Бир аъробий Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, иймон келтирди ва у Зотга эргашди. Сўнгра: «Сиз билан бирга ҳижрат қиламан», деди. У Зот саҳобаларидан бирига ҳалиги аъробийга қараб юришни тавсия қилдилар. Хайбар урушида тушган ўлжалар тақсим қилинганда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унга ҳам улуш ажратдилар. Аъробий лашкарнинг орқа томонини қўриқлашда иштирок этар эди. У лашкаргоҳга келганида одамлар унга ўлжадан ажратилган улушини бердилар. У: «Бу нима?» деди. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сенга тақсим қилган ўлжа», дейишди. У ўлжани кўтариб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борди ва: «Эй Аллоҳнинг Расули, бу нима?» деди. «Мен сенга тақсим қилган ўлжа», дедилар у Зот. «Мен сизга бунинг учун эргашганим йўқ. Мен сизга манави еримдан ўқ еб, ўлиб, жаннатга кириш учун эргашганман», деди томоғини кўрсатиб. «Агар Аллоҳга садоқатли бўлсанг, У Зот ҳам сенга садоқатли бўлур», дедилар у Зот. Сўнгра душманга қарши жанг қилиш учун турдилар. Жангдан сўнг унинг жасадини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кўтариб келдилар. У Зот: «Бу ўшами?» дедилар. «Ҳа», дейишди. «Аллоҳга садоқатли бўлган эди. У Зот ҳам унга садоқатли бўлди», дедилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ўз чопонлари ила кафанладилар ва олдиларига қўйиб, жанозасини ўқидилар. Сўнгра: «Аллоҳим! Мана бу Сенинг банданг, Сенинг йўлингда ҳижрат қилиб чиқди. Шаҳид бўлиб ўлди. Мен унга шоҳидман», деб дуо қилдилар.