Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бусродаги Рум томонидан тайинланган ҳоким Шуроҳбийл ибн Амр ал-Fассонийга Ҳорис ибн Умайр ал-Аздийни элчи қилиб юбордилар. У бўлса элчини ушлаб, боғлаб қўйди. Кейин бўйнидан чопиб, ўлдирди. Одатда элчига ўлим йўқ эди. Аммо насоролар ҳамма амал этадиган қоидага риоя қилмай, мусулмонларнинг элчисини ўлдирдилар. Бу ишни улар уруш чиқариш учун қилишган эди. Элчини ўлдириб қўйиб, яна аскар тўплашни давом эттирдилар. Румликлар ўзлари юз минг аксар йиғдилар. Уларнинг Шомдаги иттифоқдошлари ва насроний араб қабилалари ҳам юз минг аскар тўпладилар. Шу икки юз минг аскар билан улар мусулмонларни йўқ қилиб ташлашни қасд қилган эдилар. Саккизинчи ҳижрий сананинг Жумадул-ула ойи эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам румликларга қарши аскар юборишга қарор қилдилар. Уч минг кишилик лашкарга Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳуни амир этиб тайинладилар. У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг озод қилган қуллари эди. Лашкар ичида эса катта саҳобалар бор эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳуни амир этиб тайинлар эканлар: «Агар Зайдга бир гап бўлса, одамларга Жаъфар ибн Абу Толиб бош бўлар, агар Жаъфарга бир гап бўлса, Абдуллоҳ ибн Равоҳа», дедилар. Лашкар ўз вазифасини адо этиш учун йўлга тушаётганда одамлар чиқиб, уларни кузатиб қолдилар. Бу лашкар олдида узоқ ва машаққатли сафар ҳамда оғир жанглар турар эди. Олдинда уларни ўша пайтдаги энг кучли империянинг мададига суянган аёвсиз душман кутарди. Ислом лашкари машаққатли сафарни бошидан ўтказиб, Маъон номли жойга етиб борди. Ўша ерда уларга Рум ўзларига қарши юз минг аскар тўплаганлиги, уларга Лахм, Жузом, Балқийн, Баҳро, Балий ва бошқа араб қабилаларидан яна шунча адад қўшилганининг хабари етди. Мусулмонлар бу хабарни эшитганларидан кейин маслаҳат қилиб, «Маъон»да икки кун туриб қолдилар. Улар «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мактуб ёзиб, душманнинг адади ҳақида хабар берсак. У Зот ёки бизга янги кучлардан мадад юборсалар ёки бошқа бир амр берсалар, ўшани қилсак», деган фикрга бордилар. Икки кундан кейин Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳу кишиларни шижоатлантириб: «Эй қавм! Аллоҳга қасамки, сиз қўрқаётган нарса, ўзингиз талаб қилиб чиққан нарса шаҳидликдир. Биз одамларга қарши сон билан ёки кучу кўплик билан урушмаймиз. Биз фақатгина Аллоҳ бизни мукаррам килган ушбу дин билан урушамиз. Қани, жўнанглар! Икки яхшиликдан бири – зафар ёки шаҳидликдан бошқа нарса бўлмайди!» деди. Одамлар дадил туриб, йўлга тушдилар. Улар юриб бориб, Балқонинг Машориф деган қишлоғига етганларида румликлардан ва араблардан иборат душман аскарига йўлиқдилар. Душман яқинлашиб кела бошлади. Мусулмонлар ўзларини Мўъта деган қишлоқ томонга олдилар. Икки тараф ўша ерда тўқнашди ва шиддатли жанг бошланди. Мусулмонларнинг амири Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан берилган байроқни баланд кўтарган ҳолида душманга қарши баҳодирона жанг қилдилар. У киши жанг давомида шаҳид бўлдилар. Кейин байроқни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам тавсия қилганларидек, Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу олдилар. У киши ҳам ҳаммага ўрнак бўлиб, жанг қилдилар. Жаъфар розияллоҳу анҳунинг отлари йиқилиб тушган эди, отни сўйиб юбориб, пиёда юриб, жанг қилдилар. Урушда у кишининг ўнг қўллари кесилиб кетди. Шунда у киши байроқни чап қўллари билан кўтардилар. Чап қўллари ҳам кесилган эди, байроқни икки кесилган қўлларининг қолган қисми билан кўтардилар. Охири шаҳид бўлдилар. Ўшанда Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ўттиз уч ёшда эдилар. Мусулмонлар мазкур шаҳиди аълонинг танаси – кўксидан душман қиличи ва найзаларидан етган тўқсонта жароҳатни топдилар. Ўйлаб кўринг-а, ўттиз уч ёшли йигит кўкрагининг ўзида тўқсонта жароҳат! Ҳа, жаннат иштиёқида ёнган йигитларнинг йигити, паҳлавонларнинг паҳлавони, баҳодирларнинг баҳодири ана шундай тарзда шаҳид бўлди. У душманнинг кўплигидан ҳам, кучлилигидан ҳам тап тортмай, жанг қилиб, ўзининг олий мақсади – шаҳидликка эришди. У дунёнинг нозу неъматларига ҳам, зебу зийнатларига ҳам заррача қизиқмай, ўзининг олий мақсадига эришди. Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу шаҳид бўлганларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тавсия қилганларидек, байроқни Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳу олиб, олға ташландилар. У киши отларидан тушиб, байроқни кўтарган ҳолда жанг қила бошладилар. Амакиваччалари у кишининг ёнларига келиб, озгина гўшти бор бир суякни узатиб: «Бир оз тамадди қилиб ол! Шу кунларда кўп чарчадинг», деди. У киши гўштдан бир тишладилар. Аммо уни дароҳол ташлаб юбордилар-да, туриб, қилични олиб, яна жангга кирдилар. Душман томонга шердек ташландилар. Вақти соати етиб, Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳу ҳам шаҳидлар сафига қўшилдилар.