Робиъул-аввал ойининг 2-куни
Ҳижрий 897-йил 2-робиъул-аввал куни (милодий 1492-йил 2-январ) мусулмонларнинг охирги қалъаси бўлган Гранада (Ғарната) насронийлар қўлида яксон қилинди.Ҳижрий 1367-йил 2- робиъул-аввал куни (милодий 1948-йил 18-январ) Муҳаммад Маъмун Шановий Азҳар университети шайхи деб сайланди. У киши Азҳар университети шайхлари силсиласининг 32-вакили ҳисобланади.

Ўша кунлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Лот, Манот ва Уззо каби мушрикларнинг бутларига жангчи гуруҳларни юбориб, уларнинг ҳаммасини буздириб юбордилар. Макка кўчаларида жарчи юриб: «Ким Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирган бўлса, уйида ҳеч бир бутни қўймай, синдирсин!» деб жар солди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам турли қабилаларга ҳам одам юбориб, бутларини буздириб ташладилар. Жумладан, у Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳуни мушрикларнинг «Зул-хасла» номли ибодатхонасини бузишга юбордилар. У киши аҳмаслик юз эллик отлиқ билан бориб, уни бузиб ташладилар. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, хабарни етказдилар. У Зот у кишининг ва аҳмасликларнинг ҳаққига дуо қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккада ўн тўққиз кун турдилар. Кейин Мадинаи Мунавварага қайтишга тайёргарликни бошладилар.