22 жумадул аввал 1446
Видолашув ҳажи

Ўнинчи ҳижрий санада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг Исломдаги биринчи ва охирги ҳажларини қилдилар. У Зот бу ҳаждаги хатти-ҳаракатлари ва айтган сўзлари билан бу ҳаж видолашув ҳажи эканлигини билдирдилар. Шунинг учун ҳам ушбу ҳаж тарихда «видолашув ҳажи» номи билан қолган. Ишончли ровийлар видолашув ҳажининг тафсилотларини аниқлик билан ривоят қилганлар. Бу ҳаж Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йўлга отланганларидан бошлаб, то қайтиб келгунларича барчанинг диққат-эътиборида бўлган. Ундаги ҳар бир ҳаракат, ҳар бир сўз саҳобалар томонидан зийраклик билан ўрганилган, ёд олинган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга видолашув ҳажида юз минг киши иштирок этган. Бу ўша вақтлар ўлчовида мисли кўрилмаган иш эди. Ана шу одамларнинг ҳаммаси мазкур тарихий воқеанинг жонли гувоҳи бўлганлар. Биз видолашув ҳажи борасидаги ривоятлар ичидан Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг ривоятларини ихтиёр қилдик. У киши видолашув ҳажида бориб келгунча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туяларини етакловчи бўлганлар. Шунинг учун ҳам ҳар бир нарсани тартиб билан ёдлаб олганлар ва айтиб берганлар. Ушбу ҳадис Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳажларини тўлиқ васф қилувчи ҳадисдир. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ўзларидан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳажлари ҳақида гапириб беришларини сўрашганида унга жавобан тўққизта бармоқларини юмиб кўрсатиб туриб, қуйидагиларни айтганлар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тўққиз йил ҳаж қилмай турдилар. Сўнгра ўнинчи йили одамлар ичида «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаж қилурлар», деб эълон қилдирдилар. Мадинага жуда кўп одамлар етиб келдилар. Уларнинг барчаси Расулуллоҳ алайҳиссаломга иқтидо қилишни, у Зотнинг амалларига ўхшаш амал қилишни хоҳлар эдилар. Бас, у Зот билан чиқиб, Зул-Ҳулайфага етиб келдик. Шу ерда Асмо бинту Умайс Муҳаммад ибн Абу Бакрни туғди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга «Қандай қилай?» деб одам юборди. У Зот: «Fусл қилиб, қонни тўсувчи мато қўйиб олиб, эҳромга киравер», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда намоз ўқидилар. Сўнг Қасвога миндилар. Туялари Байдога тенглашганда қарасам, у Зотнинг олдиларида кўз етмайдиган даражада уловли ва пиёда одамлар кетмоқда. Ўнг томонларида ҳам худди шундай. Чап томонларида ҳам худди шундай. Орқа томонларида ҳам худди шундай. Расулуллоҳ алайҳиссалом орамизда кетмоқдалар. У Зотга Қуръон нозил бўлиб турибди. У Зот унинг таъвилини билиб турибдилар. У Зот нима амал қилсалар, биз ҳам қилиб турибмиз. Бас, у Зот: «Лаббайкаллоҳумма лаббайк! Лаббайка лаа шарийка лака лаббайк! Иннал ҳамда ван-ниъмата лака вал мулк, лаа шарийка лак», деб тавҳид талбиясини айтдилар. Одамлар ҳам мана шу, ўзлари айтиб юрган талбияни айтдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан бирор нарсани рад қилмадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам талбияларида давом этдилар». Жобир розияллоҳу анҳу сўзида давом этиб, яна қуйидагиларни айтди: «Ҳаждан бошқа нарсани ният қилмаган эдик. Умрани билмас эдик. Токи у Зот билан байтга етиб борганимизда рукнни истилом қилдилар. Уч марта рамл, тўрт марта юриш билан тавоф қилдилар. Сўнгра Иброҳим алайҳиссаломнинг мақомларига бордилар. «Ва Иброҳимнинг мақомини намозгоҳ тутинг»ни қироат қилдилар. Кейин мақомни ўзлари билан Байтнинг орасида қилдилар. Икки ракъатда «Қул йаа айюҳал кафируун» билан «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни қироат қилдилар. Сўнгра рукнга қайтиб бориб, уни истилом қилдилар. Кейин эшикдан Сафога чиқдилар. Сафога яқинлашган вақтларида «Албатта, Сафо ва Марва Аллоҳнинг белгиларидандир»ни қироат қилдилар. «Аллоҳ бошлаган нарсадан бошланглар», дедилар. Сўнгра Сафодан бошладилар. Унинг устига Байтни кўрадиган бўлиб чиқдилар. Аллоҳга тавҳид ва такбир айтдилар ва: «Лаа илааҳа иллаллоҳу, ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳ. Лаҳул мулку ва лаҳул ҳамд. Ва ҳува ъалаа кулли шайъин қодийр. Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу, анжаза ваъдаҳу ва насоро ъабдаҳу ва ҳазамал аҳзааба ваҳдаҳ», дедилар. Шу орада дуо ҳам қилдилар. Ушбу нарсани уч марта айтдилар. Кейин Марва томон юриб кетдилар. Қадамлари водийга тегиши билан тезлаб, шаҳдам саъйи қилдилар. Водийдан чиқиб оддий юриш қилдилар. Марвага келганларида Сафода қилганларидек қилдилар. Тавофлари охирига етиб, Марвада турганларида: «Агар ишни қайта бошлаганимда, орқага қайтмас эдим. Қурбонлик ҳайдаб келмас эдим. Умрани ният қилар эдим. Сизлардан кимнинг атаган қурбонлиги бўлмаса, қилганини умрага айлантирсин», дедилар. Суроқа ибн Молик: «Эй Аллоҳнинг Расули, ушбу йилимизгами ёки абадийликками?» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бармоқларини бир-бирининг ичига киритиб туриб, «Умра ҳажнинг ичига кирди», деб икки марта айтдилар ва: «Йўқ! Абадийга! Абадийга!» дедилар. Али Ямандан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туяларини олиб келганда Фотима розияллоҳу анҳонинг эҳромдан чиқиб, сурма қўйиб олганини кўриб, инкор қилди. Шунда у: «Отам менга шуни амр қилдилар», деди. Али Ироқда юрганида: «Ўшанда Фотиманинг қилган ишидан аччиқланиб, у берган хабар ҳақида сўрагани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бордим. Мен унинг ишини инкор қилганим ҳақида хабар бердим. Бас, у Зот: «Рост айтибди. Рост айтибди. Ҳажни ният қилганингда нима деган эдинг?» дедилар. «Аллоҳим! Расулинг нимани ният қилган бўлса, ўшани ният қилдим», деб айтдим», дедим. «Менинг атаган қурбонликларим бор. Эҳромдан чиқма», дедилар у Зот. Али Ямандан олиб келган қурбонликлар билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари ила олиб келган қурбонликлар жами бўлиб юзта эди. Одамларнинг ҳаммалари эҳромдан чиқиб, сочларини қисқартирдилар. Фақат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва қурбонлиги борлар бундай қилмадилар. Таврия куни у Зот Минога юзландилар ва ҳажни ният қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (уловга) миниб, жўнадилар. У ерда Пешин, Аср, Шом, Хуфтон ва Бомдодни ўқидилар. Сўнгра қуёш чиққунча бир оз кутиб турдилар. Кейин жундан бўлган қуббаларини Намирага тикишга амр қилдилар. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юриб кетдилар. Қурайшликлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳам жоҳилият вақтида Қурайш турганидек, Машъарул Ҳаромда Вуқуф қилишларига ҳеч шубҳа қилмас эдилар. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтиб кетдилар ва Арафотга етиб бордилар. Қуббаларининг Намирага тикиб қўйилганини кўриб, ўша ерга тушдилар. Қуёш (қиёмдан) оққанда у Зот Қасвони олиб келишга амр қилдилар. Унга миниб, водийнинг ўртасига бордилар. Бас, одамларга хутба қилдилар: «Албатта, қонларингиз ва молларингиз ушбу ойингиз, ушбу юртингиз ва ушбу кунингиз ҳурматидек ҳаромдир. Огоҳ бўлинглар! Жоҳилиятнинг ишларида ҳар бир нарса менинг оёғим остига тўшалгандир. Жоҳилиятдаги қонлар қиймати ҳам тушди. Қонларимиздан биринчи бўлиб (қийматини) туширадиганим Робиъа ибн Ҳориснинг қонидир. Бани Саъдга эмизиш учун берилган эди. Уни Ҳузайл (қабиласи) қатл қилди. Жоҳилият рибосининг (қиймати) ҳам туширилгандир. Риболаримиздан биринчи бўлиб (қийматини) туширадиганим Аббос ибн Абдулмутталибнинг рибосидир. Бас, унинг ҳаммаси туширилгандир. Бас, аёллар ҳақида Аллоҳдан қўрқинглар! Чунки сиз уларни Аллоҳнинг омонати ила олгансизлар. Уларнинг фаржларини Аллоҳнинг калимаси ила ҳалол қилиб олгансизлар. Сизлар учун уларнинг зиммасида сиз ёмон кўрган бирор кишига тўшакларингизни бостирмаслик мажбурияти бор. Агар ўшани қилсалар, уларни ачитмайдиган қилиб уринглар. Улар учун сизнинг зиммангизда маъруф йўл билан ризқлари ва кийимлари мажбурияти бор. Батаҳқиқ, мен сизларга маҳкам ушласангиз, ундан сўнг ҳеч ҳам залолатга кетмайдиган нарсани – Аллоҳнинг Китобини қолдирдим. Сизлар мен ҳақимда сўралурсизлар. Хўш, нима дейсизлар?» дедилар. «Албатта, етказганингизга, адо этганингизга ва насиҳат қилганингизга гувоҳлик берамиз», дейишди. Шунда у Зот кўрсаткич бармоқларини осмонга кўтариб, кейин одамларга қаратиб тушириб туриб: «Аллоҳим! Ўзинг гувоҳ бўл!» деб уч марта айтдилар. Сўнгра азон ва иқома айтдириб, Пешинни ўқидилар. Кейин яна иқома айтдириб, Асрни ўқидилар. Иккисининг орасида ҳеч нарса ўқимадилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (улов) миниб, мавқифга бордилар. Туялари Қасвонинг қорнини тошларга қилдилар. Пиёдалар қаршиларида бўлиб қолди. У Зот қиблага қараб турдилар. Шу туришларида қуёш ботгунча турдилар. Кейин Усомани орқаларига мингаштириб, қайтишни бошладилар. У Зот Қасвонинг жиловини қаттиқ тортганларидан унинг боши эгарнинг қошига тегай деб қолди. У Зот ўнг қўллари билан ишора қилиб: «Эй одамлар! Сокин бўлинглар! Сокин бўлинглар!» дер эдилар. Қачон қум тепачалардан бирига келганда туя унга чиқиб олиши учун жиловни бир оз бўшатар эдилар. Муздалифага етиб келганларидан кейин Шом ва Хуфтонни бир азон икки иқома билан ўқидилар. Икковлари орасида ҳеч нарса ўқимадилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тонг отгунча ёнбошладилар. Ўзларига субҳ аён бўлганида азон ва иқома билан Бомдодни ўқидилар. Кейин Қасвога миниб, Машъарул Ҳаромга келдилар. Қиблага қараб дуо қилдилар, такбир, таҳлил ва тавҳид сўзлари айтдилар. Тонг жуда ҳам ёришгунча шу ҳолда турдилар. Бас, қуёш чиқмасдан олдин жўнадилар. У Зот Фазл ибн Аббосни мингаштириб олдилар. У гўзал сочли, оппоқ ва чиройли одам эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам отланганларида аёллар (ҳавдажда) тезлаб ўтиб қолдилар. Фазл уларга назар сола бошлади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларини Фазлнинг юзига қўйдилар ва унинг назар солиб турган юзини бошқа томонга бурдилар. У Зот Ботну Муҳоссирга келганларида бир оз тезладилар. Сўнгра Жамратул Куброга чиқадиган ўрта йўлга тушдилар. Дарахт олдидаги Жамрага келиб, еттита тошни ҳар бирини отганда такбир айтиб отдилар. Кейин бурилиб, қурбонлик сўядиган жойга бордилар. Бас, олтмиш учта (қурбонлик)ни қўллари билан сўйдилар. Қолганларини Али сўйди. У Зот уни қурбонликларига шерик қилдилар. Сўнгра амр қилиб, ҳар бир туядан бир оздан гўшт олдириб, қозонга солдириб, пиширтирдилар. Икковлари ундан еб, шўрвасидан ичдилар. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (уловга) миниб, ифоза (тавоф) қилдилар. Маккада Пешинни ўқидилар. Замзам тарқатаётган Бани Абдулмуттолибларнинг олдига келиб: «Тортинглар! Эй бани Абдулмуттолиблар! Агар одамлар сизнинг сувчилигингизга ғолиб келиб кетиши бўлмаганида, мен ҳам сиз билан сув тортар эдим», дедилар. Улар бир пақирда сув узатишди. У Зот ундан ичдилар». Имом Муслим ва Абу Довуд ривоят қилишган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳажни тамом қилганларидан кейин Мадинаи Мунавварага қараб йўл олдилар.

15:20 / 18.04.2012
Аввалги мақола
Нажрон элчилари
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...