Робиъул-аввал ойининг 2-куни
Ҳижрий 897-йил 2-робиъул-аввал куни (милодий 1492-йил 2-январ) мусулмонларнинг охирги қалъаси бўлган Гранада (Ғарната) насронийлар қўлида яксон қилинди.Ҳижрий 1367-йил 2- робиъул-аввал куни (милодий 1948-йил 18-январ) Муҳаммад Маъмун Шановий Азҳар университети шайхи деб сайланди. У киши Азҳар университети шайхлари силсиласининг 32-вакили ҳисобланади.

Бани Омир қабиласи элчилари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Сиз бизнинг саййидимизсиз» деган эдилар, у зот: «Саййид Аллоҳдир» дедилар. Бу ҳайъатнинг аъзолари мусулмон бўлган ҳолларида келган эдилар. Аммо уларнинг ичида Омир ибн Туфайл исмли хиёнатчи номард ҳам бор эди. У ўзининг Арбад исмли шериги билан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни ўлдирмоқчи эди. Омир Арбадга «Мен Муҳаммадни гапга солиб тураман, сен уни қилич билан чопасан», деган эди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни гапга солиб турди. Аммо шериги келишилган ишни уддалай олмади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларидан чиқишганидан кейин икковлари тортиша кетдилар. «Нимага келишилган ишни қилмадинг?» деди Омир. «Унга энди қилич ураман десам, орага сен кириб қолавердинг», деди Арбад. Ана шундай қилиб, Аллоҳ таоло ўз Пайғамбарини ёмонларнинг ёмонлигидан сақлаб қолди. Омир ҳам, Арбад ҳам мақсадларига етолмай, ўлат касали тегиб, ҳалок бўлишди.