22 жумадул аввал 1446
Учликнинг тавбаси қабул

Бу уч кишининг қиссаси ҳамма тарих китобларимизда, тафсир ва ҳадис китобларимизда ривоят қилинган. Деярли ҳаммалари қисса тафсилотларини мазкур уч кишидан энг машҳурлари Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар. Қиссанинг хулосаси қуйидагича. Каъб ибн Молик бундай ҳикоя қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилган ғазотлардан бирортасидан ҳам қолмаган эдим. Фақат Табук ғазотида иштирок этмадим. Яна айтиш керакки, Бадр ғазотига ҳам чиқмаган эдим. Аммо Бадрга чиқмаганлардан бирор киши итоб қилинмаган. Ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мусулмонлар Қурайшдан бошқани кўзлаб чиққан эдилар-у, лекин кутилмаганда Аллоҳ улар билан душманни тўқнаштирди. Ақаба кечасида Ислом учун аҳдлашилганда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдик. Гарчи Бадр одамлар ичида кўп зикр қилинадиган ва машҳурроқ бўлса ҳам, мен бу ишни Бадрга алмаштирмайман. Аммо Табук урушига келсак, мен ўша ғазотдан ортда қолган чоғимдагидек кучли ва имкониятли бўлмаганман. Аллоҳга қасамки, ўша ғазотгача ҳеч қачон иккита уловим бўлган эмас. Ўшанда иккита уловим бор эди. Одатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор ғазотга борадиган бўлсалар, сиртдан бошқа томонга кетаётган қилиб кўрсатар эдилар. Лекин бу сафар ундай қилмадилар. Fазотга қаттиқ иссиқ пайтида чиқдилар. Сафар узоқ, душман кўп эди. Мусулмонлар тўлиқ тайёр бўлишлари учун ҳамма нарсани очиқ-ойдин қилдилар. Қаёққа кетаётганларини ҳам очиқ айтдилар. Мусулмонлар кўп эди. Уларни ҳеч ким рўйхатга ҳам олмас эди. Агар бирор одам бормай қолмоқчи бўлса, Аллоҳдан ваҳий тушмаса, ҳеч ким билмай, махфий қолиб кетадиган даражада эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ғазотга чиққанларида роса мева пишган, одам салқин жойларни хоҳлайдиган пайт эди. Мен ўшандай нарсаларни яхши кўрардим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у киши билан бирга мусулмонлар ғазотга тайёргарлик кўра бошладилар. Мен ҳам улар билан тайёргарлик кўрмоқчи бўлар эдим, аммо ҳеч нарса қилмасдим. Ўзимга ўзим «Агар хоҳласам, бирпасда қиламан», дер эдим. Расулуллоҳ ва мусулмонлар йўлга тушганларида ҳам мен қимирламадим. Улар кетганларидан сўнг ҳам мен иккиланардим. Орқаларидан етиб оларман, дер эдим. Кошки, шундай қилган бўлсам. Бироқ бу менга насиб этмади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг изларидан одамларнинг орасига борсам, ўзимга ўзим мунофиқ ёки узрли одамга ўхшаб кўринавердим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Табукка етиб боргунларича мени ёдга олмадилар. Табукда одамлар ичида ўтирганларида: «Каъб ибн Молик нима қилди?» дедилар. Бану Салама қабиласидан бир киши: «Эй Аллоҳнинг Расули, у икки чопонига ва ёнбошига маҳлиё бўлиб қолди», деди. Шунда Муъоз ибн Жабал ҳалиги одамга: «Яхши гап айтмадинг, – деди ва: – Эй Аллоҳнинг Расули, унинг фақат яхшилигини биламиз, холос», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам индамадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Табукдан қайтиб келаётганларининг хабарини эшитгач, мени ғам босди. Ёлғон гапиришни ўйлай бошладим. «Эртага у кишининг ғазабидан қандай қутуламан», дер эдим. Ҳар бир фикрли одамнинг олдига бориб, бу ҳақда маслаҳат сўрар эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам етиб келдилар. Сафардан қайтганда қиладиган одатлари бўйича, биринчи масжидга кирдилар, икки ракъат намоз ўқидилар. Сўнгра ўтириб, одамлар билан сўрашишни бошладилар. Fазотга бормай қолганлар келиб, у кишига узр айтиб, қасам ича бошладилар. Саксондан кўпроқ одам эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг сиртдан айтган узрларини, байъатларини қабул қилдилар, улар учун истиғфор айтдилар ва ичларидагини Аллоҳга ҳавола этдилар. Навбат менга келди. У кишига салом берган эдим, заҳарханда жилмайдилар ва: «Бу ёққа кел!» дедилар. Юриб бориб, олдиларига ўтирдим. У киши менга: «Сени нима олиб қолди? Улов сотиб олган эдинг-ку?» дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга қасамки, агар сиздан бошқа бирорта аҳли дунёнинг қаршисида ўтирганимда, узр айтиб, унинг ғазабидан қутулиб кетар эдим. Худо менга тортишиш қобилиятини берган. Лекин Аллоҳга қасамки, агар бугун ёлғон гапириб, сизни рози қилсам, албатта, Аллоҳ мени сизнинг ғазабингизга дучор этади. Агар ростини айтсам, мендан хафа бўласиз. Нима бўлса ҳам Аллоҳдан кўрдим. Аллоҳга қасамки, менинг узрим йўқ эди. Аллоҳга қасамки, сиздан ортда қолган чоғимдагидек, ҳеч қачон кучли ва имкониятли бўлмаган эдим», дедим. Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Аммо мана бу рост гапирди. Тур, Аллоҳ сен ҳақингда ҳукм қилгунича кут», дедилар. Туриб кетдим. Бану Салама қабиласи одамлари шошиб, ортимдан етиб келдилар ва: «Аллоҳга қасамки, бундан олдин ҳеч гуноҳ қилганингни билмаган эдик. Бошқа ортда қолганлар каби узр айтишдан ҳам ожиз бўлдинг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гуноҳинг учун истиғфор айтсалар, кифоя қилар эди», дейишди. Аллоҳга қасамки, улар мени шунчалик айблашдики, ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, ўзимни ёлғончи қилсаммикан, деб ҳам қолдим. Сўнгра уларга: «Бирорта одам менга ўхшаган гап айтдими?» дедим. «Ҳа. Яна икки киши сен айтган гапларни айтди ва уларга ҳам сенга айтилган гаплар айтилди», дедилар. «Улар кимлар?» дедим. «Мурора ибн Робийъ ва Ҳилол ибн Умайя ал-Воқифий», дейишди. Менга Бадрда иштирок этган икки аҳли солиҳ, ҳаммага ўрнак қилиб кўрсатиладиган кишиларни зикр қилишди. Икковларини айтишгандан сўнг йўлимда кетавердим. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ортда қолганлардан биз – учовимизга одамларнинг гапиришини ман қилдилар. Одамлар биздан четландилар. Ҳатто менга ер ҳам ўзини олиб қочаётгандек кўриниб қолди. Ер мен танийдиган ерга ўхшамас эди. Шу ҳолда эллик кун ўтди. Иккала шеригим уйларидан чиқмай ўтирар эдилар. Мен уларнинг ичида кучли ва қувватлиси эдим. Бориб, мусулмонлар билан бирга намоз ўқир эдим, бозорларни айланардим. Аммо менга ҳеч ким гапирмас эди. Намоз ўқиб бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўтирган жойларига келиб, у Зотга салом берар эдим. Ўзимча «Алик олиб, лабларини қимирлатдиларми ёки йўқми?» дер эдим. Имкон борича, у зотга яқин жойда намоз ўқир ва ўғринча назар солар эдим. Намоз ўқисам, менга қарар, у зотга қарасам, кўзларини олиб қочар эдилар. Мусулмонларнинг мендан ўзларини олиб қочишлари чўзилиб кетгандан сўнг амакиваччам ва энг севган одамим – Абу Қатоданинг уйига бордим. Унга салом берган эдим, алик олмади. Унга: «Эй Абу Қатода, Аллоҳ ҳаққи, айт-чи, менинг Аллоҳни ва Расулини севишимни биласанми?» дедим. У индамади. Унга яна ўша гапларимни такрорладим. У индамади. Яна қайтадан мурожаат қилдим. «Аллоҳ ва Расули билади», деди. Икки кўзимдан ёш қуйилиб, ортимга қайтдим. Бир куни Мадинанинг бозорида юрсам, таом сотиш учун келган кишилардан бири одамларга: «Ким менга Каъб ибн Моликни кўрсатиб қўяди?» демоқда. Одамлар унга мени ишора билан кўрсата бошлашди. У олдимга келиб, Fассон подшоҳининг мактубини берди. Мен ўқиш, ёзишни билар эдим. Очиб ўқисам, «Бизга соҳибингнинг сенга жафо қилгани хабари етиб келди. Аллоҳ сени хорлик ва зоелик диёрида қўймасин. Бизнинг ҳузуримизга кел, сенга яхшилик қиламиз», деб ёзилган эди. Мактубни ўқиб бўлиб, «Бу ҳам бир бало – синов», дедим ва уни олиб бориб, тандирга солдим. Эллик кундан қирқ кун ўтгандан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вакили келиб: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сенга хотинингдан четда бўлишни амр қилдилар», деди. «Талоқ қилайми, нима қилай?» дедим. «Йўқ, ундан четда бўл, яқинлашма», деди. Икки шеригимга ҳам худди шундай амр бўлди. Мен хотинимга: «То Аллоҳ бу ишда ўз ҳукмини чиқаргунча қариндошларингникига бориб тур», дедим. Ҳилол ибн Умайянинг хотини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули! Ҳилол қартайиб қолган чол. Унинг хизматчиси йўқ. Унга хизмат қилиб турсам, сизга ёқмайдими?» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ. Лекин сенга яқинлашмасин», дедилар. «Аллоҳга қасамки, унинг бу нарсага ҳаракати йўқ ва Аллоҳга қасамки, сизнинг амрингиз бўлган кундан буён йиғлайди», деди. Баъзи қариндошларим: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан хотининг ҳақида изн сўрасанг-чи, Ҳилол ибн Умайянинг хотинига унинг хизматини қилишга изн бердилар», дейишди. «Аллоҳга қасамки, мен у ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан изн сўрамайман, изн сўрасам, нима дейишларини ҳам билмайман. Ёш одам бўлсам», дедим. Яна ўн кун ўтказдик. Бизга гапириш ман қилинганига эллик кун тўлди. Эллигинчи кеча Бомдод намозини уйларимиздан бирининг устида ўқидим. Аллоҳ бизни зикр қилганидек, ўзимча юрагим сиқилиб, кенг ер кўзимга тор кўриниб ўтирган эдим, Салъ тоғи устидан бир одамнинг баланд овоз билан: «Эй Каъб ибн Молик! Хушнуд бўлавер!» деб қичқираётганини эшитдим ва дарҳол саждага йиқилдим. Кушойиш келганини билдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бомдод намозини ўқиганларидан кейин Аллоҳ бизнинг тавбамизни қабул этганини эълон қилдилар. Одамлар бизга хушхабар келтира бошладилар. Шерикларим томон ҳам хушхабарчилар кетди. Бир одам мен томон от чоптирган, бири пиёда югурган эди. Пиёда келаётган ёки йўлга тушган одам тоққа чиқиб бақирди. Унинг овози менга отдан олдин етиб келди. Мен овозини эшитган одам олдимга етиб келгач, кийимимни ечиб, суюнчисига унга кийдирдим. Аллоҳга қасамки, ўша вақтда ўзи бошқа нарсам ҳам йўқ эди. Бировдан қарзга кийим олиб, кийдим-да, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томон югурдим. Одамлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб, тавбам қабул бўлгани билан табриклашар ва: «Аллоҳ сенинг тавбангни қабул этгани муборак бўлсин!» дейишар эди. Масжидга кирсам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтирибдилар, атрофларида одамлар. Толҳа ибн Убайдуллоҳ туриб, шошилиб келиб, қўлимни олди ва табриклади. Аллоҳга қасамки, муҳожирлардан ундан бошқа турмади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салом берган эдим, у киши хурсандликдан юзлари чарақлаб: «Онанг сени туққанидан буён қувончли кунингнинг хурсандчилигини қилавер», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, сиз тарафингизданми ёки Аллоҳ тарафиданми?» дедим. «Йўқ! Аллоҳ томонидан», дедилар у Зот. Одатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хурсанд бўлсалар, юзлари худди ойнинг парчасидек нурли бўлиб кетар эди. Биз буни яхши билар эдик. У кишининг олдиларига ўтирганимдан сўнг: «Эй Аллоҳнинг Расули! Тавбам учун молимдан Аллоҳ ва Унинг Расулига садақа чиқарсам», дедим. «Молингдан баъзисини ўзинг учун олиб қолганинг ўзингга яхши», дедилар у зот. «Хайбардан теккан улушимни олиб қоламан, эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ менга ростгўйлик туфайли нажот берди. Модомики, боқий эканман, рост сўзламоғим ҳам тавбамдандир», дедим. Аллоҳга қасамки, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўшани айтганимдан буён одамларнинг ичида Аллоҳ тўғрисўзликда мени синагандек синаган бирон кишини билмайман. Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўша гапни гапирганимдан ҳозирги кунгача ҳеч ёлғон сўзламадим. Бундан буён ҳам мени Аллоҳнинг Ўзи муҳофаза қилишига умид қиламан. Сўнг Аллоҳ таоло: «Ортда қолдирилган уч кишининг ҳам. Ниҳоят, уларга кенг ер тор бўлиб, юраклари сиқилиб, Аллоҳдан Унинг Ўзидан бошқа бошпана йўқлигига тўла ишонганларида бутунлай қайтишлари учун (Аллоҳ) тавбаларини қабул қилди. Албатта, Аллоҳ Ўзи Таввоб ва Роҳиймдир» оятини нозил қилди («Тавба» сураси, 118-оят). Бу ояти карима ҳамда баён қилинган қиссада олам-олам маъно ва ибрат бор. Баъзи уламоларимиз улар ҳақида батафсил гапириб ўтганлар. Агар ҳозирги мусулмонларда Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳунинг садоқати ва дину диёнат йўлидаги сафарбарликдан четда қолиш сабабидан хижолат бўлишининг миллиондан бир бўлаги бўлганда эди, дунё тамоман бошқача бўлган бўлар эди. Табук ғазоти Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидаги охирги ғазот эди. Ундан кейин у Зотнинг ҳаётларининг охиригача ғазот бўлмади.

15:25 / 26.06.2020
Аввалги мақола
Масжидул Зирор
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...