22 жумадул аввал 1446
Тоиф ғазоти

 

Сақиф ва Ҳавозин қабилаларидан қочганлар Тоиф шаҳрига бориб олишган эди. Пайғамбар алайҳиссалом уларга қарши отланган қўшинга Холид ибн Валидни саркарда этиб тайинладилар-да, ўзлари ҳам саҳобалар билан бирга йўлга чиқдилар. Йўлда кета туриб Авф ибн Молик Насрийнинг қалъасидан ўтаётганларида саҳобаларга уни бузиб ташлашни буюрдилар. Сақифлик бир кишининг боғи ёнидан ўтишаётганда боғбон мусулмонларга итоат этишдан бош тортиб яшириниб олди. Расулуллоҳ унга одам юбориб, агар яхшиликча чиқмаса, боғига ўт қўйиб юборилишини айттирдилар. Боғ эгаси бош тортгач, боққа ўт қўйиб юборилди.

Мусулмонлар кўзланган манзилга етиб келгач, ғанимларнинг бир йилга етадиган озиқ-овқатни ғамлаб, шаҳар қўрғонига яшириниб олишганини билишди. Мусулмонлар ўзлари учун қулай жойни топиб қўр ташлашди, лекин ҳали нафас ростлаб улгуришмай, шаҳар деворига чиқиб олган ғанимлар қаттиқ ўққа тутишди. Мусулмонлардан жуда кўп одам яраланди. Абдуллоҳ ибн Абу Бакрнинг жароҳати оғир бўлиб, энг омилкор табибларнинг муолажалари ҳам наф бермади, охири отаси халифалик тахтига ўтирганда шу жароҳат азобидан вафот этди. Абу Суфён ибн Ҳарбнинг бир кўзи оқиб тушди, икки киши шаҳид бўлди.

Пайғамбар алайҳиссалом душман ёмғирдек ўқ ёғдираётганини, ажал хавфи камайиш ўрнига баттар зўраяётганини кўргач, Тоифдаги ҳозирги масжид ўрнига рафиқалари Умму Салама билан Зайнаб учун иккита чодир тиктирдилар. Муҳосара ўн саккиз кун давом этди. Холид ибн Валид душманни муборазага (яккама-якка олишишга) чақирди. Лекин унинг таклифига ҳеч ким жавоб бермади, аксинча, ўқ ёмғири баттар кучайди. Сақиф қабиласининг оқсоқоли Абдуёлил эса саркардани мазах қилиб: «Эй Холид, хомтама бўлмай қўя қол, сенинг олдингга ҳеч ким чиқмайди, биз қалъада тинчгина ўтираверамиз. Бир неча йилга етадиган озиқ-овқатимизни ғамлаб олганмиз. То егулигимиз тугагунча муҳосара қилсанг, ихтиёринг. Ҳеч вақомиз қолмагандан кейин чиқиб сўнгги нафасимизгача олишиб ўламиз», деди.

Муҳосара чўзилиб кетгач, Пайғамбар алайҳиссалом манжаниқни ишга солишни буюрдилар: истеҳкомни портлатиш учун бир нечта саҳоба даббобалар ичига кирди, лекин душман мусулмонларнинг уринишини чиппакка чиқарди: тепадан қиздирилган темирларни ташлаб, ҳужум қилаётганларни орқага чекинтирди. Пайғамбар алайҳиссалом душманнинг ток ва хурмо дарахтларини кесиб ташлашни буюрдилар. Мусулмонлар шу заҳоти ишга тушиб кетишди. Қалъадагилар Расулуллоҳга мурожаат этиб: «Аллоҳнинг ва қариндош-уруғчиликнинг ҳаққи-ҳурмати, дов-дарахтларни кестирма», дея ёлборишди. Пайғамбар алайҳиссалом: «Майли, Аллоҳ билан қариндош-уруғчиликнинг ҳаққи-ҳурмати дарахтларни кестирмайман», дедилар ва ким қалъадан чиқса, омонлик берилишини, унинг жонига ҳам, мол-мулкига ҳам даҳл қилинмаслигини айтдилар.

Қўрғон деворидан ўнтача одам осилиб тушди. Яхши қуролланган душманнинг қаттиқ қаршилик кўрсатиши сабабли муҳосара узоққа чўзилиб кетиши мумкинлигидан ташвишланган Пайғамбар алайҳиссалом Навфал ибн Муовия Дайлини чақириб, қамални давом эттириш керакми ёки орқага қайтган маъқулми, дея маслаҳатлашдилар. Навфал: «Эй Расулуллоҳ, инига беркиниб олган тулкини пойлаб тураверсанг, охири тутиб оласан, борди-ю, ташлаб кетсанг, у сенга бирон зиён-заҳмат етказмайди», деди. Унинг гапи маъқул тушиб Расулуллоҳ қўшинни чекинтиришга буйруқ бердилар. Ажабланган баъзи саҳобалар сақифликларни дуоибад қилишни сўрашди. Лекин Сарвари олам Парвардигорга ёлбориб: «Эй Аллоҳ, Сақиф халқини ҳидоят қилгин, улар ҳам мусулмон бўлиб, ҳузуримга келишсин», дея яхши тилак тиладилар.

11:29 / 13.04.2012
Аввалги мақола
Қўшин юбориш
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...