Орадан ўн кун ўтгач Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига Ҳавозин қабиласининг элчилари ташриф буюришди. Улар асир олинган аёлларини озод этишни, акс ҳолда номусдан бош кўтариб юролмасликларини айтиб, тавалло қилишди. Зуҳайр Расулуллоҳга: «Уларнинг орасида сут оналаринг, аммаларинг, оқ ювиб, оқ тараган тарбиячиларинг бор», деди ва у Зоти муборакнинг кўнгилларини эритиш учун қуйидаги шеърни ўқиди:
Кечиргин, эй Расулуллоҳ, қилиб сен марҳамат бизга,
Кутармиз илтифотингни умидворлик билан ҳар дам.
Оқ сутини кўкка соғмаган оналарга қил шафқат,
Уларнинг меҳри-ла бўлдинг Аллоҳга суюмли, ҳамдам.
Айтажакмиз ташаккурлар сенинг бу илтифотинга,
Муҳр бўлиб босилгуси бир умрга унутилмай номинг ҳам.
Умидвормиз эришгаймиз сенинг шафқат, илтифотингга,
Қанча кўп авф этсанг, сенга шунча нусрат бўлур ҳамдам.
Сени оқ сут бериб боққан аёлларни кечиргайсан,
Расулнниг бағри кенг албат, саховати беадад ҳар дам.
Пайғамбар алайҳиссалом: «Мен рост гапни яхши кўраман, икки нарсадан бирини танланглар: ё бола-чақангизни, ё мол-ҳолингизни олиб кетасизлар. Йўлингизга кўз тикиб чарчадим, энди келмасангиз керак, деб ўйлаган эдим», дедилар. Элчилар бу гапдан қувониб кетишди. Биз учун зурриётларимиз ҳамма нарсадан аъло. Хотинларимиз билан болаларимизни қайтариб берсанг бўлгани, мол-мулкимиз ҳақида гаплашиб ҳам ўтирмаймиз. Бола-чақадан ҳам ортиқ давлат борми», дейишди улар.
Пайғамбар алайҳиссалом: «Ўзим билан Абдулмутталиб жамоаси қўлидаги асирларни қайтариб бераман. Пешин намозидан кейин халққа мусулмон бўлганингизни айтасизлар. Расулуллоҳ орқали мусулмонлардан, мусулмонлар орқали Расулуллоҳдан шафоат тилаймиз, деб диний қардош эканингизни эл-юртга билдирасизлар», дедилар. Элчилар у кишининг айтганларини бажо келтиришди. Пайғамбар алайҳиссалом ўз саҳобаларига юзланиб: «Диний қардошларингиз тавба қилиб келишибди, мен уларнинг бола-чақаларини қайтариб бермоқчиман. Истаган одам менга ўхшаб иш тутсин, истамаган одам эса асирнииг бадалига нарса олиб озод қилсин», дедилар. Муҳожирлар билан ансорлар баробарига: «Қўлимиздаги ҳамма асирларнинг ихтиёри Расулуллоҳда», дейишди. Фақат Ақраъ ибн Ҳобис, Уяйна ибн Ҳисн, Аббос ибн Мардос каби бир гуруҳ одам асирларни қайтариб беришдан бош тортди. Пайғамбар алайҳиссалом улардан асирларни қарзга олиб, эгаларига қайтардилар. Пайғамбар алайҳиссалом бу урушда Ҳаааавозин қабиласи билан бошқа мушриклар қўшинига саркардалик қилган Молик ибн Авф Насрийнинг оила аъзоларини Маккадаги аммалари Умму Абдуллоҳ ибн Абу Умайя билан бир жойга қамаб қўйишни буюрдилар. Элчилар: «Улар бизнинг каттамиз-ку», дейишган эди, Расулуллоҳ: «Менинг уларга ёмонлик қилиш ниятим йўқ», дедилар ва Моликнинг қаердалигини сўрадилар. Унинг Сақиф билан бирга қочиб кетганини айтишди. Пайғамбар алайҳиссалом: «Моликка айтинглар, агар у менинг ҳузуримга мусулмон бўлиб келса, хотин бола-чақасидан ташқари юзта туя ҳам бераман», дедилар. Бу гапдан хабар топган Молик қалъадан яширинча чиқди-да, Жиъронага келиб Расулуллоҳнинг ҳузурларида Ислом динига кирди. Пайғамбар алайҳиссалом уни Ҳавозин қабиласидаги иймон келтирган мусулмонларга бош қилиб тайинладилар.