди.
Абу Суфён ибн Ҳарб: «Улар энди то денгиз соҳилига етмагунча тўхташмайди», деди. Сафвон ибн Умайянинг укаси қувониб: «Мана, Муҳаммаднинг сеҳри барбод бўлди», деди. «Оғзингни юм, овозинг ўчгур! — дея ўдағайлади Сафвон. — Худо ҳақи, менга Ҳавозин қабиласидан биров бошлиқ бўлганидан кўра қурайшлик ҳукмронлик қилгани яхши эди. Сенлар ҳам одаммисан?» Қурайшликлардан бирови ўтиб кета туриб: «Хушхабар! Муҳаммад билан саҳобалари адойи тамом бўлишди! Энди улар мағлуб бўлиши муқаррар!» деди. «Сен ҳали бадавийларнинг ғалабасидан хушхабар етказгувчи хабарчимисан? — дея ўдағайлади Сафвон баттар зардаси қайнаб. − Бор йўқол, кўзимга кўринма». Икрима ибн Абу Жаҳл қурайшлик мушрикнинг йўлини тўсиб: «Мусулмонлар ўла қолса мағлубиятдан қутулолмайди, деяпсанми? Бу нарса сенинг илкингда тугул, хатто Муҳаммаднинг ҳам қўлида эмас, балки Аллоҳнинг ихтиёрида. Мусулмонлар бугун енгилса, эртага ғалаба қозониши муқаррар», деди. Суҳайл ибн Амр унга эътироз билдириб: «Эй Икрима, ҳукм чиқаришга шошилма, бу ишнинг оқибати нима бўлишини билмайсан-ку», деди. Икрима унинг фикрига қўшилмади. «Биз илгари нотўғри йўлда адашиб-улоқиб юрган, ақл-ҳушимизни ишлатмаган эдик. На фойдаси, на зарари бор бутларга чўқиниб ўзимизни лақиллатардик. Энди ҳам эсимизни йиғиб олмаймизми?» деди у қизишиб.
Ислом лашкарининг олдинги сафи тўзиб, мусулмонлар мағлуб бўлганлиги ҳақидаги хабар Маккага етиб борди. Жанг майдонидан қочганлар қочиб, қолганлар саросимада эди, бироқ Пайғамбар алайҳиссалом ҳамон жойларидан жилмай: «Мен Абдулмутталибнинг ўғлиман, Худонинг Пайғамбариман, ёлғончи эмасман», деб туравердилар. Мусулмонлар орасида Аббоснинг овози ўткир эди. Расулуллоҳ унга: «Ансорларни чақир!» деб буюрдилар. Аббос бор овози билан: «Эй ансорлар гуруҳи! Эй ризвон байъатига қатнашганлар!» деб қичқирди. Унинг овози водий бўйлаб гумбурлаб эшитилди. Ансорлар овоз келган томонга шошилиб туяларининг жиловини бўшатдилар, лекин палапартиш қочаётган аъробийлар уларнинг юришига ҳалал беришарди. Ансорлар шартта туяларидан тушиб совутларини елкаларига ташлаганча югуриб кетишди. Ҳаш-паш дегунча Пайғамбар алайҳиссаломнинг атрофига қиличу найза билан бир талай одам тўпланди. Аллоҳ таоло ўз Расули ва мусулмонларга ғайрат-шижоат бахш этди ҳамда кўкдан кўзга кўринмас жангчиларни ёрдамга туширди. Мусулмонлар ҳамжиҳатлик билан ҳужум қилиб, душманнинг сафини ёриб ўтди ва сира кутилмаганда шиддатли жанг бошланди. Таҳликага тушган ғаним бола-чақаю мол-ҳолига қарамай қоча бошлади. Мусулмонлар уларни қувлаб тутиб олишди, бир қисми қириб ташланди. Душманнинг бола-чақалари билан жангда қатнашган хизматчилари асир олинди, фақат бир қисмигина мусулмонлар таъқибидан қочиб қутилди. Бу ғазотда Холид ибн Валид оғир яраланди. Аллоҳнинг қилган илтифотидан қаттиқ таъсирланган мушрикларнинг бир қисми иймон келтириб, мусулмон бўлди.
Бу ғазотнинг ўзига хос бир жиҳати бор эди: қўшинга маккалик мушриклар, аъробийлар ҳамда эндигина мусулмон бўлганларнинг кўпчилиги аралашиб кетган эди. Шу боис Ислом вакилларининг ғалаба қозониши ёки мағлуб бўлиши улар учун барибир эди. Улар дасталбки зарбага учраган заҳоти ҳамма нарсадан воз кечиб, ўз жонларини асрашнинг ташвишига тушиб қолиши табиий бир ҳол эди. Агар Аллоҳ таолонинг марҳамати бўлмаса, мусулмонларнинг барча уринишлари зое кетиши ҳеч гап эмасди. Бу уруш қўшин дин учун кўксини қалқон қилиб, сабот билан курашадиган ва Аллоҳнинг ғазабига учрашдан қўрқиб, жанг майдонини ташлаб қочишдан уяладиган кишилардан ташкил топмоғи лозимлигини исботлади.
Жангдан кейин Пайғамбар алайҳиссалом қўлга тушган асир ва ғаниматларни йиғдирдилар. Қўлга киритилган йигирма тўрт минг туя, қирқ мингдан ортиқ қўй, тўрт минг уқия кумуш (бир уқия 4,37 грамм) Жиърона деган жойга тўпланди. Ҳунайнда мағлуб бўлган мушриклар учга бўлиниб, бир қисми Тоифга, бир қисми Нахлага, яна бир қисми Автосга қочиб кетди.